“Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтириш масалалари” мавзусидаги амалий семинар

КОНЦЕПЦИЯСИ

Тадбирнинг ўтказилиш вақти ва жойи: 2019 йил апрель-сентябрь, барча минтақа ва ҳудудларда

Тадбир давомийлиги: 3 соат

Тадбир ташкилотчилари: Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори

Тадбир иштирокчилари: Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда мирнтақавий кенгашлар масъул ходимлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг жамоатчилик асосидаги хотин-қизлар масалалари бўйича раис ўринбосарлари, депутат аёллар, захирага олинган, номзоди депутатликка кўрсатиладиган хотин-қизлар, Хотин-қизлар қўмитаси, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамда ОАВ вакиллари.

Кириш:

Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим омили бўлган, фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий онги, уларнинг мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар юзасидан билимларини оширишда сиёсий партияларнинг роли каттадир. Шу жумладан, юртимизда хотин-қизларнинг ҳам ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий билимини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, оғирини енгил қилиш, оила ва жамиятдаги нуфузини ошириш, давлат ва жамият қурилишида фаол иштирокини таъминлаш ҳар қандай сиёсий партиянинг олдида турган муҳим масалалар сирасига киради.

Кейинги йилларида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини янада юксалтириш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштириш, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида уларнинг фаол иштирокини таъминлаган ҳолда, ташаббускорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг мавқеини ошириш ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ва «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунларда хотин-қизлар сони сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозимлиги қонуний асосланган. Мазкур норма орқали аёлларнинг сайловларда ўз номзодларини қўя олиш имконияти вужудга келди, иккинчидан, сайловчиларда ҳам танлаш доираси кенгайди. Бу эса, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга тўлиқ мос ҳолда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, уларнинг оила, давлат ва жамият қурилишидаги вазифаларини ҳал этишдаги ўрни ҳамда нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Яратилган шундай имкониятлар натижасида мамлакатимиз парламентида ва маҳаллий кенгашларда хотин-қизлар сони ва ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 5 нафар, сенатда 4 нафар, маҳаллий кенгашларда 480 нафардан ортиқ партиямиздан сайланган депутат аёллар партия электорати манфаатларини ҳимоя қилмоқдалар.

Ўзбекистон Халқ Демократик партияси аъзоларининг 280 минг, яъни 49 фоизга яқинини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Улардан 400 нафардан ортиғи минтақавий ва маҳаллий партия ташкилотларида турли лавозимларда фаолият юритади. Жумладан, партиямизнинг 3 та вилоят кенгаши, 100 га яқин туман, шаҳар кенгашлари ҳамда 5000га яқин бошланғич партия ташкилотларига хотин-қизлар раҳбарлик қилмоқда. Лекин, бугунги кун талаби хотин-қизларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида иштирокини янада кенгайтириш, давлат ва жамият, парламаент бошқарувида аёллар роли ва имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий, сиёсий жараёнларда уларнинг фаоллигини янада ошириш, келгуси сайловларда депутатликка муносиб номзодларни танлаш ва уларни депутатликка тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратишдан иборат. Мазкур масалалар 2018 йил 7-8 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда аёлларнинг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган хорижий давлатлар вакиллари томонидан ҳам таъкидлаб ўтилди. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда, тарғибот - ташвиқот ишларида, партия тизимига фаол, ташкилотчи, салоҳиятли хотин-қизларни жалб қилишда партиямиз тизимидаги хотин-қизлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш чораларини кўришимиз лозим. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП МК Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти билан ҳамкорликда барча минтақа ҳамда ҳудудларда “Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтириш масалалари” ҳамда “Аёлларнинг сайлов жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириш” мавзуларида ўқув-семинарлар ўтказишни режалаштирмоқда.

Тадбир ўтказишга асос:

Ўзбекистон ХДП МКнинг иш режаси, Ўзбекистон ХДП ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2018-2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати ҳисобланган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш ва жамиятнинг фаол кишисига айлантириш борасида келгуси йилларга мўлжалланган йўл харитаси.

