Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

9 Мар 2015

2015 йил 4 март куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайлов штабида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссияси раҳбари Каетана Де Зулуэта ва миссиянинг сиёсий масалалар бўйича мутахассиси Мария Кристелле Мелининг партия марказий сайлов штаби вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида марказий сайлов штаби раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Рустам Камилов мамлакатимизда жамиятни янада демократлаштириш ва янгилаш соҳасида эришилган натижалар, жумладан, аҳоли ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалгани Ўзбекистон ХДП олдига демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида салмоқли ҳамда муҳим вазифаларни қўяётганини таъкидлади.

Р.Камилов, шунингдек, миссия аъзоларини Ўзбекистон ХДП марказий ва ҳудудий сайлов штаблари фаолияти, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Х.Кетмоновнинг сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва унинг сайловолди дастурининг асосий устуворликларидан хабардор қилди.

Мулоқот давомида марказий сайлов штаби вакиллари миссия аъзоларини қизиқтирган барча масалалар бўйича батафсил маълумот берди.

Жумладан, ЕХҲТ миссияси вакилларига партиянинг мазкур сайлов кампаниясидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш учун имзоларни тўплаш қандай ташкил этилганлиги тўғрисида маълумот берилди. 19 январдан 7 февралгача бўлган даврда ушбу вазифани ҳал этишга жойларда бошланғич ташкилотлар раҳбарлари ва маҳаллий партия ташкилотлари сайлов органлари аъзоларидан иборат 11 мингдан зиёд ҳар томонлама тайёрланган партия фаоллари жалб қилинди. Бу ўз вақтида имзоларнинг зарур сонини тўплаш имконини берди.

Тошкент шаҳрида 2015 йил 9 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ХДП IX қурултойининг чақирилиши сайлов кампаниясида муҳим воқеа бўлди. Қурултой Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмоновни кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилди. Қурултойнинг тегишли қарори билан унинг сайловолди дастури маъқулланди. 

Қурултой, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг иштироки муносабати билан маҳаллий партия ташкилотларининг ташкилий ва сиёсий вазифалари тўғрисидаги масалани кўриб чиқди ва тегишли қарор қабул қилди.

Учрашув давомида таъкидландики, номзодни рўйхатга олиш учун зарур ҳужжатлар партия томонидан қонунчилик билан белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилди.  2015 йил 14 февралда Президентликка номзод ва унинг ишончли вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинди. Бу 16 февралдан сайловолди кампаниясини бошлашга имконият яратди, Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг Фарғона ва Наманган вилоятлари сайловчилари билан учрашувлари ташкил этилди.

Ҳозирги кунга қадар, Ҳ.Кетмонов Андижон, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувлар ўтказди, уларда ўз сайловолди дастури бўйича нутқ сўзлади.

Президентликка номзоднинг ишончли вакиллари ҳам сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда, уларнинг аксарияти тегишли ҳудудий партия кенгашлари раҳбарларидир.

Шунингдек, марказий сайлов штаби вакиллари Миссия аъзоларини номзод ва ишончли вакилларнинг жойларда сайловчилар билан учрашувлари қандай ташкил этилганлигидан хабардор қилди. Жумладан, учрашувларни ўтказишга оид тузилган аниқ жадвал уларнинг эътиборини тортди. 

Мазкур ишни мувофиқлаштириш ҳудудий сайлов штаблари зиммасига юклатилган. Уларга, шунингдек, туман ва шаҳар партия кенгашлари аппаратлари ходимлари жалб этилган.

Аниқлаштирувчи саволга миссия аъзолари учрашувларни ташкил этишда номзод ва унинг ишончли вакиллари жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллалар томонидан сайловолди ташвиқотини ташкил этиш борасида ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги ва мазкур масалаларда ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаётганлиги ҳақида хабардор қилинди.

Миссия вакилларини, шунингдек, сайлов кампаниясини молиялаштириш масаласи ҳам қизиқтирди. Миссия аъзоларига бутун сайловолди кампанияси давлат маблағлари ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилаётганлиги, улар тенг миқдорда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган ҳар бир партияга ажратилганлиги ҳақида хабардор қилинди.

Ушбу маблағлардан фойдаланиш кўп миқдорда турли ташвиқот материалларини тайёрлаш имконини берди. Улар Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар ва туманлар марказларининг сергавжум жойларида номзоднинг портрети акс этган баннерлар реклама пештахталарига жойлаштирилди.

Кўплаб рисола ва плакатлар чоп этилди, номзоднинг сайловолди дастури ва таржимаи ҳоли, қатор бошқа ташвиқот материаллари тайёрланди.

Миссия аъзолари саволларига жавоб бериш асносида алоҳида таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига барча номзодларга ОАВда сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун кенг ва тенг имкониятлар яратилди.

Учрашувлар ҳақида маълумотлар ва бошқа сайловолди ташвиқоти материаллари турли ахборот-таҳлилий ва янгилик интернет-сайтларида ҳам ёритилмоқда. 

Жумладан, Ҳ.Кетмонов учрашувлари Ўзбекистон МТРК “Ўзбекистон”, “Ёшлар” ва  ҳудудий телерадиоканаллари, “Халқ сўзи”, “Правда Востока” ва “Народное слово” газеталарида, шунингдек, маҳаллий газеталарда, марказий ва партия босма ОАВларда кенг ёритилмоқда.

Бундан ташқари, сайловолди ташвиқоти мақсадида партия ўзининг босма нашрларидан ҳам фойдаланмоқда, жумладан, ҳафтасига уч марта ўзбек тилида чиқадиган «Ўзбекистон овози» газетаси, ҳафталик рус тилида чиқадиган  «Голос Узбекистана» ҳамда икки ҳафтада бир марта чоп этиладиган Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари партия Кенгашлари газеталаридир.  Партия нашрларида сайловларга оид қатор рукнлар ташкил этилган, булар «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови – 2015”, “Сизда сайлов бўйича савол борми?”, “Сайловчилар билан учрашувлар”, “Ёшлар фикри”. 

Бундай ахборотдан кенг аудитория фойдаланиши учун «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари интернетда ўз сайтларига эга эканлиги муҳим саналади. Бундан ташқари, партия газеталарининг энг муҳим материаллари партиянинг www.xdp.uz сайтида жойлаштирилмоқда. 2014 йилда анча янгиланган ушбу сайт партия ҳақида маълумотларни 3 тилда (ўзбек, рус ва инглиз) тақдим этмоқда, мобил ускуналар ва кўзи заиф одамлар учун версияларга ҳам эга.

ЕХҲТ/ДИИҲБ миссияси вакиллари учрашув давомида билдирган қизиқишига жавобан партиянинг ҳудудий сайлов штаблари билан ўзаро мулоқотда уларга тегишли контакт учун маълумотлар берилди. Миссия аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Умуман олганда, учрашув очиқ ва конструктив мулоқот руҳида қизғин фикрлар алмашуви муҳитида ўтди.

 

ЎзХДП матбуот хизмати