Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«ҲОРМАНГ, ПАХТАКОРЛАР!»

16 Окт 2018

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва ҳудудий ташкилотлари пахта мавсумида ҳашарчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида ана шу шиор остида ранг-баранг тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги Дўстлик фермерлар уюшмасида бўлиб ўтди. Партия Марказий Кенгаши, вилоят, туман Кенгашлари депутатлари ҳамда партия фаоллари ҳашарга чиқишди.

— Жорий йил Чиноз туманида 6401 гектар майдонга пахта экилган,— деди Ўзбекистон ХДП Чиноз туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Фарҳод Иброҳимов. — Туман фермерлари 18600 тонналик хирмон кўтариш ниятида. Далалардаги мўл ҳосилни йиғиштиришда партиямиз фаоллари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

— Теримчиларни озиқ-овқат билан таъминлаш, терим пулларини ўз вақтида беришга алоҳида эътибор қаратилган, — дейди «Йўл тушган» маҳалласидаги теримчилар бошлиғи Абдусоат Усмонов. — Бундан ташқари, турли ҳомийлар томонидан теримчилар моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда. Бу эса пахтакорларнинг кайфиятига, терим сифатига ижобий таъсир кўрсатяпти.

— Оиламиз билан теримда иштирок этяпмиз, — дейди ҳашарчи-теримчи Тожихон Қўчқорова. — Кунига ўртача уч юз килограммдан пахта теряпмиз, бу салкам уч юз минг сўм, дегани. Энди буни ўртача йигирма кунга хисобласак, олти миллион сўм бўлади. Мавсум бошидан буён анча-мунча пул тўпладик. Уйга рўзғор учун икки дона қора мол сотиб олдик. Сигирларнинг ҳар бири тўрт литрдан сут беряпти.

Партия фаоллари кун давомида тумандаги ҳашарчилар билан ёнма-ён теримда иштирок этиб, улар билан самимий суҳбатда бўлди.

Мавсум бошидан фаоллик ҳамда ўрнак кўрсатаётган бир гуруҳ ҳашарчиларга Ўзбекистон ХДПнинг эсдалик совғалари топширилди. 


www.uzbekistonovozi.uz