Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ПРЕСС-РЕЛИЗ

7 Апр 2018

Амир Темур – халқимиз тарихи солномасидаги нажоткор қаҳрамонлардан бири. Мустақилликка эришганимиздан сўнг маънавий тикланиш ва янгиланиш ислоҳотлари улуғ аждодларимизнинг муборак номи, бой мероси, хотираси ва тарихий сиймосини тиклаш асосига қурилди. Бунинг самарасида халқимиз ҳар йили Соҳибқирон таваллуд топган кунни улуғ аждодимиз хотирасига эҳтиром сифатида кенг байрам қилмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан жорий йилнинг 7 апрель куни Темурий тарихи давлат музейида “Амир Темур сиймоси – ёшларга ўрнак” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий ҳамда маҳаллий Кенгашлар масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари, Маънавият тарғибот марказининг жойлардаги вакиллари, электорат вакиллари,шоир ва ёзувчилар, ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими, Темуршунос олим Бахтиёр Хайдаров, Фармацевтика институти Тиллар кафедраси мудири, доценти Саодат Тўйчиева ва бошқалар Амир Темур нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки ўз вақтида Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор бўлганини таъкидлади. Бугунги кунда Амир Темур шахси ва фаолиятига қизиқиш халқаро майдонда тобора ортиб бормоқда.

Тадбирда қайд этилдики, буюк бобомизнинг қандай замин ва тарихий шароитда ўсиб-улғайгани, қай тариқа шундай юксак чўққиларга кўтарилгани, давлат арбоби, енгилмас саркарда ва инсон сифатидаги фазилатлари ҳақида шарқ ва ғарб тилларида бир ярим мингдан ортиқ асар битилган. Дунёнинг 50 га яқин мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда.

Амир Темур феноменини англаш, холис ва ҳаққоний ёритишга фақат мустақиллик туфайли кенг йўл очилди: 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили бўлди, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди, Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида муҳташам ҳайкаллари қад ростлади. Улуғ бобомиз шарафига орден таъсис этилди. 2011 йил “Темур тузуклари” асари мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгидан чоп этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида «Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: «Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!» деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур», деган эзгу даъвати улуғ аждодимиз хотирасига кўрсатилаётган улкан эҳтиромнинг бардавомлигидан далолат.

2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, мамлакатимиздаги барча ҳарбий академик лицейларга «Темурбеклар мактаби» номи берилгани эса, ёшлар Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатларини ўрганиши, буюк саркардага муносиб ворис бўлишига хизмат қилади.

Бугун мамлакатимизда катта ғайрат-шижоат билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг дунёқарашига моҳиятан уйғундир.

Тадбирда темуршунос олимлар томонидан таъкидланганидек, Амир Темур Оқсарой пештоқига «Адолат – давлат асоси ва ҳукмдорларнинг шиоридир», деган ёзувни ёздирган ва фаолиятини ушбу ҳикматга амал қилган ҳолда олиб борган. Мамлакатимизда кейинги йилларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Зеро, мамлакатимизда мазмун-моҳиятига кўра тобора кенг кўлам касб этиб бораётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун кўмаклашишга қаратилгандир. Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу мақсад ва вазифалар ижроси ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда.

Бугун мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимга асос солингани ўзбек давлатчилик мактабига мансуб адолатпарварлик, ҳақиқатни таъминлаш борасидаги ана шундай буюк анъаналарнинг мантиқий давоми бўлмоқда.

Тадбирда Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов Амир Темур ҳаётига бағишланган саҳна асарларидан монологлар ўқиди.

Тадбир иштирокчилари музей экспонатлари билан танишди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Матбуот хизмати