Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Economiematin»: ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ТАШРИФИ ФРАНЦИЯ УЧУН ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ САВДО ЙЎНАЛИШИНИ ОЧАДИ...

11 Окт 2018

Президентимизнинг Францияга расмий ташрифи жаҳон ОАВда кенг ёритилмоқда. Хусусан, Франциянинг «Economiematin» нашрида ҳам бу ҳақда мақола чоп этилди. Унда жумладан шундай дейилган: «Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи бир қатор компаниялар, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Франция тараққиёт агентлиги билан шартнома имзолаш имконини берди. Биз Ўзбекистон иқтисодиётига кирадиган 600 миллион евролик инвестиция ҳақида гапиряпмиз. Франция расмий доиралари Ўзбекистонни умуман бошқача кўринишда қайтадан кашф қилди.

2016 йилда президентликка сайланган Шавкат Мирзиёевнинг Европага илк ташрифи Франциядан бошланди. Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга жаҳон ҳамжамияти юксак баҳо бермоқда. Ўзбекистон раҳбари барча йўналишлар қамраб олинган ислоҳотларни бошлади. У бу йўлда бирор-бир амалдорни алмаштиришда иккилангани йўқ.

Шавкат Мирзиёевнинг либерал ислоҳотлари барча йўналишларни ўз ичига олган: иқтисод, конвертация, банк тизимида хорижий инвесторлар учун қулай муҳит яратиш, яқин қўшнилар ҳамда бутун дунё билан дипломатик алоқаларни яхшилаш... каби тарихий жараёнлар қисқа муддатда амалга оширилди.

Ўзбекистондаги ҳақиқий ўзгариш инсон ҳуқуқлари борасида ҳам кўзга ташланди. Бир қатор... маҳбуслар озод этилди. Халқаро ташкилотлар, масалан, Human Rights Watch ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси билан алоқа ўрнатилмоқда. Илгари болалар, ўсмирлар ва талабалар меҳнатидан фойдаланиш тизими мавжуд эди. Ҳозирда бу ҳолатга бутунлай чек қўйилди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотига ҳам Ўзбекистон ўз эшикларини очди...

Ўзбекистонда ўтган бир ярим йилда амалга оширилган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар туфайли тўпланиб қолган жуда катта муаммолар бартараф этилди. Айни пайтда бу мамлакатга ташриф буюрувчилар ва сайёҳлар учун жуда қулай муҳит яратилди. Буюк Ипак йўлида жойлашган Самарқанднинг бетакрор меъморий обидалари, пойтахт Тошкентнинг бозорларини томоша қилиш кишига завқ-шавқ бағишлайди.

Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи Франция учун Ўзбекистонда янги савдо йўналишларини очади. Ўзбекистон — бой табиий ресурсларга эга бўлган мамлакат. Бу давлат тез орада минтақада табиий газ бўйича гигантга айланиши тахмин қилинмоқда.

 

Темур АЪЗАМ

тайёрлади.

www.uzbekistonovozi.uz