Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

24 Янв 2015

2015 йил 23 январь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларида Ўзбекистон ХДП ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши ходимлари, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги депутатлар, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириш – бош мақсадимиздир” номли маърузасининг мазмун-моҳиятини партия фаоллари ўртасида муҳокама қилиш, маърузадаги йўналишлар ҳамда Сайловолди дастуридаги устуворликлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ХДП ташкилотлари олдида турган ва амалга ошириши лозим бўлган асосий вазифаларни белгилаб олиш иборат эди.

Таъкидландики, аҳолининг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш ва социал соҳани ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига давлат томонидан доимо эътибор қаратилиб келинаётганлиги, бу каби ишлар ўз-ўзидан амалга ошмаслиги, бунинг замирида катта меҳнат ётишини аҳоли онгига етказиш орқали улардаги бозор иқтисодиёти шароитида боқимандалик кайфиятини йўқотиш, ислоҳотлар асосида яратилган янги шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда ҳар бир фуқаро ўз билими, иқтидори ва салоҳиятига таяниб меҳнат фаолиятини бошлаши ва мазкур жараён давомида Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигига хизмат қилиш каби юксак масъулият зиммасида эканлигини чуқур ҳис этиши ва келгусида мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш, шу юртда яшаётганлигидан ғурурланиш туйғуларини шакллантириш кабиларни жойларда амалга ошириладиган тарғибот-ташвиқот ишлари мазмунидан ўрин олишига эришиш лозим.

 2015 йилга “Кексаларни эъзозлаш йили” деб ном берилиши фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар бир кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни кучайтириш ҳамда самарасини ошириш каби вазифаларни амалга оширилишини талаб этади.   

Бугунги кунда мамлакатимизда 60 ёшдан ошганлар сони 2 миллион 873 мингдан кўпроқ кишини ташкил этмоқда. Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди.

Айни пайтда юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар – 100 ёшдан ошган табаррук қариялар яшамоқда. Улар орасида 3 минг 109 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг 994 нафар фронт ортида меҳнат қилган инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида кексаларнинг ижтимоий ҳимояси, уларга давлат томонидан ажратилаётган ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги, уларнинг соғлигини сақлаш ва муносиб пенсия таъминоти билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган. Зеро, кексаларни эъзозлаш масалалари партиянинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати