Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг
Сайловолди дастури
2019 йил 28 октябрда
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг
XI Қурултойида қабул қилинган
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини, аввало, Ўзбекистон мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, мамлакатда ижтимоий барқарорлик, фуқаролар ва миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳар бир оила ҳамда бутун халқнинг фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланиб белгилайди.
Ўзбекистон тараққиёти стратегиясининг бош мақсади – аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш мақсади ушбу манфаатларга тўлиқ мос келади.
Мазкур жараёнда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама, жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизациялаш ҳамда барча соҳаларни либераллаштиришга қаратилган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.
Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор вазифаларни ижросида фаол иштирок этиш Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайлов кампаниясига киришар экан, вакиллик органларида кўпчилик депутатлик ўринларини эгаллашни, шу орқали қонунларни қабул қилиш, давлат ҳокимияти ижро органларини шакллантириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаш ва самарали амалга ошириш имкониятларига эга бўлишни мақсад қилмоқда.
Ривожланишдаги ижтимоий устуворлик – партия сиёсий позициясининг асоси
Халқ демократик партияси Ўзбекистонда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этишни ўзининг олий мақсади деб ҳисоблайди.
Шу мақсадга эришишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратган.
2030 йилгача мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш орқали Ўзбекистонни аҳоли турмуш даражаси ва сифати бўйича дунёнинг ўрта ривожланган давлатлари даражасига олиб чиқиш юқоридаги устувор вазифани амалга оширишда асосий дастуриламал қилиб олинган.
Партия ушбу мақсадга эришиш йўлларини белгилашда, давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож қуйидаги аҳоли қатламининг манфаатларидан келиб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди:
- пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори турмуш кечириш учун етарли бўлмаган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, кўп болали аёллар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари;
- меҳнат билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган инсонлар, жумладан, меҳнат бозорига энди кириб келган таълим муассасалари битирувчилари;
- зарур касбий малакаси йўқлиги сабабли доимий иш жойи ва барқарор даромадга эга бўлмаган кишилар, жумладан, ички ва ташқи меҳнат мигрантлари.
Ўзбекистон ХДП мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодий салоҳияти аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш учун хизмат қилиш керак, деб ҳисоблайди. Бу мамлакатда ижтимоий барқарорлик ва фуқаролар бирдамлигини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ушбу устуворликдан келиб чиқиб, партия ўз депутатлари орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириб боришни, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришни, ижтимоий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришни кўзда тутади.
Ижтимоий ҳимояга мухтож кишиларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда партия барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тарафдори бўлган барча шахсларнинг кўмагига таянади.
Ушбу масалаларда партия шиори:
Биз ижтимоий тараққиёт тарафдоримиз! Бу иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигининг асосий омилидир!
Аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини ошириш
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини юқори ижтимоий таъминланганлик даражаси — жамият барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Партия пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда аҳолининг бошқа заиф қатламларига пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларни белгилаш 2030 йилгача Барқарор ривожланиш бўйича Миллий мақсадлар ва вазифалардаги мезонларга асосланиши керак, деб ҳисоблайди.
Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
- аҳолининг кам таъминланган ва бошқа заиф қатламларига бепул ижтимоий хизматлар тақдим этилишини таъминлайдиган “Минимал давлат ижтимоий стандартлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
- аҳоли турмуш даражасини белгилашда, ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳамда уларни қўллаш тартибини амалиётга киритиш.
Шу мақсадда партия қонунчилик ташаббусига мувофиқ ўз парламент фракцияси орқали тегишли қонун лойиҳаси ва тегишли қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Партия, шунингдек, аёлларга пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини тўлиқ қўшиб ҳисобланишига эришади.
Шу мақсадда партия “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни режалаштирган.
Партия қуйидаги масалалар бўйича парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишни режалаштирган:
- кам таъминланган оилалар аъзолари, жумладан, ишсизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлар, аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллиги ҳамда касаначиликни давлат ва давлат-хусусий шериклик асосида рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш. Бу аҳоли ўртасида боқимандаликни йўқотишга хизмат қилади;
- ногиронларга хусусий тадбиркорлик ҳамда томорқа хўжаликларини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш;
- фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари негизида қонунчиликда кўзда тутилган маслаҳат марказлари ва кам таъминланган, меҳнатга лаёқатли фуқароларни тадбиркорлик асосларига бепул ўқитишнинг бошқа шакллари ҳамда уларга тегишли масалалар бўйича ҳуқуқий ва иқтисодий маслаҳатлар бериш тизимини янада ривожлантириш.
Партия ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партия қуйидаги чора-тадбирларни кўрмоқчи:
- депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларида истиқомат қилаётган ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронларнинг яшаш шароитини ўрганиш;
- ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатишда давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланиш ҳамда ижтимоий тадбиркорлик бўйича илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш;
- ўрганишлар ҳамда тегишли ижтимоий гуруҳлар билан ўтказилган мулоқот натижаларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликка давлат-хусусий шериклиги ҳамда ижтимоий тадбиркорлик асосида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг аниқ процессуал механизмларини киритишни назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни партиянинг парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суриш.
Шунингдек, ХДП ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг мамлакат маданий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этиши учун муносиб шароит яратишни кўзлаган.
Aҳолининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг ижтимоий манфаатлари ва ахлоқий қарашларига жиддий зарар етказадиган ортиқча харажатларнинг олдини олиш мақсадида партия қуйидаги таклифларни илгари суришни режалаштирган;
- никоҳ тўйлари, юбилейлар, дафн маросимлари ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказиш тартибини қонун йўли билан мустаҳкамлаш;
- тарихан шаклланган маданий қадриятлар ва анъаналарнинг асл мазмуни ҳамда аҳамиятига доир тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш.
Партия ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан яхшилаш мақсадида илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда қуйидаги чораларни кўришни режалаштирган:
- Молия, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда ногиронлар жамиятларига давлат субсидияларини ажратиш, давлат сармояси ҳисобидан ногиронлар учун ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш ҳамда ушбу корхоналарга ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан ижтимоий буюртма бериш тартибига доир аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва ҳукуматга тақдим этиш;
- парламентдаги фракцияси орқали БМТнинг Ногиронлар хуқуқлари бўйича конвенциясини ратификация қилиш ташаббусини ўрнатилган тартибда илгари суриш.
Ушбу масалада партиянинг шиори:
Биз инсонларни ишончли ижтимоий ҳимоя қилиш тарафдоримиз! Бу ижтимоий барқарорликнинг таянчидир!
Кундалик истеъмол товар ва хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш – манзилли ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналиши
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ва тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакллантириш устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тарафдори.
Шу мақсадда партия қуйидагиларни таклиф қилади:
- муҳим ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг нархлари ҳамда рўйхатини белгилаш давлат томонидан тартибга солинишини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;
- мамлакатимизда етарли миқдорда ишлаб чиқарилмаётган муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар учун божхона божи ва тўловлари бўйича имтиёзли ставкаларни ўрнатиш;
- импорт ўрнини босувчи ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга импорт товарларидан олинадиган даромадларнинг бир қисмини имтиёзли кредит беришга йўналтириш тартибини жорий этиш;
- ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларни ишлаб чиқарувчи компанияларнинг монополиясини чеклаш, жумладан, монопол корхоналарни мажбурий равишда бўлиш ва уларнинг таркибидан мустақил хўжалик субъектларини ажратиш бўйича қонунчиликка тегишли процессуал меъёрларни киритиш.
- аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотадиган дўконлар ташкил этишни ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда шундай савдо тармоқларини ривожлантиришга доир илғор хорижий тажрибани ўрганиш. Олинган натижалар асосида хориж тажрибасини Ўзбекистон шароитида қўллаш бўйича аниқ таклифларни тайёрлаш.
Ушбу масалада партиянинг шиори:
Биз ҳар бир инсоннинг ҳаётий эҳтиёжлари кафолатли таъминланиши тарафдоримиз!
Уй-жой ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш — ижтимоий ҳимоянинг муҳим йўналишидир.
Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим:
- ҳашаматли ипотека турар-жойларини қураётган қурилиш компаниялари ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмаларни қонунчиликка жорий қилиш. Ушбу маблағларни махсус фондларда жамлаш ва кейинчалик аҳолининг заиф қатламлари, жумладан, уй-жойсиз, яшаш шароити ўта оғир аёллар, “Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари учун ижтимоий турар-жойлар қурилиши учун ишлатиш;
- аҳолининг кам таъминланган қатлами, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва яшаш шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун қурилаётган арзон уй-жойлар сонини кўпайтириш. Шунингдек, ушбу соҳада имтиёзли ипотека кредити ажратиш амалиётини такомиллаштириш.
Партия, квартиралар ва кўп квартирали уйларда коммунал хизматлари ҳамда кўп квартирали уйларда эксплуатация хизматлари тўловларининг ижтимоий мақбуллик даражасини ошириш мақсадида қуйидагиларга эришишни кўзда тутган:
- марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминотини, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатувчи корхоналарни табиий монополияси бўйича қонунчилик меъёрларини кўриб чиқиш;
- муҳандислик тармоқ инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган, коммунал хизматлар тақдим этиш бўйича муқобил автоном (локал) шаклларини ривожлантириш;
- “Коммунал хизматлар ва тарифларни тартибга солиш асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш. Шу орқали коммунал хизматлар, уй-жой фондидан фойдаланиш учун нарх-наво ва тарифларни, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рентабеллигининг чегараланган даражасини шакллантириш меъёрларини қонунчиликда мустаҳкамлаш;
- коммунал хизматларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган йўқотишларини қоплаш мақсадида, нарх-наво ва тарифлар оширилиши ҳолатларига йўл қўймаслик учун маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизматлар тарифлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;
- қонунчиликни уй-жой жамғармасидан фойдаланишни ташкил этиш, асосий коммунал хизматларни етказиб берувчилар ва улардан фойдаланувчиларнинг ўзаро масъуллигини оширишга доир аниқ процессуал нормалар билан бойитиш.
Шунингдек, партия қуйидагиларни амалга оширишни таклиф этади:
- уй-жой фондини - коммунал хизматлар етказиб берувчи ташкилотлар ҳисобидан замонавий электр энергия, табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик энергияси ва иссиқ сув ҳисоблаш асбоблари билан тўлиқ таъминлаш;
- коммунал хизматлар учун барча ўлчов асбобларини етказиб берувчи ташкилотлар балансига ўтказиш ҳамда уларнинг зиммасига асбобларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва мунтазам текшириш вазифасини юклаш.
Партия юқоридаги масалаларни ҳал этиш мақсадида тегишли давлат органлари билан тизимли равишда ҳамкорлик қилиб, уларнинг жойлардаги бўлинмалари фаолияти устидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишни кўзда тутган
Жумладан, партия жойларда коммунал хизматлар бўйича асоссиз ҳисобланган қарздорликни аниқлаш, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боришда иштирок этади.
Ушбу масалада партиянинг шиори:
Биз уй-жой ва коммунал хизматларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш тарафдоримиз!
Тиббий хизматнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш
Аҳолининг кам таъминланган қатламларига тиббий хизматлар кўрсатиш, айниқса, ижтимоий хавфи бор касалликларни даволаш ва олдини олиш — ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишидир.
Шу мақсадда партия қуйидагиларни амалга оширмоқчи:
- мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини, шунингдек, тегишли мажбурий тиббий суғурта механизмларини қонунчиликда мустаҳкамлашга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси билан чиқиш;
- мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш;
- аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш, бу борада самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш.
Шунингдек, партия “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этади.
Юқоридаги масалаларни ҳал этиш мақсадида партия депутатлик бирлашмалари саъй-ҳаракатини пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларида яшовчилар ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш, уларни дори-дармонлар ва тиббий воситалар билан таъминлаш ҳамда ижтимоий дорихоналар тармоғини ривожлантириш устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини амалга оширишга йўналтиради.
Ушбу масалада партиянинг шиори:
Биз жамиятнинг ҳар бир аъзосига саломатлигини мустаҳкамлаш учун тенг имкониятлар яратиш тарафдоримиз!
