Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ИШОНЧ ВА МАСЪУЛИЯТ

6 Ноя 2018

Бугунги кунда Ватанимиз ва халқимиз олдидаги улкан масъулият туйғуси биз ёшларни, хусусан, “Истиқбол” ёшлар қаноти аъзоларини доимо янада фаолроқ бўлишга ундайди. Агарки, сафимизда мамлакатимиз ва халқаро майдонда рўй бераётган воқеалар, янгиликларни теран таҳлил эта оладиган, мустақил фикрга эга, турли муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини билдира оладиган, интеллектуал салоҳиятли ёшлар қанчалик кўп бўлса партиямизнинг нуфузи ҳам кучи ҳам шунчалик ортади.

Маълумки, “Истиқбол” ёшлар қаноти фаолиятининг асосий йўналиши ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бўлғуси депутат, партия етакчилари – сиёсатчиларни шакллантиришга қаратилган. Демакки, биз ўз фаолиятимизни тубдан такомиллаштиришимиз, ривожлантириб боришимиз учун қатъият билан иш олиб боришимиз даркор ва бу борада 2008 йилдан буён истиқбол ёшлар қаноти томонидан ўтказиб келинаётган “Ёш сиёсатчи” кўрик-танловининг мазкур жараёнда тўлақонли маънода ўз ўрни бор деб баралла айтишимиз мумкин.

Бу йил мен ҳам танловнинг туман, вилоят босқичларида муваффақиятли иштирок этиб республика босқичида қатнашиш бахтига сазовор бўлдим.

Танловда иштирок этиш баробарида шунга амин бўлдимки, биз билим, куч ва салоҳият жиҳатидан ҳеч кимдан кам эмасмиз. Буни республикамизнинг 14 та вилоятидан мен қатори танловда иштирок этаётган тенгдошларимиз томонидан тақдим этилган ижтимоий лойиҳалар замирида, “ТОП –10 китоб” савол-жавоб шартида ҳамда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларини нотиқлик асносида очиб берганларида бунга гувоҳ бўлдим.

Бир сўз билан айтганда танловнинг республика босқичида “Энг ташаббускор иштирокчи” номинациясига эга бўлдим ва бу менга улкан ишонч ва масъулият юклади ҳамда келгусидаги фаолиятимда “Фаол ва фидойи” бўлишни ўзим учун шиор қилиб олдим.

Шундай экан, энди мен ўзимни билишим, англашим билан кифояланмай, атрофдаги тенгдошларимни ҳам ўз ортимдан эргаштириб, уларнинг дунё қарашини ўзгартиришим, улар онги ва қалбида Ватан тақдирига даҳлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашга, тарафдорлар ва партиядошларимиз сафини кенгайтиришга, ўз ҳиссамни қўшишим зарур. Ана ўшандагина биз юксак марраларни забт этамиз.

 

Наргиза ҚИРҒИЗОВА,

“Ёш сиёсатчи-2018” кўрик-танловининг республика босқичи иштирокчиси,

Наманган вилояти.