Ўқув-семинарни ташкил этишдан асосий мақсад:

  • Хотин-қизлар ўртасида, жумладан, партия тизими ва сафидаги ҳамда захира га олинган аёлларга Сайлов Кодекси тўғрисида, унинг мазмун- моҳияти ва аҳамиятини кенг тушунтириш;
  • Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнларда, жумладан сайлов жараёнларида, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларида иштирокини янада кенгайтириш борасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамда Ўзбекистон ХДП нинг ҳамкорлигини янада кучайтириш;
  • давлат ва жамият бошқарувида, сиёсий жараёнларда аёллар иштирокини кенгайтириш, бу йилги сайловларда депутатликка муносиб номзодларни танлаш нинг самарали усулларини ўргатиш;
  • Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзоди кўрсатиладиган хотин-қизларни янгича ёндашув ва инновацион ғояларга асосан замонавий технологияларни қўллаган ҳолда депутатликка тайёрлаш ҳамда кўпроқ ўринлар эгаллашга эришишнинг янгича йўллари тўғрисида тавсиялар бериш;
  • номзоди депутатликка захирага олинган хотин-қизларни партия тадбирлари ва лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш жараёнларига жалб этиш орқали уларни халққа яқиндан таништириш;
  • партия электорати ҳисобланган оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар муаммоларини ўрганиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш орқали халққа танитиш йўлларини ўргатиш;
  • депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинган хотин-қизларга ҳозирда самарали фаолият олиб бораётган депутат аёлларни бириктириш орқали тажриба ўргатиш;
  • депутатликка номзоди кўрсатиладиган хотин-қизларнинг амалий ишларини кенг оммага етказиш мақсадида, улар томонидан бажарилган ишларни ОАВлари орқали ёритиш бориш;
  • сайловолди тарғибот- ташвиқот ишларини олиб бориш, номзоднинг сайловолди дастурини тузиш, сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакилларини, ишончли вакилларини танлаш ва уларни тайёрлаш механизмларини тушунтириш;
  • маҳаллий вакиллик органлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси да бўлиб ўтадиган сайловларда Ўзбекистон ХДПдан хотин-қизларнинг кўпроқ ўринлар эгаллашига эришиш.

Амалий семинарни ташкил этиш ва ўтказишнинг асосий вазиятлари:

Амалий семинарни Ўзбекистон ХДП Марказий, минтақавий Кенгаши масъул ходими очиб беради.

Тадбирда “Сайлов қонунчилиги тўғрисида”, “Келгуси сайловларда депутатликка муносиб номзодларни танлаш ва уларни депутатликка тайёрлаш усуллари”, “Сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда замонавий технологиялардан фойдаланиш йўллари” мавзуларида сўз юритилади ҳамда ўзаро фикр алмашинилади.

Семинар мобайнида партия электорати билан ишлашнинг ташкилий асосларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ХДП дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб этиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш ва кўпроқ натижаларга эришиш мақсадида ўзаро фикр - мулоҳазалар алмашинилади, келгуси сайловларда депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинган хотин-қизларга, ҳозирда самарали фаолият олиб бораётган депутат аёллар бириктирилади.

Тадбир иштирокчиларининг юқоридаги вазифаларни амалга оширишларида билим, малака, кўникма ҳосил қилишлари учун баҳс-мунозара, гуруҳларда ишлаш каби ноанъанавий усуллардан фойдаланилади. Тадбир қатнашчилари гуруҳларга бўлиниб, сайловларда кўпроқ ўрин эгаллаш учун фойдаланиладиган замонавий ва самарадор технологиялар, хотин-қизларга оид муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш орқали хал олдида обрў қозониш, халқ ишончига кириш йўллари, партия гуруҳлари билан ҳамкорликда ишлар олиб боришни тизимли йўлга қўйиш усулларини ўрганадилар.

Семинардан кутилаётган натижалар:

- хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги оширилади, сайлов жараёнларида фаол иштирокига доир ҳуқуқий билимлари бойитилади;

- сайлов қонунчилиги тўғрисидаги тушунчалари мустаҳкамланади;

- депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинган хотин-қизларга сайловларга тайёргарлик кўриш, тарғибот - ташвиқот усуллари, халқ орасида танилиш механизмлари ўргатилиб, уларга ҳозирда самарали фаолият олиб бораётган депутат аёллар бириктирилади;

- маҳаллий вакиллик органлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтадиган сайловларда Ўзбекистон ХДПдан хотин-қизларнинг кўпроқ ўринлар эгаллашларига замин яратилади.