Таълимда ижтимоий тенглик
Таълимда ижтимоий тенгликни таъминлаш мамлакатимизда демократик жамиятни шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълим соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга қуйидаги устувор вазифаларни амалга оширишга эътибор қаратишни муҳим, деб ҳисоблайди:
- бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва келгусида 3 – 6 ёшдаги болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олиш, мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш;
- тегишли педагогик маълумотга эга, лекин мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёлларни мактабгача таълим ҳудудий органлари тизимида оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатида уй меҳнатини ташкил этиш, жумладан, мактабгача ёшдаги болаларга уйига бориб мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш дастури – “Нomevisits” тариқасида уларнинг иштирокини таъминлаш.
Аҳолининг кам таъминланган қатлами учун олий таълимдан фойдаланишининг ижтимоий мақбуллигини ошириш мақсадида партия қуйидагиларни таклиф этади:
- қишлоқ ёшларини кейинчалик ўз қишлоғида ишлаш шарти билан давлат грантлари асосида педагогик, тиббиёт ва бошқа ихтисосликдаги олий таълим муассасаларига ўқишга имтиёзли қабул қилиш;
- тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитларини ажратиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун имкониятларни кенгайтириш.
Шунингдек, партия давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат таълим муассасаларида фақат ўзига тўқ оилалар фарзандлари ўқий олишига йўл қўймаслик мақсадида ушбу таълим муассасаларидаги тўлов-контрактнинг ижтимоий мақбул миқдорини қонунчиликда белгилаб қўйишни таклиф этади.
Шу билан бирга, партия қуйидаги масалалар бўйича процессуал механизмларни қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳамда самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайди:
- кам таъминланган оилалардан чиққан иқтидорли болаларнинг нодавлат мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида таҳсил олишини таъминлаш;
- мактаб ўқувчиларининг жамоат транспортидан бепул фойдаланишига эришиш;
- олий таълим тизимини давлат томонидан тартибга солишга доир илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда тўлов-контракт миқдорини оптималлаштириш, талабаларга тайинланадиган стипендия миқдорини фанларни ўзлаштириш даражаси ҳамда инновацион фаоллигига қараб белгилаш, барча эҳтиёжманд талабаларнинг ётоқхонада қулай шароитда яшашини таъминлаш ва ҳ.к.;
- мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари учун соғлом овқатланишни ташкил етиш;
- ногиронлиги бўлган болалар учун махсус адабиётлар, жумладан, овоз жўрлигидаги Брайль алифбоси асосида ҳам чоп этиш ва харид қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш ва шу соҳада фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларига имтиёзлар тақдим этиш, ушбу мақсадлар учун харажатларни давлат бюджетидан молиялаштиришни таъминлаш.
Ушбу масалада партиянинг шиори:
Биз ҳамма тенг равишда таълим олиши тарафдоримиз. Бу мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини юксалтириш кафолатидир!
Маданий-гуманитар соҳада тенг имкониятларни таъминлаш
Ўзбекистон ХДП жамият ҳаётининг барча соҳасида ижтимоий тенглик тамойилларига таянган ҳолда, ислоҳотларнинг мазкур босқичида кам таъминланган оилаларнинг истеъдодли ва қобилиятли фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан, ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш учун етарли имкониятлар мавжуд, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партия қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди:
- бола қобилиятини эрта аниқлаш ва уларнинг баркамол ривожланишига йўналтирилган самарали процессуал механизмларни яратиш;
- кам таъминланган оилаларнинг истеъдодли ва қобилиятли фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун давлат грантлари тизимини яратиш;
- олис қишлоқ аҳоли пунктларидаги маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар мактаблари, мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантиришни молиялаштириш учун бюджет ҳаражатларини ошириш;
- кам таъминланган оилалар фарзандлари учун “Баркамол авлод” болалар мактабларига тўловларни бекор қилиш;
- кам таъминланган оилалар, айниқса, олис қишлоқлар аҳоли пунктларида яшаётган ёшларнинг спорт билан шуғулланиши ва мароқли дам олиши учун тегишли инфратузилмани ривожлантириш.
Мамлакатнинг моддий ва номоддий маданий меросидан аҳолининг кам таъминланган қатламлари баҳраманд бўлиши учун қулай имкониятлар яратиш лозим. Шу мақсадда, партия ҳомийлар ёрдамида Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш учун ихтисослаштирилган фондлар тузишни таклиф қилади.
Ушбу масалаларда партия шиорлари:
Биз маданий-гуманитар соҳада тенг имкониятлар тарафдоримиз! Бу баркамол авлодни тарбиялаш пойдеворидир!
