Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

САМАРҚАНДЛИК ЁШЛАР ФРАНЦИЯДА ТАЪЛИМ ОЛИШАДИ

17 Окт 2018

Самарқанд давлат чет тиллар институти кўп йиллардан буён француз тили ўқитувчилари ва талабалар алмашинуви, магистрантлар амалиётини ўташ, малака ошириш курслари, халқаро илмий-амалий семинар-тренинглар ташкил этиш бўйича Франциянинг бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Бунда Франция Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси атташеси Фредерик Виём хоним француз тилини ўқитишни такомиллаштириш, Франция олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда беғараз кўмак бериб келмоқда.

Кейинги тўрт йил мобайнида Европа Иттифоқининг ТЕМПУС дастури доирасида Француз тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси Д.Киселёв «Европа тилларини ўқитишни ривожлантириш: замонавий технологиялар асосида ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича магистратура дастурини яратиш» лойиҳаси доирасида Франциянинг Қуйи Нормандия Кан университетида ташкил этилган семинарда иштирок этди.

СамДЧТИ талабалари ва ўқитувчилари учун «Les Plaisances» коллежи француз тили ва адабиёти бўйича доценти Шантал Баэк (Chantal Baecque) хоним иштирокида семинар-тренинглар ўтказилди. Франсуа Рабле институти ўқитувчиси Ж.Леконт кафедра жамоаси билан ҳамкорликда ўзбекистонлик француз тили ўқитувчиларига мастер-класс дарслари ташкил этди. Француз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчилари Д.Насимова ва А.Степанянлар Франциянинг Виши шаҳридаги CAVILAM (Образовательный центр по преподаванию французкого языка) таълим марказида ташкил этилган француз тили ўқитувчиларининг малака ошириш курсларида иштирок этиб қайтди

Ўтган йилнинг бошларида Франциянинг Версаль академияси ҳузуридаги Понтуаз педагогика университети Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Паскал Боссонет (Pascale Boissonnet), мутахассислар Изабел Лерой (Isabelle Leroy) ва Мауд Керфорне (Maud Kerforne) ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти маъмурияти ўртасида ўзаро алоқаларни ривожлантириш, Эрасмус+ дастури лойиҳаларида ҳамкорликда иштирок этиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида бир ҳафта мобайнида институт ректори И.Тўхтасинов, француз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Д.Киселёв ҳамкор олий таълим муассасалари сонини ошириш мақсадида Франция Республикасининг бир қатор университетларида хорижий хизмат сафарида бўлиб қайтди.

Улар Қуйи Нормандия Кан университети президенти, профессор Пьер Денис, халқаро алоқалар бўйича вице-президент, профессор Бенуа Верон ҳамда Версаль Академиясининг Серж-Понтуаз университети, Ўқитувчи ва профессорлар олий мактаби (ÉSPÉ de l'Académie de Versailles de Université Сergy-Pontoise) раҳбарияти Изабелл Леруа ва Люк ДаллАрмеллиналар билан музокаралар олиб бордилар.

Музокаралар якунида ҳамкорликда магистратура мутахассислигида талабалар алмашинувини ва қўш диплом дастурини йўлга қўйиш, PhD ва DSc докторант ҳамда илмий тадқиқотчиларга Франция университетлари олимлари ва мутахассисларини илмий маслаҳатчилик, оппонентлик ва тақризлар беришга жалб қилиш борасида келишиб олинди. Халқаро илмий анжуманлар, семинарлар ташкил этиш, илмий мақолалар чоп қилиш, докторант ҳамда тадқиқотчиларнинг ҳамкорликда илмий изланишларини йўлга қўйиш борасида шартнома имзоланди.

Жорий йилнинг апрель ойида Қуйи Нормандия Кан университети профессори Сенозе Лорант Француз тили ва адабиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар учун «Француз тилини хорижий тил сифатида ўқитишнинг интерактив ва замонавий методлари» мавзуида, тил ва адабиёт таълими мутахассиси Анна-Мари Цервера таржима назарияси ва амалиёти бўйича семинар-тренинглар ўтказди. Франция элчихонаси томонидан француз тилини ўқитиш методологияси бўйича тажрибали мутахассис Анна-Мария Пуало раҳбарлигида икки кунлик малака семинари ташкил этилди. Унда Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё каби бир қатор вилоятлардан келган ўттизга яқин профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Семинарнинг биринчи кунида мактаб, коллеж ва лицей ўқувчиларига француз тилини ўқитишнинг замонавий инновацион методлари ўргатилди. Кичик ва ўсмир ёшдаги болаларга француз тилини турли хил ўйинлар орқали ўргатиш жараёнининг амалий ва назарий жиҳатлари кўриб чиқилди. Турли хил қизиқарли ўйинлар ёрдамида ўқувчиларда маданиятлараро мулоқот кўникмаларини шакллантиришнинг ўзига хос педагогик сирлари амалий тарзда ўрганилди.

Семинарнинг иккинчи куни Анна-Мария Пуало хоним тингловчиларга Европа хорижий тил таълимига хос бўлган, француз тилини А1 даражадан С1 даражагача бўлган босқичда ўқитиш методологияси бўйича сабоқ берди. Семинар якунида бир гуруҳ ўқитувчилар махсус сертификатларга эга бўлишди.

«Erasmus+International Credit Mobility» номли халқаро грант доирасида уч йилдан буён ҳар йили Қуйи Нормандия Кан университети профессор-ўқитувчилари томонидан бир ҳафталик амалий машғулот ҳамда услубий семинарлар ўтказилиб келинмоқда. Институтнинг француз тили йўналиши бўйича ўндан зиёд талабаси «Lion’s Club» халқаро франкофонлар марказида бир ойлик ёзги таътил стажировкасида қатнашиб, тегишли сертификатга эга бўлди. 2019 йилда Француз тили ва адабиёти кафедраси «Lion’s Club» ташкилоти директорининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда. Айни пайтда институт қошида Француз Альянси филиалини ташкил этиш борасида музокаралар олиб борилаяпти.

Мамлакатимиз Президентининг Францияга расмий ташрифидан сўнг Ўзбекистон-Франция таълим тизими доирасида амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиши шубҳасиз.

 

Нигорабону СУВОНОВА,

Самарқанд давлат чет тиллар институти француз тили ва адабиёти кафедраси мудири, доцент,

Нигина ПЎЛАТОВА,

кафедра ўқитувчиси.