Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

САЙЛОВЛАРДА ҒАЛАБА ҚОЗОНИШ УЧУН ҚАТТИҚ КУРАШМОҚ КЕРАК БЎЛАДИ

03.11.2014

Урганч шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хоразм вилоят кенгашининг пленуми ўтказилди. Унда шу йилнинг 21 декабрида бўладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар муносабати билан ЎзХДП вилоят Кенгаши, маҳаллий партия ташкилотларининг вазифалари кенг муҳокама этилди. Ушбу масала юзасидан партия вилоят кенгаши раиси Раимберган Сабуров маъруза қилди.

Пленумда сайловлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги босқичида ўтаётгани билан янада аҳамиятли экани таъкидланди. Бу эса ўз навбатида партия ташкилотлари ва албатта улар томонидан кўрсатилаётган депутатликка номзодлар зиммасига жуда катта масъулият юклайди.

— Сиёсий партиялар орасида рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги вазиятда сайловда муваффақият қозониш осон бўлмайди, — деди ЎзХДП Хонқа туман кенгаши раиси Аҳмаджон Ваисов. — Бунинг учун жойларда партия кенгашлари ва бошланғич ташкилотлар ишини ҳамжиҳатликда ташкил этиш керак. Улар ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириши зарур. Шунингдек, сайловда яхши натижаларни қўлга киритиш учун ишончни оқлайдиган, юртимизда рўй бераётган ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган, уларни янада ривожлантириш бўйича ўз позициясига эга бўлган партиядошларимизни депутатликка номзод қилиб кўрсатишимиз ва уларнинг сайланиши учун бор имкониятларни ишга солишимиз лозим, деб ўйлайман.

— Биз аввало кўрсатилаётган номзодларни танқидий нуқтаи назардан ўрганиб чиқдик, — деди ЎзХДП Хива туман кенгаши раиси Шоназар Матяқубов. — Негаки, кўрсатилаётган номзоднинг обрў-эътибори ҳудудий партия ташкилотининг обрўсини ҳам белгилайди. Демак, эл-юртга хизмати синган, фидойи, ҳар томонлама ибратли, сиёсий етук кишиларни кўрсатсак, нафақат кўп­роқ депутатлик ўринларини қўлга киритамиз, балки партиямиз қабул қиладиган сайловолди дастурини татбиқ этиш бўйича имкониятларимиз ҳам юқори бўлади.

— Юқорида тўғри таъкидланди, биз тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этишимиз зарур, — деди вилоят партия кенгаши раиси Раимберган Сабуров. — Хўш, сайловолди ташвиқотида нималарга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади? Бунда, албатта, ўтган беш йилдаги амалий ишларимиз таҳлилига таяниш керак. Масалан, ҳисобот даврида партия кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналарига икки минг нафардан ортиқ фуқаро мурожаат қилди. Бу мурожаатларнинг 80 фоиздан ортиғида кўтарилган масалалар ижобий ҳал этилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ўтган даврда сессиялар кун тартибига 50 дан ортиқ масала киритди. Айниқса, халқ депутатлари Хонқа, Янгиариқ ва Ҳазорасп туман Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз бу борада фаол бўлиб, электоратимизни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш учун долзарб масалаларни депутатларимиз сессиялар муҳокамасига олиб чиқишди ва қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиб, сайловчилар ишончини муайян даражада оқлашди.

Пленумда халқ депутатлари вилоят Кенгашига номзодлар кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан ишлаб чиқилган ЎзХДП сайловолди дастури лойиҳаси ҳамда партиямиз Уставига ўзгартиришлар киритиш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди. Пленумда вилоят партия ташкилотидан халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутатлигига 60 нафар номзод кўрсатилди.

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.