Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ОДАМЛАРНИ МЕҲР-ОҚИБАТ БИРЛАШТИРАДИ

16 Окт 2018

Тарихий ҳужжатли эссе

Муҳтарам устозим Николай Евгеньевич Виртанинг порлоқ хотирасига бағишлайман.

Абдуқаҳҳор ИБРОҲИМОВ, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор:

— Тилимизда «сут ҳақи», «туз ҳақи» деган теран маъноли иборалар бор. Улар гарчи моддий негизга асосланган бўлса-да, маънавиятга дахлдордир. Чунки сут ҳақини ҳам, туз ҳақини ҳам қиймат тарозусига солиб, ўлчаб, тўлиқ баҳолаб бўлмайди. Булар инсоний қадриятлардан ҳисобланади.

Дўстлик поғоналар бўйлаб юксала боради. Икки шахс ўртасидаги ўзаро тенгликка, иззат-ҳурматга, бир-бирини тушунмоқликка, қадрлашга, садоқат кўрсатишликка, вафодорликка асосланган самимий муносабатга нисбатан «дўстлик» десак янглишмасак керак.

Икки xалқ ўртасидаги дўстликни дўстликнинг иккинчи поғонаси, десак арзийди. Шу дўстликдан байналмилал дўстлик келиб чиқади. Жаҳон дўстлиги дўстликнинг олий поғонасидир. Давлат арбоблари ўртасидаги дўстлик халқлар ва мамлакатлар тақдирида катта аҳамиятга эгадир. Бу тинчлик ва тараққиёт омилларидандир.

Халқларни бир-бирига таништирищда, тушунтиришда барча санъат турлари ичида сўз санъати бўлмиш бадиий адабиётнинг алоҳида ўрни бор.

Сўз санъати кишининг руҳи, онги ва қалбига теран таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам адабиётлар дўстлиги — халқлар дўстлиги дейилади. Нотинч замонамизда инсониятни эзгуликка чорлаш бобида бадиий адабиётдек кучли восита бўлмаса керак.

Адабиётлар ўртасидаги дўстлик мавҳум тушунча эмас, албатта. Бу, аввало, адиблар ўртасидаги дўстликдир. Шу боисдан ҳам турли миллатларга мансуб қалам аҳли ўртасидаги дўстликдан адабий дўстлик юзага келади. Адабий дўстлик эса халқларни абадий дўстликка даъват этувчи бебаҳо воситадир.

Дўстлик дўстларнинг ёшларидан, мавқеларидан, эришган обрў-эътиборларидан, куч-қудратларидан, мол-мулкларидан қатъи назар, бир-бирларини тенг кўришларидан, самимий муомала қилишларидан келиб чиқади. Инсоний дўстлик тенглик демакдир. Сиёсат оламида ҳам худди шундай.

Дўстлик туйғуси мавҳум тушунча эмас. Дўстлик энг аввало одамнинг одам томонидан тушунилиши, маънавий яқинликдир.

1971 йилнинг май ойида Душанбе шаҳрида драматургларнинг минтақавий бир ойлик семинарида республикамиздан вакил сифатида драматурглар — Муҳаммад Хайруллаев, Максим Каримов қаторида мен ҳам иккинчи саҳна асарим — «Арра» сатирик комедиясининг русча сўзма-сўз таржимаси билан қатнашдим. Иттифоқо, мен ижодий анжуманда машҳур рус ёзувчиси ва драматурги, тўрт марта давлат мукофотига сазовор бўлган Николай Евгеньевич Вирта раҳбарлик қилаётган гуруҳга тушиб қолдим. «Николай Верта» — унинг адабий тахаллуси, асл исм-шарифи Николай Евгеньевич Карелскийдир.

Тажрибали адиб Николай Вирта «Арра» («Пила») билан танишгач, сатирик комедия ҳам, унинг муаллифи камина ҳам унга манзур бўлиб қолдик. Устоз драматург каминани ижодий жиҳатдан ўзига тенг кўриб, ижозатим билан бир ойлик семинар давомида «Арра»ни русчага бадиий таржима қилиш билан ҳам шуғулланди. Бир ойлик муддат асарни тўлиқ таржима қилиб тугатиш учун етмай қолди. Шунда Николай Вирта ўз ҳисобидан сафар муддатини узайтириб, Душанба шаҳрида яна бир неча кун қолиб кетди. «Арра»нинг русчага бадиий таржимаси устидаги ижодий ишини ниҳоясига етказди.

Кейинчалик «Пила» («Арра») сатирик комедияси «Звезда Востока» журналида таржимоннинг сўзбошиси билан босилди.

Шу-шу, Николай Вирта билан камина устоз ва шогирд, ҳамфикр ижодкорлар, маънавий яқин кишилар бўлиб қолдик, шундан бошлаб мен меҳнат таътилимни ёзда устознинг Москва яқинидаги дала ҳовлисида у билан ўтказа бошладим. Бу орада «Зўлдир», «Майли, майли», «Танисангиз керак» сатирик комедияларини, «Бу замон ўғлони» сатирик драмасини, «Чакана савдо» («Бир ўликка бир тирик») памфлет драмасини ёздим. Бундай ижодий ишларимдан мамнун бўлган устоз мени Москвадаги икки йиллик Олий адабиёт курсига ўқишга таклиф этди, драматургия, саҳна сирларини янада пухта ўзлаштиришни, катта ҳаёт ва ижод қозонида қайнашни маслаҳат берди. Ўқишга киришимда ўзи бош-қош бўлди. «Зўлдир» («Бег по кругу») сатирик комедиямни Олий адабиёт курси раҳбариятига ижодий танловдан ўтиш учун топширди. Ижодий танловдан муваффақият билан ўтдим, ўқишга жойлашдим. Москвада ўтказилган икки йиллик давр мен учун жуда самарали бўлди: янги асарлар яратдим, янги китоблар нашр эттирдим, турли миллат вакилларидан янги дўстлар орттирдим, таржимонлар билан ижодий муносабат ўрнатдим.

Николай Вирта билан ўртамиздаги муносабат ҳар қандай ғаразу тамалардан холи, самимий инсоний муносабат эди. Бу фикрнинг тасдиғи учун яна бир оғриқли, аммо ҳаётий мисол келтираман.

Машҳур рус адиби 1975 йилнинг декабрида, олтмиш тўққиз ёшга борганида бетобланиб қолди. Дилида ҳаёт шоми яқинлашаётганини сезгач, ўлимни бўйнига олиб, васиятнома ёзиб қолдиради.

Буни қарангки, ўзининг балоғат ёшига етган, уй-жойли бир қизи ва икки ўғли, бир неча неваралари бўла туриб, Васиятномасини дини, миллати, тили бўйича мутлақо бегона одамга — менинг номимга ёзган экан. 1976 йил 8 январда устозим, маънавий отам вафот этди.

Расман тасдиқланган, шахсий архивимда сақланиб келаётган ушбу Васиятномада, жумладан, шундай сатрлар бор:

«Менинг Васиятномам. Москва. 1975 йилнинг 7-декабри. Мен Николай Вирта, ўзимнинг ушбу хатти-ҳаракатимга онгли равишда, масъулият сезган ҳолда, ақл-ҳушим жойида бўлган ҳолатда мазкур Васиятномамни Абдуқаҳҳор Абдусаматович Иброҳимовга ёзмоқдаман. Гарчи отаси бошқа бўлса-да, мен уни ўзимнинг маънавий ўғлим деб биламан. Мен ундан — Абдуқаҳҳор Иброҳимовдан ўтинаман ва унга қуйидагиларни буюраман.

1. Мен вафот этгач, жасадимни Переделкино қишлоғидаги қабристонга — онамнинг қабри ёнига дафн этгин...»

Васиятноманинг бундан кейинги моддаларида уй-жой, мол-мулк ва шу кабиларга ворислик ҳуқуқи каминага берилган бўлиб, унинг муайян қисмини меросхўрлардан қайси бирига тақсимлаб бериш, қайси бирларини меросдан маҳрум этиш кўрсатиб ўтилган бўлиб, уларнинг номи тилга олинган...

Мазкур Васиятнома ўқиб эшиттирилганда, марҳумнинг оила аъзолари ва яқинлари бундан ҳанг-манг бўлиб қолдилар... Бироқ Васиятнома — инсоннинг сўнгги илтижоси, охирги топшириғи. Уни бажармасликнинг иложи йўқ. Виждон ҳам, давлат қонуни ҳам шуни тақозо этади.

