Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

17 Дек 2016

Юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук, салоҳиятли инсонлар этиб вояга етказиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Қаратилаётган юксак эътибор самараси ўлароқ, улар демократик жараёнлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшишга интилмоқдалар. Бугунги кунда демократлаштириш жараёнларига ёшларни жалб қилиш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлардан уларни етарлича хабардор қилиш, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий билимларини ошириш орқали мазкур жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бунда давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялар зиммасига ҳам улкан масъулият юкланади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастурида белгиланган вазифаларни кенг тарғиб қилиш, партия фаолиятига ёш иқтидорли кадрларни жалб қилиб бориш, республикамизнинг ёшларга оид қонунларини кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизда эркин демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида 2008 йилдан буён “Ёш сиёсатчи” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

(1- кун: “Темурийлар тарихи” Давлат музейи)

Ўзбекистон ХДПнинг “Ёш сиёсатчи-2016” кўрик танловининг якуний республика босқичи жорий йилнинг 15, 16 ва 17 декабрь кунлари бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ғолибликни қўлга киритган истеъдодли ёшлар учта шарт бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.

 Мазкур кўрик-танлов “Мен Ватаним равнақига хисса қўшишни хохлайман” ғоясини ёшлар онгу тафаккурига сингдириш, Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастури ҳамда Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалиётга тадбиқ этиш, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш мақсадида ташкил этилди. Иштирокчилар орасида “Навоий” номидаги Давлат стипендияси, “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти, “Юрт келажаги” каби нуфузли танлов совриндорлари борлиги мазкур босқичнинг янада мазмунли ҳамда қизғин бахсларга бой тарзда, юқори савияда ўтишига замин яратди.

Танловнинг очилиш маросими “Темурийлар тарихи” Давлат музейида бўлиб ўтди. Очилиш маросими давра суҳбати кўринишида ташкил этилди. Давра суҳбатида, партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар, партия фаоллари, Республикамизнинг барча ҳудудларидан ушбу кўрик танловнинг Республика босқичида ғолибликни қўлга киритиш учун йиғилган танлов қатнашчилари ҳамда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида 2 ва 3 ўринни эгаллаган ёшлар қатнашдилар. Унда сўз олганлар саккиз йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ёш сиёсатчи” кўрик-танлови йилдан-йил ўзига истеъдодли ҳамда фаол ёшларни жалб қилаётгани, жумладан, ушбу кўрик-танловларда 2008 йилда 4 000 нафар ёшлар иштирок этган бўлса, 2016 йилда эса 19 500 нафардан ортиқ ёшлар қатнашганини алоҳида эътироф этдилар. Жорий йилда танлов иштирокчилари сони 19 500 нафардан ортиши йилдан-йилга ёшларимиз ижтимоий –сиёсий жараёнларда фаол бўлишга интилаётганининг ёрқин тасдиғи экани таъкидланди.

Шу куни, иштирокчилар “Темурийлар тарихи” давлат музейи билан яқиндан танишдилар.

(2 - кун: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси)

 Ўзбекистон ХДП нинг “Ёш сиёсатчи- 20 16” танловида 18 дан 30 ёшгача бўлган ўз лойиҳасига эга (кўрик-танлов ўтказилаётган йилда 30 ёшга тўладиганлар бундан мустасно) партия аъзолари қатнашиш имкониятига эга ва ҳар йили ана шу ёшлар орасидан танлов орқали сиёсий етакчилик қобилияти борларини аниқлаш ва иқтидорини янада ривожлантиришга эришилаётгани унинг аҳамияти салмоғидан дарак беради.

Бу йилги танловда ижтимоий сиёсий жиҳатга кўпроқ аҳамият қаратилиб, “1-лойиҳа тақдимоти шарти”да иштирокчи 5 дақиқа давомида ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларни янада ривожлантиришнинг аниқ масалалари: янги иш ўринлари яратиш, ёш оилаларни қўллаб қувватлаш, қишлоқ жойларда ёки маҳаллаларда ижтимоий инфраструктурани ривожлантириш ва тегишли муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз лойиҳасини тақдим этса, “2-билимдон сиёсатчи шарти”да иштирокчи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сиёсий партиялар, сайловлар, ёшларга оид қонунлар, Оила, Меҳнат кодекслари, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари юзасидан саволларга жавоб беради. “3-Нотиқлик санъати шарти”да иштирокчи мавзуни ўзининг ижтимоий-сиёсий билим салоҳиятини нотиқлик санъати асносида очиб беради.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Матбуот хизмати