Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

27 Мар 2015

2015 йил 27 март куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий сайлов штабида хитойлик кузатувчи Вей Цин билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида марказий сайлов штаби раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов меҳмонни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳақидаги маълумотлар, унинг аъзолари сони ва таркиби, сиёсий мафкуранинг асосий тамойиллари, партия электорати, Ўзбекистон ХДПнинг 2014 йилдаги сайловдаги иштироки натижалари билан таништирди. Шунингдек, хитойлик кузатувчи партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки ва сайлов кампаниясини ташкил этиш тўғрисида ҳам хабардор қилинди.

Жумладан, Вей Цинга Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланиши ҳақида эълон қилинганидан кейин Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Пленуми чақирилгани, у партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши ҳақида қарор қабул қилганлиги ҳақида маълумотлар берилди. 

Учрашув давомида партиянинг сайловда иштирок этиши билан боғлиқ барча ишларни мувофиқлаштириш Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳузурида ташкил этилган Марказий сайлов штабига ва барча сайлов округларида фаолият юритаётган ҳудудий сайлов штабларига юклатилгани эътироф этилди.

Қонунчилик билан белгиланган муддатларда жойлардаги сайлов штаблари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон ХДП иштирок этишини қўллаб-қувватлайдиган сайловчилар имзоларини тўплаш жараёни ташкил этилди. Жами 1 млн. 106 мингта имзо тўпланди, бу амалдаги қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқдир. 

2015 йил 9 февралда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ХДП  IX қурултойи чақируви сайлов кампаниясининг муҳим воқеаси бўлди. Қурултой Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Абдураҳманович Кетмонов номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилди. Қурултойнинг тегишли қарори билан унинг сайловолди дастури маъқулланди.

2014 йил 14 февраль куни Марказий сайлов комиссияси номзодни рўйхатга олганидан сўнг белгиланган тартибда сайловолди ташвиқоти бошланди. Бир вақтнинг ўзида Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан 2015 йил 14 февралда Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг 14 та ишончли вакили рўйхатга олинди. 14 сайлов округида тегишли ҳудудий партия кенгашлари раислари ишончли вакил бўлди. Қонунчиликка мувофиқ, ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам берди, сайловолди ташвиқотини, шу жумладан, сайловчилар билан учрашувларни олиб борди.

Шунингдек, учрашув давомида хитойлик кузатувчи номзод ва унинг ишончли вакиллари учрашувларни ташкил этишда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан сайловолди ташвиқотни ўтказиш жараёнида қонунчиликда белгиланган барча зарур ёрдамни олганлиги ва бу масалаларда бирон бир муаммоларга дуч келинмагани ҳақидаги маълумотларга ҳам эга бўлди.

Меҳмонлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.

Учрашув очиқ, самимий руҳда, конструктив муҳокама ва фикрлар алмашуви шаклида ўтди.

 

Ўзбекистон ХДП МК

матбуот хизмати