Атоқли адибнинг шахсий, оилавий турмуши қандай кечганини яқиндан билиб келган ҳамкасаба ва тенгдош дўстлари унинг Васиятномани бу тахлитда ёзиб кетишига хайрихоҳлик билан муносабат билдирадилар, улар учун бунда ҳеч бир ғайритабиийлик йўқ эди.

Бизнинг ижодий ҳамкорликдан бошланган муносабатимиз ҳаётга ва адабиётга қарашлардаги муштараклик устоз ва шогирдликдан ошиб, маънавий ота ва ўғилга айланди. Рус адибининг ўзбек ёзувчисини маънавий ўғлим деб Васиятномасини менга ёзиб кетишининг туб сабаби ҳам мана шунда.

Ўшанда, 1976 йилнинг қаҳратон қишида Москва адабий жамоатчилиги ўртасида машҳур адибнинг вафот этгани хабаридан кўра у ёзиб қолдирган Васиятнома кўпроқ шов-шув бўлади. Ёзувчининг оила аъзолари, меросдан бир улуш олишга умидвор бўлиб юрган айрим хеш-ақраболари безовта бўлиб қолишади. Тошкентлик бир ёзувчи Переделкинодаги икки қаватли иморату бир гектарли дала ҳовлига, ундаги бой кутубхонага, тўриқ оту отхонага эга чиқаётгани уларнинг ақлига сиғмаган бўлса керак.

Ўша кунлари мен Тошкентда, қишки таътилда бўлиб, бу гап-сўзлардан мутлақо бехабар эдим. Устознинг ўлимини эшитиб, Москвага учиб борган эдим. Мен воқеадан хабар топиб, Васиятномани ўқиб кўргач, узоқ сукутга чўмдим. Дафн маросимида жамоат жам бўлгач, ёзувчилар жамоатчилиги вакиллари, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари, шу жумладан, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Юрий Николаевич Верченко (бу арбоб марҳумни дафн этиш ҳукумат комиссиясининг раиси эди) ҳозир бўлгач, Васиятнома хусусида ўз сўзимни айтдим: «Смерть всегда права... Я был духовным сыном покойного и остаюсь таким же вечно». (Ўлим барҳақ. Мен марҳумнинг маънавий ўғлиман ва ҳамиша шундай бўлиб қоламан».)

Шу тариқа Васиятноманинг фақат маънавий жиҳатларини адо этишни зиммамга олдим: марҳум Переделкинодаги қабристонга — онасининг қабри ёнига дафн этилди, тўққизлик, йигирмалик маърака маросимлари камтарона ўтказилди. Қирқлик маросими марҳумнинг қирқ яшар беваси Клара Ильиничнанинг Вернадский шоҳ кўчасидаги уч хонали янги квартирасида бўлди, ўн чоғли одам қатнашди. Таниқли шахслардан Тамбов обкомининг биринчи котиби, Марказком аъзоси, Николай Евгеньевичнинг эски дўстларидан бўлмиш Василий Ильич Чёрний қатнашди.

Айтишим керакки, марҳумнинг васиятномасидан хабар топган оила аъзолари менга совуқ қарай бошлашганини сездим. Улар кўнглидан нималар ўтаётганини тушиниш қийин эмасди. Мени бир қарорга келишим осон бўлмади. Марҳумнинг васиятини тўлиқ бажармаслик мени қийнарди. Охири виждоним айтганини қилдим. Устоз руҳидан розилик сўрадим. У мени тўғри тушунишига умид қилдим.

Васиятномада кўрсатилган мол-мулк, уй-жой ва қалам ҳақига оид конуний ҳуқуқларимдан марҳумнинг оила аъзолари ва Адабиёт жамғармаси фойдасига воз кечдим ҳамда бу ҳақда тилхат ёзиб бердим. Кутилмаганда воқеанинг бундай тус олишини ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаб баҳолади.

Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти буни тўла маъқуллади, уюшманинг раиси Георгий Марков эса «Сиз қимматли Абдуқаҳҳор Абдусаматович, ҳақиқатан ҳам менинг дўстим «Ҳазрати инсон» романининг муаллифи Раҳмат Файзийнинг муносиб юртдоши экансиз» дея мени олқишлаб қўйди. Георгий Марков ва Раҳмат Файзий дўст ва ҳамкор бўлишган. Георгий Марков қизи Ольга билан биргаликда «Ҳазрати инсон» романини рус тилига, Раҳмат Файзий эса унинг «Соль земли» («Ер мағзи») романини ўзбек тилига таржима қилган. Устозимнинг ҳамкасаба тенгдош дўстлари эса «Тантилик яхши-ю, лекин, жиллақурса, кутубхонадан воз кечмаслик керак эди-да», дея афсусланишди. Тўғриси, кутубхонадан воз кечганимга кейинчалик афсусланганман. 1976 йилнинг ёзида Тошкентга таътилга қайтаётиб, Переделкинога Николай Вирта қабрини зиёрат қилгани бордим. Мозористон зиёратидан кейин, йўл усти, устозим кўп йиллар яшаб, ижод қилган уйни ҳам кўриб ўтай деб, дала ҳовлиси дарвозасини тақиллатдим. Дарвозани хизматкор аёл очди, бизлар илгаридан таниш эдик, Николай Вирта ҳаётлигида ҳам шу аёл хизмат қиларди. У мени таниди, мен унга мақсадимни айтдим, ичкарига кириб, устоз хонасини бир зиёрат қилиб кетмоқчи эдим, дедим. У «Янги хўжайиндан рухсат олиб чиқай», деди-да, изига қайтди. Дарвоза олдида анча маҳал кутиб қолдим.

Хизматкор аёл маъюс ҳолда қайтиб чиқди: «Ҳозир жуда бандлар, сизни қабул қилолмас эканлар... Лекин мени тўғри тушунинг, мендан хафа бўлманг, бизлар кичик одамлармиз», деди. Хизматкор аёл дарвозани ёпишга тутинганда. «Кутубхонадаги китоблар турибдими?» деган саволни бердим. Ўша китоблар орасида ноёб ва қизиқарли асарлар кўп эди. «Китобларни бошлиқлар аллақачон бўлиб олишган. Янги хўжайиним китоб жавонлари ўрнига катта стенка олиб келиб ўрнатди, деди. Кейин билсам, дала ҳовлини сотиб олган шахс адабиёт атрофида ўралашиб юрган қўли узун бир киши эди.

Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки йилларида Николай Вирта Россиядан Тошкентга кўчириб келтирилган катта бир гуруҳ рус адиблари (улар орасида Алексей Толстой, Анна Ахматова сингари атоқли ёзувчилар ҳам бор эди)га Адабиёт жамғармасининг директори сифатида етакчилик қилиб юртимизга келади, бир муддат Тошкентда яшайди, мусофир адибларни уй-жой билан, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлашни уюштиришда иштирок этади, республика раҳбарларининг қабулида бўлади, Ёзувчилар уюшмамизнинг ўша пайтдаги раиси бўлмиш Ҳамид Олимжон, Адабиёт жамғармасининг раиси Набихон Чустий домла билан кўп марта учрашади, ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, очиқкўнгиллилигига, бағрикенглигига қойил қолади. Бу ҳақда Душанбе шаҳридаги илк учрашувимизда ҳам, ундан кейин ҳам кўп марта эслаган эди.

Қадрли устозим Николай Вирта оғир уруш йилларида ўзбек халқидан кўрган мурувват учун, ичган тузи ҳақи учун бир умр миннатдорчилик билдириб ўтди.

Мен ҳам улуғ рус адиби Николай Виртанинг уйида нон-туз едим, ундан кўп яхшиликлар кўрдим. Николай Вирта ҳар қандай шароитда ҳам, тақдир бошига бало тошларини тинимсиз ёғдирганида ҳам ижод қилишдан тўхтамади ва биз шогирдларига ҳам шундай бўлишни насиҳат қиларди. Бошимга ташвишлар тушган кезларда устознинг бу ўгити менга асқотди: оғир дамларда ёзиш-чизиш билан овундим ва ўзимни ижодий ва инсоний қиёфада сақлаб қолдим. Бунинг учун Николай Евгеньевичнинг порлоқ хотираси олдида умрбод таъзимдаман.

 

(Эссе қисқартирилган ҳолда чоп этилмоқда.)