Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

28 Ноя 2016

2016 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов Сирдарё вилоятида сайловчилар билан учрашди.

Сирдарё вилояти Сардоба туман ҳокимлигининг мажлислар залида видео конференция тарзида ташкил этилган учрашувда, туманлардаги студиялар орқали 2 мингга яқин сайловчилар иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдуғаффор Қирғизбоев олиб борди.

Дастлаб, номзоднинг ишончли вакили Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Алишер Тошматов йиғилганларни Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг, сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хатамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.

Президентликка номзод, дастлаб, Сирдарё вилояти бир пайтлар Мирзачўл деб аталгани ва Истиқлол йилларида мамлакатимиздаги энг истиқболли минтақаларидан бирига айланганини, бугунги кунда эса мамлакатимиздаги электр энергетикаси, енгил саноат, озиқ-овқат ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ривожланган ҳудудлардан бири ҳисобланишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, ҳудуднинг ўзига хос табиати ва серунум тупроғида Сирдарёлик мехнаткашлар томонидан етиштирилаётган дон, мева-сабзавот ва бутун Ўзбекистонга донғи кетган Мирзачўл қовунлари халқимиз дастурхонини безаб, тўкин қилиб келаётганини эътироф этди.

Номзоднинг маърузасида, вилоятда барча жабҳаларда қўлга киритилган ютуқлар ҳақида гапирганда, алабатта, вилоят халқининг меҳнаткашлиги, тадбиркорлиги, ўз она замини тараққиёти учун фидойилиги ва жонкуярлигини таъкидлаш лозимлиги ҳақида сўз бориб, мамлакатимизда 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда сирдарёликларнинг ҳам фаол иштирок этишига катта ишонч билдирилди.

Номзод ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, дастурда, мамлакатнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосида, ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилганини таъкидлади.

Номзод ўз дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги, шунингдек мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда катта қизиқишга сабаб бўладиган масалалар бўйича қарорларни қабул қилишдан аввал ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурийлигини белгилаш лозимлигини тилга олди.

Номзоднинг маърузасида, сайловолди дастурида “Кексаларимиз учун муносиб пенсия таъминоти!”, “Биз кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!” шиорлари негизида мамлакатимиз равнақи, улғайиб келаётган ёш авлодга озод ва обод Ватан қолдириш борасидаги ишларга ўз ҳиссасини қўшган кекса авлод учун муносиб турмуш шароитини яратиш ғояси илгари сурилаётгани хусусида сўз борди.

Шундан сўнг, асосий маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар.

Сайловчилар ўз чиқишларида номзод дастурида илгари сурилган ўқиш учун шартнома пулларини тўлашга қийналаётган, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг шартнома пулларини тўлаётган корхоналарни рағбатлантириш, бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, коллеж ва академик лицейларини ўқув адабиётлари билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш масаласини қўллаб-қувватладилар.

Шунингдек, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни рағбатлантириш бўйича илгари сурилган таклифларни сайловчилар ижобий баҳоладилар.

Анжуман жараёнида сўзга чиққанлар сайловчиларни мамлакатимиз тақдирида муҳим аҳамиятга эга бўлган 4 декабр – сайлов куни Хатамжон Кетмоновга овоз беришга чақирдилар.

Шундан сўнг савол-жавобларга ўтилди. Унда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакилларидан атрофлича жавоб олишди.

 

Ўзбекистон ХДП МК

Матбуот хизмати.