Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

19 Мар 2015

2015 йил 17 март куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий сайлов штабида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроқўми раиси ўринбосари Владимир Гилярович Гаркун ва эксперти Евгений Винсентович Козяк таркибидаги МДҲ миссияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида марказий сайлов штаби раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов меҳмонларни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳақидаги асосий фактлар, унинг аъзолари сони ва таркиби, сиёсий мафкуранинг асосий тамойиллари ва партия доимий электорати, ЎзХДПнинг 2014 йилдаги сайловдаги иштироки натижалари билан таништирди. МДҲ вакиллари, шунингдек, партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки ва сайлов кампаниясини ташкил этиш тўғрисида хабардор қилинди.

Жумладан, миссия вакилларига Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланиши ҳақида эълон қилинганидан кейин Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Пленуми чақирилгани, у партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши ҳақида қарор қабул қилганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.  Партиянинг сайловда иштирок этиши билан боғлиқ барча ишларни мувофиқлаштириш Ўзбекистон ХДП МК ҳузурида ташкил этилган Марказий сайлов штабига ва барча сайлов округларида фаолият юритаётган ҳудудий сайлов штабларига юклатилди.

Қонунчилик билан белгиланган муддатларда жойлардаги сайлов штаблари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон ХДП иштирок этишини қўллаб-қувватлайдиган сайловчилар имзоларини тўплаш жараёни ташкил этилди. Жами 1 млн. 106 мингта имзо тўпланди, бу амалдаги қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқдир. 

2015 йил 9 февралда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ХДП  IX қурултойи чақируви сайлов кампаниясининг муҳим воқеаси бўлди. Қурултой Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Абдураҳманович Кетмонов номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилди. Қурултойнинг тегишли қарори билан унинг сайловолди дастури маъқулланди.

2014 йил 14 февраль куни Марказий сайлов комиссияси номзодни рўйхатга олганидан сўнг белгиланган тартибда сайловолди ташвиқоти бошланди. Бир вақтнинг ўзида Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан 2015 йил 14 февралда Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг 14 та ишончли вакили рўйхатга олинди. 14 сайлов округидан 13 тасида тегишли ҳудудий партия кенгашлари раислари ишончли вакил бўлди. Қонунчиликка мувофиқ, ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайловолди ташвиқотини, шу жумладан, сайловчилар билан учрашувларни олиб боради.

Миссия аъзолари саволларига жавоб бериб, марказий сайлов штаби вакиллари уларни жойларда сайловчилар билан номзод ва унинг ишончли вакилларининг учрашувлари қандай ташкил этилганлиги ҳақида маълум қилди.  Жумладан, уларнинг эътибори учрашувларни ўтказиш аниқ жадвали белгиланганлигига қаратилди. 

Ушбу ишларни мувофиқлаштириш ҳудудий сайлов штабларига юклатилган. Уларга, шунингдек, туман ва шаҳар партия кенгашлари аппаратлари ходимлари жалб қилинган.

Шунингдек, учрашув давомида миссия аъзолари номзод ва унинг ишончли вакиллари учрашувларни ташкил этишда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан сайловолди ташвиқотни ўтказиш жараёнида қонунчиликда белгиланган барча зарур ёрдамни олаётганлиги ва бу масалаларда бирон бир муаммоларга дуч келинмаётганлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлди.

Миссия аъзолари ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам батафсил жавоблар олди.

Умуман олганда, учрашув очиқ, самимий руҳда, конструктив муҳокама ва фикрлар алмашуви шаклида ўтди.

 

Ўзбекистон ХДП МК Матбуот хизмати