Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

23 Янв 2015

2015 йил 23 январь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларида Ўзбекистон ХДП ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши ходимлари, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги депутатлар, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириш – бош мақсадимиздир” номли маърузасининг мазмун-моҳиятини партия фаоллари ўртасида муҳокама қилиш, маърузадаги йўналишлар ҳамда Сайловолди дастуридаги устуворликлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ХДП ташкилотлари олдида турган ва амалга ошириши лозим бўлган асосий вазифаларни белгилаб олиш, 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланишининг туб моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғибот ва тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишидаги нутқида айни шу жиҳатга, яъни «иқтисодий мустақиллик бўлмаса, сиёсий мустақиллик ҳам бўлмаслиги»га эътибор қаратгани бежиз эмас. Аслида бу фикрлар мустақилликнинг дастлабки йиллари бунёдкор даъват сифатида ўртага ташлангани, кейинчалик «ўзбек модели» дея аталган машҳур беш тамойилнинг бири ҳам иқтисодиётнинг сиёсатдан устун эканлиги ва бундай ёндашув қанчалик ижобий самара бераётганлигини унутмаслик керак.

Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги билан боғлиқ ҳаётий тамойилнинг самараси, асоратлари ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган жаҳон молиявий инқирози даврида яққол намоён бўлди. Ўзбекистон дунёдаги бармоқ билан санарли давлатлар қаторида инқироз пайтида иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолди. Юртбошимизнинг узоқни кўра биладиган оқилона сиёсати туфайли мамлакат иқтисодиёти, ҳатто энг ривожланган давлатларни ҳам саросимага солган ана шу инқирознинг салбий таъсирларини деярли сезмади. Бошқа жойларда инқироз сабаб минглаб иш ўринлари ёпилган вақтда Ўзбекистонда йилига қарийб бир миллион атрофида янги иш жойлари очилди.

Дарҳақиқат, машҳур беш тамойилга асосланган тараққиёт моделининг нақадар ҳаққоний ва самарали экани биз қураётган янги демократик тизимда, иқтисодиётимиз ривожланишининг барқарор, барчани ҳайратда қолдираётган суръатларида, халқимизнинг ҳаёт даражаси ҳамда сифати ортиб бораётганида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда.

Таъкидландики, 2014 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши 6,9 фоиз, капитал қурилиш 10,9 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми 14,3 фоизга ошди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қарийб 70 фоизини юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр товарлар ташкил этди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилда 9,4 фоиз, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,7 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10 фоизга ўсди. Инфляция даражаси йил якунлари бўйича 6,1 фоизни ташкил этди. Бу прогноз кўрсаткичларига нисбатан сезиларли даражада пастдир. 

Суҳбат давомида ўтган даврда биз дуч келган оғир синов ва муаммоларга қарамасдан, мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 5 баробар, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар ўсгани, мамлакатимиз аҳолиси бу даврда 1,5 марта кўпайиб, 2015 йилнинг 1 январида 31 миллион 500 минг кишини ташкил этгани алоҳида эътироф этилди.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 15 фоиздан ошмаслиги, ички қарзимиз умуман йўқлиги, экспорт ҳажми, олтин-валюта захираларимиз барқарор суръатлар билан ошиб бораётганида ҳам эришган улкан натижаларимиз исботини кўриш, кузатиш қийин эмас.

Жаҳон миқёсидаги глобал иқтисодий инқироз ҳали-бери давом этаётганига қарамай, дунёнинг саноқли давлатлари қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари сўнгги 10 йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келмоқда.

Таъкидландики, аҳолининг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш ва социал соҳани ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига давлат томонидан доимо эътибор қаратилиб келинаётганлиги, бу каби ишлар ўз-ўзидан амалга ошмаслиги, бунинг замирида катта меҳнат ётишини аҳоли онгига етказиш орқали улардаги бозор иқтисодиёти шароитида боқимандалик кайфиятини йўқотиш, ислоҳотлар асосида яратилган янги шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда ҳар бир фуқаро ўз билими, иқтидори ва салоҳиятига таяниб меҳнат фаолиятини бошлаши ва мазкур жараён давомида Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигига хизмат қилиш каби юксак масъулият зиммасида эканлигини чуқур ҳис этиши ва келгусида мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш, шу юртда яшаётганлигидан ғурурланиш туйғуларини шакллантириш кабиларни жойларда амалга ошириладиган тарғибот-ташвиқот ишлари мазмунидан ўрин олишига эришиш лозим.

 2015 йилга “Кексаларни эъзозлаш йили” деб ном берилиши фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар бир кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни кучайтириш ҳамда самарасини ошириш каби вазифаларни амалга оширилишини талаб этади.   

Бугунги кунда мамлакатимизда 60 ёшдан ошганлар сони 2 миллион 873 мингдан кўпроқ кишини ташкил этмоқда. Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди.

Айни пайтда юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар – 100 ёшдан ошган табаррук қариялар яшамоқда. Улар орасида 3 минг 109 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг 994 нафар фронт ортида меҳнат қилган инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида кексаларнинг ижтимоий ҳимояси, уларга давлат томонидан ажратилаётган ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги, уларнинг соғлигини сақлаш ва муносиб пенсия таъминоти билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган. Зеро, кексаларни эъзозлаш масалалари партиянинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Давра суҳбати сўнггида Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириш – бош мақсадимиздир” номли маърузасининг мазмун-моҳиятини партия фаоллари ўртасида муҳокама қилиш бўйича тавсиялар берилди, ундаги йўналишлар ҳамда Сайловолди дастуридаги устуворликлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ХДП ташкилотлари олдига амалга ошириши лозим бўлган асосий вазифалар белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати