Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

6 Апр 2018

2018 йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП олдида турган муҳим вазифалар” мавзусидаги амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят кенгашлари масъуллари, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, “Фаол аёллар” қаноти аъзолари, партия электорати вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.

“Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонининг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, фармондан келиб чиқиб, партия кенгашлари ҳамда депутатлик гуруҳлари олдида турган вазифаларни белгилаб олиш, шунингдек партия сафига фаол ташаббускор хотин-қизларни кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Президент фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва бу борада партия электорати бўлган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилишда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда манзилли ишларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидландики, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, илғор ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада амалга оширилаётган фаолиятни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, мазкур фармонда жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлашда, шунингдек, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий ишларни бажаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон ХДПнинг дастурида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг тушадиган мазкур вазифаларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон ХДП Марказий ҳамда маҳаллий кенгашлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни манзиллари билан аниқлаш ва режа асосида хонадонма-хонадон кириб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, муаммоларини аниқлаб, уларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида “Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш бурчимиз” лойиҳаси, хотин-қизлар касаначилик, оилавий тадбиркорликка жалб қилиш орқали бандлигини таъминлашга кўмак бериш мақсадида “аёллар бандлиги-оила фаровонлиги гарови”, “Ижтимоий ҳимоядан - ижтимоий фаоллик сари” лойиҳаси, жойларда аҳолига, жумладан аёллар, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифат, даражасини ошириш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиб, имтиёзли даволанишлари учун кўмак бериш мақсадида “аёллар соғлиги-жамият бойлиги”, “Ижтимоий кўмак - ташаббускорликка йўл очмоғи керак” лойиҳалари режа асосида барча минтақаларда амалга оширилмоқда ва анчагина амалий ишлар, натижаларга эришилмоқда. Мисол учун, жойларда 200000 га яқин ногиронлиги бўлган аёллар рўйхати манзиллари билан шаклллантирилди, ҳар ойда 700-800 нафарга яқин ногиронлиги бўлган аёллар ҳолидан хабар олинмоқда, ногиронлик аравачалари, қўлтиқ таёқ, эшитиш мосламалари олиб беришда, моддий ёрдам берилишида, уй-жойларини таъмирлаб беришда, пенсия ва нафақага чиқишларида, шунингдек, ўз ишини бошлаши учун хотин-қизларга кредит олиб беришда ёрдам берилмоқда.

Мазкур ишларни янада жадаллаштириш ҳамда Президентимиз фармонида белгиланган вазифалар кўламидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан, барча даражадаги партия ташкилотларида Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича раис ўринбосарлари лавозимлари жорий этилди.

Семинарда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги партия ташкилотларида жорий қилинган Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича раис ўринбосарларининг лавозим мажбуриятлари ва вазифалари муҳокама қилинди ва улар олдида турган долзарб вазифалар аниқлаб олинди.

Якунда Фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда туркум тадбирларни ташкил этиш ҳамда уларни юқори савияда, натижали ва самарали ўтказиш юзасидан партия кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари аъзолари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

матбуот хизмати