Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

26 Янв 2018

2018 йилнинг 26 январь куни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Ислом Каримов – истиқлол меъмори” мавзусида маънавий-маърифий анжуман ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар кенгаши ходимлари ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида иштирокчилар Биринчи Президентимиз номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуада қад ростлаган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, халқимизнинг фидойи фарзанди хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Анжуманда эътироф этилдики, ўзбек давлатчилигининг асосчиси Ислом Каримов мамлакатимиз сиёсий тизимини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. У демократия принципларининг амалга оширилишини таъминлаб, кўппартиявийликни, сиёсий ғоялар ва нуқтаи назарлар рақобатини ривожлантиришнинг изчил тарафдори бўлди. Миллий парламент тизимининг қарор топиши ва ривожланиши ҳам бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқдир.

Хусусан, парламент соҳасида амалга оширилган дастлабки ислоҳотлар 1990 йил февраль-март ойларида Олий Кенгашга ўтказилган сайловларда ўз аксини топди. Ушбу тузилма мамлакатимиз тарихидаги энг муҳим ислоҳотларни юридик жиҳатдан расмийлаштирди, айтиш мумкинки, биз барпо этаётган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатнинг тамал тошини қўйди.

Икки палатали парламентни ташкил этиш ғояси, таклифи Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилди ҳамда илк бора 2000 йил 25 май куни бўлиб ўтган иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи сессиясида «Ўзгариш ва янгиланиш — ҳаёт талаби» номли маърузасида ушбу масалаларга тўхталди: «...биз 2004 йилда бўладиган сайловларда парламентни икки палатали қилиб ташкил этишимиз лозим. Бунда қуйи палата — Олий Мажлис партиялар вакиллари ва мустақил депутатлардан сайланади. Сиёсий партиялар ва аҳоли йиғилишлари унга ўз вакилларини ўтказади, улар парламентда доимий равишда ишлайди... Муҳими шуки, янги шаклдаги парламентда мутахассис депутатлар фаолият кўрсатади, яъни у профессионал парламент бўлади».

Икки палатали парламент ташкил этилгач, 2005 йил 27 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида Буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг айтган қуйидаги сўзлари ҳам айни ҳақиқатдир: “Парламент – бу жамият ҳаёти ёрқин акс этадиган кўзгудир. Бинобарин, жамиятимиздаги мавжуд интилишлар, фикрлар ва қарашлар парламент баҳс-мунозараларда ўз аксини топмоғи лозим. Фақат ана шундагина парламент халқимизнинг барча орзу-истаклари ва хоҳиш-иродасини, унинг барча эзгу мақсадларини ҳаётга татбиқ этади. Фақат ана шундагина одамлар бундай қонунчилик ҳокимиятига ишона бошлайдилар”. Мамлакатимиз Биринчи Президентининг миллий қонунчилигимиз қарор топиши ва ривожланишига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. У демократик талабларга ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳақли равишда муаллифи ҳисобланади ва Конституция ҳаётга татбиқ этилишининг ҳақиқий кафолатчиси бўлди.

Юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда «ўзбек модели» деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган Ислом Каримов қалбларимизда абадий қолиши ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси сифатида мангу яшаши хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Матбуот хизмати сектори