Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

28 Мар 2015

2015 йил 28 март куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий сайлов штабида Латвия Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Арнис Циндарс билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида марказий сайлов штаби раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов меҳмонни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳақидаги маълумотлар, унинг аъзолари сони ва таркиби, сиёсий мафкуранинг асосий тамойиллари, партия электорати, Ўзбекистон ХДПнинг 2014 йилдаги сайловдаги иштироки натижалари билан таништирди. Шунингдек, Циндарс партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки ва сайлов кампаниясини ташкил этиш билан боғлиқ амалга оширилган тизимли ва кенг кўламли ишлар тўғрисида ҳам батафсил хабардор қилинди.

Учрашув давомида партиянинг сайловда иштирок этиши билан боғлиқ барча ишларни мувофиқлаштириш Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳузурида ташкил этилган Марказий сайлов штабига ва барча сайлов округларида фаолият юритаётган ҳудудий сайлов штабларига юклатилгани эътироф этилди.

2015 йил 9 февралда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ХДП  IX қурултойи чақируви сайлов кампаниясининг муҳим воқеаси бўлди. Қурултой Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилди.

2014 йил 14 февраль куни Марказий сайлов комиссияси номзодни рўйхатга олганидан сўнг белгиланган тартибда сайловолди ташвиқоти бошланди. Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов 3000 дан ортиқ сайловчилар билан учрашди. 14 та сайлов округида ишончли вакиллар 195 тадан ортиқ учрашувлар ўтказишди. Уларда 28000 дан зиёд сайловчи қатнашди.

Таъкидландики, “Сайлов – 2015” – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси даврида Ўзбекистон ХДП тарғибот-ташвиқот ишларида юртимиздаги барча сиёсий партиялар қатори ОАВдан унумли ва самарали фойдаланди. Тўртта сиёсий партия томонидан сайлов тарғиботини олиб бориш учун тенг равишда 900 дақиқа эфир вақти берилди.

Жумладан, партиямиздан кўрсатилган номзоднинг чиқишлари (ўн дақиқалик нутқи ва интервьюси), сайловчилар билан учрашувлари, унинг ишончли вакиллари томонидан ўтказилган учрашувлар республика телеканалларида 138 маротаба, маҳаллий телеканалларда 142 маротаба, республика радиоканалларида 62 маротаба, нодавлат радиоканалларида 119 маротаба, маҳаллий радиоканалларда 110 маротаба акс этди.

Бундан ташқари, “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” республика марказий нашрларида ҳам ҳар бир партиянинг тарғибот-ташвиқоти учун тенг равишда 10 саҳифадан жой ажратди. Партиямиз юқоридаги газеталарнинг ҳар бирида 14 маротабадан, маҳаллий газеталарда 91 маротаба ва бошқа марказий босма нашрларда 11 маротабадан чиқиш қилди.

Партиямизнинг марказий нашрлари – “Ўзбекистон овози”да 41 маротаба ва “Голос Узбекистана”да 16 маротаба партиянинг сайлов кампаниясидаги иштироки ёритилди.

Бундан ташқари, сайлов кампанияси билан боғлиқ жараён партия веб-сайтида 119 маротаба, бошқа интернет сайтларида эса 175 маротаба ёритилди. Шу кунгача бўлган жами чиқишлар 1066 та ташкил этди.

Учрашув давомида меҳмон номзод ва унинг ишончли вакиллари учрашувларни ташкил этишда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан сайловолди ташвиқотни ўтказиш жараёнида қонунчиликда белгиланган барча зарур ёрдамни олганлиги ва бу масалаларда бирон бир муаммоларга дуч келинмагани ҳақидаги маълумотларга ҳам эга бўлди.

Меҳмон ўзини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.

Учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтди.

 

ЎзХДП Матбуот хизмати