Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

27 Фев 2015

2015 йил 27 февраль куни Тошкент вилоятида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан «2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили» муносабати билан «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» лойиҳаси доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Тошкент вилоят партия кенгаши ходимлари, халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, йирик БПТ раислари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 майда қабул қилинган “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг жойлардаги самарали ижросини таъминлаш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, уларга мавжуд муаммолари юзасидан ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш, зарур ҳолларда жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатишдан иборат.

Таъкидландики, давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш, ижтимоий муҳофаза қилиш борасида доимий равишда эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Бундай амалий ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Ислом Каримов томонидан 2015 йилни мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши юртимизда яшаётган ҳар бир инсон қалбида меҳр-оқибат, инсонийлик туйғуларини янада кучайтирди.

Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди. Содда қилиб айтганда, кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган.

Бугун турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизда ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимизнинг унутилмас ва улкан хизмати борлигини, биз улар олдида умрбод қарздор эканимизни унутмаслигимиз, қўлимиздан келганича уларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилишни ўзимизнинг инсоний бурчимиз, деб билишимиз лозим.

Таъкидландики, бугун фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни кучайтириш, самарасини ошириш зарур.

Эътироф этиш лозимки, кексаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда. Айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳада эришилган марралар – аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун йўналтирилган давлат ҳаражатларининг кўпайгани, турмуш даражасининг сезиларли равишда яхшилангани ва бунинг натижасида халқимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 60 ёшдан ошганлар сони 2 миллион 873 мингдан кўпроқ кишини ташкил этмоқда.

Айни пайтда юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар 100 ёшдан ошган табаррук қариялар яшамоқда. Улар орасида 3 минг 109 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг 994 нафар фронт ортида меҳнат қилган инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон ХДПнинг 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловлардаги Сайловолди дастурида халқ демократиясининг ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби тамойилларига амал қилган ҳолда, давлат ҳокимиятининг сайланма органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, шу жумладан пенсионерлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсад қилиб қўйилган. Мазкур Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларини амалга ошириш бўйича 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган барча ваколатлардан унумли фойдаланиши белгиланганига алоҳида урғу берилди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 майда қабул қилинган “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2009 йил
30 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2014 йил
13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларининг мазмун-моҳияти ва бу қонун, қарор ва фармонлар бераётган янги имкониятлар тўғрисида кенг тушунтиришлар бериш, шунингдек, партия дастурий мақсад ва ғояларининг аҳоли орасида тарғибот-ташвиқоти амалга ошириш зарур.

Айниқса, ёлғиз кексалар, пенсионерларни ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўрганиш, аниқланган масалалар ўз жойида ҳамкор ва мутасадди ташкилотлар вакиллари орқали ижобий ҳал этиш, шунингдек, мазкур масалалар юзасидан маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳисоботлари эшитиш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига масалалар киритиш эътироф этилди.

 Таъкидландики, жойларда партия ҳудудий кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари томонидан ёлғиз кексалар, пенсионерларни ўйлантираётган масалалар мониторинги натижасида ишлаб чиқилган таклифлар асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси орқали тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга эришиш даркор.

Тадбир сўнггида партия Сайловолди дастурида ижтимоий соҳага йўналтирилаётган давлат бюджети даромадлари даражасини янада ошириш ҳамда уларнинг манзиллигини таъминлашга оид масалалар юзасидан билдирилган таклифлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

ЎзХДП Матбуот хизмати