Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

БАЛАНДПАРВОЗ ГАПЛАРДАН – АМАЛИЙ НАТИЖАЛАРГА

01.03.2018

Умурбек БЕКТЕМИРОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси:

— 2017 йилда бир нечта лойиҳани амалга оширдик, ёшларга янада яқинлашдик, уларнинг эътиборини қозондик, деб ўйлайман.

Бугунги кунда партиямизнинг 450 минг нафардан ортиқ аъзоларидан 40 фоизга яқинини «Истиқбол» ёшлар қаноти сафидаги йигит-қизлар ташкил этади. Ўтган йили «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови иштирокчилари ҳар йилгидан ҳам кўп бўлди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан истеъдодли, билимли ва зукко ёшлар сараланди ва рағбатлантирилди.

Турли тадбирларда ёшлар орасида бўлиб, уларнинг фикрларини эшитиб, мамлакатимиз ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларга муносабатини кўриб, зиммамизда катта масъулият турганини англадим. Умумий, баландпарвоз гаплар, мақсади аниқ бўлмаган тадбир ва лойиҳалар билан бугунги ёшларнинг эътибори ҳамда ишончини қозониш қийин экан.

Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ёш оилалар учун арзон уй-жойлар қуриляпти, ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш масаласи шахсан давлатимиз раҳбарининг эътиборида турибди. Ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ишларини янги босқичга кўтариш мақсадида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Янги йил режаларига келсак, қатор лойиҳаларни режалаштирдик. Президентимиз Олий Мажлисга Муро­жаатномасида ёшларимиз хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлишлари мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Шу асосда «Истиқбол» ёшлар қаноти жорий йилда янги ло­йиҳаларни амалга оширишни мақсад қилди.

Ўйлайманки, Янги йил партиямиз сафидаги ёшлар, «Истиқбол» ёшлар қаноти учун муваффақиятларга бой бўлади. Бунинг учун ҳар доимгидан кўп изланишимиз, фидойилик кўрсатишимиз керак.