Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЎСМИРЛАРИМИЗНИНГ ЁРҚИН ҒАЛАБАЛАРИ

16 Окт 2018

Буэнос-Айресда ўсмирлар Олимпия ўйинлари давом этмоқда. Кечаги кунги мусобақаларда спортчиларимиз эркин кураш, енгил атлетика, слаломда эшкак эшиш ҳамда бокс бўйича иштирок этди.

Эркин кураш баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Умиджон Жалолов олтин медални қўлга киритди. Ушбу натижа орқали Ўзбекистоннинг ўсмирлар Олимпия ўйинларидаги рекорди янгиланди. Бунгача ўсмирларимиз Олимпиададаги энг яхши натижани 2014 йилги Нанкин Олимпиадасида (4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза) қайд этган эди. Умиджон Жалоловнинг олтин медалидан сўнг Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони 12 тага етди. Ҳамюртларимиз айни пайтда 4 олтин, 4 кумуш ва 4 бронза медали билан тақдирланишди.

Олтин медаль оламан, деб ният қилгандим, — дейди аёллар кураши бўйича кумуш медаль совриндори Шоҳида Аҳмедова.Қозоғистон, Венесуэла, АҚШ, Белорусь вакилаларини мағлубиятга учратдим. Финалда эса швециялик рақибга имкониятни бой бериб қўйдим. Бироз омад етишмади.

Шоҳида Аҳмедова ўсмирлар олимпиадасида Ўзбекистон тарихида аёллар кураши бўйича дастлабки медални қўлга киритди.

— Бу йил мен учун муваффақиятли келди, — дейди оғир атлетика баҳсларида бронза медаль соҳиби Долера Давронова. — Осиё чемпионатида ғолиб бўлдим ва ўсмирлар Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритдим. Бироз ҳаяжон бўлди. Мана шундай мусобақада совриндор бўлганимдан жуда хурсандман. Рақибларим кучли эди. Биринчи ўринни қўлга киритган таиландлик рақибим йил давомида умуман мусобақаларда иштирок этмади ва фақат Олимпия ўйинларига тайёрланди. Иккинчи ўринни қўлга киритган туркиялик спортчига 1 килограмм фарқ билан мағлуб бўлдим. Лекин бутун жамоамизни кайфияти аъло. Қўлга киритган натижамиз барчамизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди. Бугун мен аввало, Президентимизга, мураббийларим Маҳмуд Тоғаевга, шунингдек, Баҳром Мендибоевга миннатдорлик билдираман.

— Олимпия ўйинлари олдидан бир мақсадни қўйгандим — чемпион бўлиш, — дейди байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича яккалик баҳсларида олтин медаль соҳиби Гулбаҳор Файзиева. — Бешта баҳс кетма-кет бўлгани қийинчилик туғдирди. Қизлар ўртасидаги мусобақаларда одатда кўпи билан иккита пойга ўтказиларди. Биринчи чиқишдан сўнг 1,5 соат дам олдим. Кейинги старт олдидан 3 соат вақт бўлди. Ундан кейинги баҳсларда танаффус бор-йўғи 30 дақиқани ташкил этди. Қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Ўз мақсадимга етиша олдим. Бундан фахрланаман.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.