Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

21 Янв 2017

2017 йил 21 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, минтақавий партия кенгаши раислари, Марказий Кенгаш масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари, ва депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидландики, маърузанинг энг аҳамиятли жиҳати, унда ўтган йилда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг танқидий таҳлили, 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари, ҳамда келгуси беш йил давомида амалга ошириладиган стратегик вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур йиғилиши жонли мулоқот шаклида, очиқлик ва ошкоралиқ руҳда ўтганлиги, маърузада масалаларга танқидий, таҳлилий ёндашилгани, вазиятга холис баҳо берилгани, ҳар бир соҳа ва йўналишлар бўйича аниқ таклиф ва ғоялар илгари сурилгани бутун халқимизда ўз келажагига нисбатан юксак ишоч туйғусини ўйғотганлиги алоҳида эътироф этилди.

Халқ демократик партияси йиғилишида, маърузада айниқса, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, оилавий бизнес, касаначиликни ривожлантириш, аҳолини дори воситалари билан ишончли таъминлаш, қариялар ва ногиронларни давлат томонидан ижтимоий ҳимоя қилиш борасида аниқ вазифалар қўйилганлиги тўла қўллаб-қувватланди. Шу билан бирга бу йўналишлардаги вазифаларни амалга оширишда партия ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаол иштирок этиши алоҳида таъкиланди.

Хусусан, бу борада аввало «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури ва «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган инсонпарварлик ва халқчиллик тамойилларига йўғрилган олижаноб ғоянинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш масаласига эътибор қаратилди.

Таъкиландики, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш мақсадида, қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш, бунда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан маҳаллий Кенгаш депутатларининг узвий ҳамкорлигини кучайтириш зарур.

Шунингдек, партия ташкилотлари қошида фуқароларнинг мурожатларини ва жойларда пайдо бўлаётган муаммоларни ўрганиш, уларни ижобий ҳал этиш мақсадида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларидан кенг фойдаланиш лозим. Бу борада Президентимизнинг “Ана шу ишларнинг бош мақсади – фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. ...Бундан буён агар аризачи олган жавоб хатидаги ўз қонуний муаммоси ечимидан қаноат ҳосил қилмаса, бундай мурожаат назоратдан олинмайди.”деган фикрлари дастуруламал бўлиши таъкидланди.

Президент маърузасида ифода этилган ижтимоий соҳада, аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш борасидаги вазифалар айниқса, партия электорати бўлган аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтожа қатламлари манфаатлари учун ниҳоятда муҳимдир.

Бу борада аввало, қонунчилигимизда маҳаллий Кенгаш депутатларига берилган ҳуқуқ ва ваколатлардан келиб чиқиб, аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтиришга қаратилган фаолияти юзасидан мутасадди ташкилотлар мансабдар шахсларининг ахборотини эшитиш, депутатлик сўрови институтидан самарали фойдаланиш лозимлигини таъкидланди.

Маълумот ўрнида келтирилдики, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастуридан келиб чиқиб 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури доирасида 2016 йилда партиянинг маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш, дори воситалари ва фармацевтик фаолият билан боғлиқ 35 та масала туман ва шаҳарларда ўрганилиб, уларнинг 32 таси партия гуруҳларида, 25 таси доимий комиссияларда ҳамда 24 таси сессияларда муҳокама қилинган. Аммо, бу борадаги ишлар етарли эмаслиги таъкидланиб, ижтимоий соҳалардаги муаммоларни ҳал этишда депутатлар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда аҳоли, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларни мустаҳкамлашда Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ташаббускорлигини ошириш, маҳаллий кенгашлар депутатлари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш масалаларида депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, тадбирда аёллар ўртасида жиноятчилик, ёшларнинг турли диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиши ҳолатларининг олдини олиш масаласида фикр юритилиб, аёлларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш, бунинг энг самарали йўли сифатида оилавий бизнес, касаначилик, ҳунармандчилик, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш, давлатнинг ёшларга доир сиёсатини амалга оширишда таълимнинг янги, замонавий усулларини, жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, таълим муассаларига қатнаш имкониятига эга бўлмаган ногирон болалар учун инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган масалалар бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Тадбирда партиянинг марказий органлари ва минтақавий кенгашлари раҳбарлари олдига жойларга чиқиб, партия электорати бўлган ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли манфаатларини таъминлаш бўйича туман ва шаҳарлардаги ишларнинг аҳволи, чекка ҳудудларда яшовчи ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва бошқа эхтиёжманд одамларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, уларни ҳал этиш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, аҳоли, хусусан партия электорти бўлган ижтимоий ёрдамга мухтож қатламлар учун муносиб ҳаёт шароитларини таъминлаш, ушбу жараёнда дуч келаётган камчиликлардан кўз юммай, уларни самарали ҳал қилиш бўйича пухта таклифлар устида ишлаш ҳамда бу борадаги якуний натижалар учун партиянинг барча даражадаги ташкилотлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги таъкидланди.

Йиғилишда, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари танқидий таҳлил қилинди ҳамда 2017 – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Матбуот хизмати.