Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЭЛЕН ПЕЛОСС ХОНИМ: ХАЛҚИНГИЗНИНГ МЕҲРИ МЕНИ ЎЗБЕКИСТОНГА ТОРТАВЕРАДИ

12 Окт 2018

Бухоро шаҳар Арабон кўчасидаги «Элен Оазис» меҳмон уйидан Тоқи Саррофонгача бўлган масофа нари борса 100 метр. Бу йўлни атиги бир-икки дақиқада босиб ўтиш мумкин. Элен Пелосс хоним эса камида 15-20 дақиқа юради.

Элен Пелосс хоним Франция фуқароси. Лион шаҳрида туғилиб ўсган. Катта оиласи бор. Касби мусиқачи. Сайёҳликни хуш кўради. Ўзининг айтишича, турли мамлакатларда бўлган. Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Хива каби тарихий шаҳарларига такрор-такрор боришни, тарихий обидаларни томоша қилишни хуш кўради.

Бухорога меҳри бўлакча. Ана шу меҳр сабаб Элен хоним ҳаётининг бир қисмини Бухоро билан боғлаган. Илгари сайёҳ сифатида келган француз аёли энди ўзи туристларга хизмат кўрсатмоқда. Арабон кўчасидаги таъмирталаб ҳолга келиб қолган, саксон йил илгари қурилган уйни сотиб олди. 2015 йилда сармоя сарфлаб, зарур шароитларга эга меҳмон уйи ташкил этди.

Вилоятда хорижий инвестор томонидан фаолияти йўлга қўйилган ягона «Элин Оазис» меҳмон уйлари орасида ўз ўрнини топди.

— Бухорога келаётган сайёҳлар оқими тобора кўпаймоқда, — дейди Элен хоним. — Меҳмонхонамиз мисолида айтадиган бўлсам, 2015 йилда 365 кишига хизмат кўрсатган эдик. Жорий йилнинг ўтган даврида 944 кишини қабул қилдик. Сайёҳлик мавсуми якунигача улар сони янада ошади. Одатда, хоналар буюртма асосида олдиндан банд қилинади. Лекин баъзан бир кунлик сафарга келганлар ҳам мурожаат қилиб туришади. Уларни атрофдаги хусусий меҳмонхоналарга йўналтирамиз.

«Элен Оазис» нафақат Бухорода, балки юртимизнинг турли ҳудудларидаги турфирмалар билан яқин ҳамкорлик қилиб, ишонч қозонган.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга сафари арафасида франциялик сайёҳлар учун визасиз тартиб жорий этилгани жуда зўр воқеа бўлди, — дейди Элен хоним. — Ўлкангизни, Бухорони томоша қилгани келадиган юртдошларим кўпаяди. Сайёҳлик фақат даромад манбаи эмас, айни пайтда ўзаро маданий алоқаларни ривожлантириш, одамларнинг бир-бирини англаши учун ҳам муҳим.

Бухородаги хусусий меҳмон уйимни ижарага бериб, Францияда яшайверишим ҳам мумкин, — дейди Элен хоним. — Лекин гўзал обидаларингизни, меҳмондўст одамларингизни ҳамма ерда учратмайман-да. Шу меҳр мени ўзига тортаверади.

 

Эркин ЁДГОРОВ,

ЎзА мухбири.