Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

30 Ноя 2016

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Темурийлар тарихи Давлат музейининг мажлислар залида 3-декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Партия электорати бўлган ногиронларни ижтимоий муҳофазаси, амалга оширилаётган ижобий ишлар ва мавжуд камчиликларни бартараф этишда партия ташкилотларининг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг маъсул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фракция аъзолари, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд ногиронларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинади.

Жумладан, 1991 йил 18 ноябрда «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши ҳамда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада кучайтириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорлари фикримизга яққол мисол бўла олади.

1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган юқоридаги қонун 2013 йилда “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунга мувофиқ янги таҳрирда қабул қилинди. Шунингдек, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда.

Албатта, ногиронларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳаётда тенг имкониятлар яратиб бериш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаш, ижтимоий адолат принципини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш орқали янги ижтимоий технологияларни жорий этиш асосида, уларнинг ижтимоий таъминотга бўлган эҳтиёжларини тўлиқроқ қондириш зарурлиги масаласи аниқ белгилаб қўйилган.

Ўтказилган давра суҳбати ҳам партия Сайловолди дастурида қайд этилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ХДП томонидан ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш йўлларини муҳокама қилиш, мамлакатимизда ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир меъёрий ҳужжатлар хусусида йиғилганларга тушунча бериш, ногиронларнинг ижтимоий муҳофазаси бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлар ва мавжуд камчиликларни бартараф этишда партия ташкилотларининг ўрнини аниқлаш ва ушбу йўналишда фаолият олиб бориш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда сўз олганлар, жисмоний имкониятлари чекланган фуқароларимизнинг ижтимоий муҳофазаси йўлида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлигини таъкидладилар. Жумладан, ҳозирги кунда ногиронларни даволаш-профилактика хизмати билан қамраб олиш тизими яхши йўлга қўйилмаганлиги, уй-жой маиший шароитларини яхшилашга доир ишларни бир маромда бўлмаётганлиги ҳам тилга олинди.

Шу билан бирга, маърузачилар Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралар, корхоналар, бирлашмалар ва муассасаларда жамоада ишловчилар умумий сонининг камида уч фоизи ҳисобидан ногиронларнинг меҳнат қилишлари учун ишчи ўринлари банд қилиб қўйилганлик ҳолати талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги, мазкур тадбирни ташкил этиш орқали партия томонидан қилиниши лозим бўлган ишлар хақида тегишли тўхтамга келиб олиш фурсати етганлиги бўйича мулоҳаза билдирдилар.

Тадбир давомида, ногиронлар учун ишчи ўринлари банд қилиб қўйилишини таъминламайдиган ёки уларни иш билан таъминлашдан бош тортувчи корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларини амалдаги қонунларда белгиланган жавобгарлигини кўчайтириш, ишга яроқли ногиронларни тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишда кўмаклашиш, (бизнес режаларини тузишда амалий ёрдам бериш, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган солиқ юкини камайтириш билан бирга имтиёзлардан кенгроқ фойдаланиш мехазанизмини такомиллаштириш) ва ишга лаёқатли ногиронларни меҳнатидан унумли фойдаланишни йўлга қўйишда энг аввало, касаначиликни, корхоналар билан кооперация асосида, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қилинаётган амалий ишларда Ўзбекистон ХДП фаолияти юзасидан мониторинг ишларини ташкил этилиши лозимлиги қайд этилди.

Давра суҳбати якунида, иштирокчилар томонидан берилган саволларга, тегишли жавоб қайтарилди. Жисмоний имкониятлари чекланган бўлса-да ҳаётга катта муҳаббат ва матонат билан яшаётган юртдошларимизга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Матбуот хизмати.