Ижтимоий иқтисодиёт – кучли ижтимоий сиёсатнинг асосидир
Ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилидир.
Шу мақсадда партия маҳаллий ҳокимиятлар даражасида худудларнинг истеъмол товарларга эҳтиёжини ўрганиш ҳамда аҳолининг ўсиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, истеъмол талабини ривожлантириш режасини тайёрлаш зарур деб ҳисоблайди. Бунда, тегишли худудларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун зарур ресурслар мавжудлигига эътибор қаратиш лозим.
Шу асосда керакли товарларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш. Мазкур дастурларни шаҳар ва туманларда бандлик ва иш ўринлари яратишга доир ҳудудий дастурлар ҳамда ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқлаштириш зарур.
Партия мазкур дастурларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектларининг фаоллигини рағбатлантириш мақсадида қуйидагиларни таклиф этади:
- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, самарали бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов асосида, имтиёзли кредит ва моддий ресурслардан фойдаланиш амалиётини киритиш.
- муайян ҳудудларга импорт товарларини олиб кирганлик учун божхона тўловларидан тушган маблағларнинг бир қисмини тегишли маҳаллий бюджетларга йўналтириш орқали импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ривожлантириш бўйича махсус туман ва шаҳар инвестициявий фондларини яратишни кўзда тутиш;
- “ишлаб чиқариш ипотекаси”ни, яъни тижорат банкларининг инвестициявий ресурслари ҳисобига тайёр корхоналар ташкил этиш ва келгусида тадбиркорлик субъектларига кредит ёки лизинг бўйича сотиш механизимини амалиётга киритиш. Шунингдек, импорт ўрнини босадиган ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматларни ишлаб чиқариш бўйича асосли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитларни жорий этиш.
Мазкур вазифаларни ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳолининг қуйидаги узоқ муддатли ижтимоий манфаатларини амалга оширишга ёрдам беради:
- ишлаб чиқариш соҳасида барқарор ва юқори ҳақи тўланадиган янги иш ўринлари яратишни жадаллаштиради;
- ички бозорга ўз товарлари билан кирадиган миллий ишлаб чиқарувчиларнинг доирасини кенгайтириш соғлом рақобатни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу ўз навбатида маҳсулот сифатини яхшилаш ва истеъмол нархларини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ички бозорда импорт товарлари билан рақобатдошликка эришиш ташқи бозорларда ҳам рақобатбардошликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Партия иқтисодиётни либераллаштириш ва бозор тизимини шакллантириш ижтимоий мақсадларга эришиш кафолатини бермайди, деб ҳисоблайди. Шу боис давлат ва жамият томонидан иқтисодий ривожланишни назорат қилиш ҳамда тартибга солиш бўйича демократик тизимни шакллантириш лозимдир. Шу мақсадда партия келгуси даврда қуйидагиларга эришишни кўзлайди:
- иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва янги технологияларни жорий этиш масалалари бўйича барча жабҳаларда ижтимоий мулоқот ва жамоат назорати механизмини жорий этиш. Ушбу жараёнларни аҳолининг барқарор, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларида бандлигини ошириш, меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик даражаси ва ишлаб чиқаришнинг экологик тозалигини таъминлаш билан уйғунликда олиб бориш;
- технологик экспертизанинг замонавий тизимини шакллантириш, бу жараёнда ижтимоий шерикчилик асосида, касаба уюшмалар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан хамкорликни кучайтириш;
- инвестициялар устидан жамоатчилик назоратининг самарали тизимини яратиш, инвестиция сиёсатида жамият манфаатлари ҳимоясини таъминлаш.
Партия ушбу вазифаларни амалий ҳал этиш мақсадида парламентдаги фракцияси, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари ва ҳудудий партия ташкилотларида жамоатчилик эшитувлари, маслаҳатлар ва халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишнинг бошқа шаклларини ўтказиш ташаббуси билан чиқади.
Партия мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, мазкур ҳолат ички бозорда тақчиллик келтириб чиқармаслиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархини ошириб юбормаслиги лозим, деб ҳисоблайди. Партия ана шу мақсадда истеъмол бозорининг тегишли сегментлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади ва унинг якунлари бўйича халқ депутатлари Кенгашларида ўз гуруҳлари орқали мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш бўйича таклифлар киритади.
Ушбу масалаларда партия шиори:
Биз барчанинг фаровонлигини таъминлайдиган ижтимоий иқтисодиёт тарафдоримиз!
Бандликка оид сиёсат
Ўзбекистон Халқ-демократик партияси меҳнатга лаёқатли фуқароларни ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишнинг асосий йўналиши бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Ушбу масалалар юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда ХДП аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича давлат буюртмасини бажариш устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишни мақсад қилган.
Бунда партия тегишли вазифалар ижросини таъминлайдиган демократик таъсир механизмларини ишга солган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш учун қонунчиликда белгиланган квоталарга қатъий риоя этилишига эришишни кўзда тутган.
Шунингдек, партия ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган аёллар, “Меҳрибонлик уйлари” битирувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлар учун ишга жойлашиш бўйича ҳуқуқий кафолатларни ошириш ҳамда “Тенг иш учун - тенг иш ҳақи” тамойилига қатъий риоя этилишига интилади.
Шу мақсадда, партия Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини тегишли норма ва процессуал механизмлар билан тўлдириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва парламентдаги фракцияси орқали уларни қонунчилик ташаббуси сифатида олиб чиқишни режалаштирган.
Партия уй меҳнатини ташкил этишнинг янги самарали шаклларини ривожлантиришга ҳаракат қилади. Хусусан, мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёллар учун уй меҳнати ҳамда уларнинг давлат-хусусий шериклигининг тегишли шаклларидаги иштирокини ошириш бўйича эҳтиёжларини аниқлаш ва ишлаб чиқилган таклифларни халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқишни режалаштирган.
Олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига малакали ва тажрибали мутахассисларни жалб этиш мақсадида партия бундай ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш механизмини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича таклиф тайёрлаш ҳамда уни парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суришни режалаштирган.
Тадбиркорлик субъектларини ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақидан юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишга рағбатлантириш мақсадда партия қуйидагиларни таклиф этади:
- меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридан келиб чиқиб, ижтимоий тўловларнинг дифференциал ставкаларини белгилаш. Бунда корхона тўлайдиган ўртача иш ҳақи қанча юқори бўлса, ягона ижтимоий тўлов миқдори шунча пасаяди;
- иш ҳақининг ўртача ҳисобланган номинал миқдоридан паст маош тўлайдиган корхона ва хусусий тадбиркорларга қонунда белгиланган солиқ имтиёзларини қўлламаслик, даромадига эса юқори ставка бўйича солиқ солиш.
Партия, ижтимоий шериклари билан биргаликда доимий иш жойига эга бўлмаган, оғир ижтимоий вазиятда қолган аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида:
- депутатлик ва жамоатчилик назорати тарзида “мардикор бозорлари”ни ўрганиб чиқиш ва шу аснода фуқароларни вақтинча бир марталик иш билан таъминлашга оди ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар нега иш бермаётганининг сабабларини аниқлаш;
- бандлик ва ишсизликка қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишга доир илғор хорижий тажрибани ўрганиш;
- ўрганишлар натижаси асосида “Бандлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда бошқа тегишли қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришларни киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида олиб чиқишни кўзда тутган.
Ушбу масалада партиянинг шиори:
Биз ҳар бир шахс муносиб шароитларда меҳнат қилишининг тарафдоримиз!
Давлат, жамият қурилиши ва суд-ҳуқуқ соҳасида ижтимоий тенглик ҳамда ижтимоий демократия
Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатда ижтимоий демократия тизимини шакллантириш тарафдори. Бу аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун давлат, жамият ва суд-ҳуқуқ соҳаларида тенгликни таъминлаш демакдир.
Партия ана шу мақсадда қуйидаги масалаларни кўриб чиқиб, ҳал этишни таклиф этади:
- мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим жабҳалари, аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларига дахлдор бўлган ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича ижро ҳокимияти томонидан қарор қабул қилишда, парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан мажбурий жамоатчилик маслаҳатларини ўтказиш механизмини жорий этиш;
- аҳолининг муҳтож қатламлари ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш мажбурийлигини қонунчиликда мустаҳкамлаш. Шу мақсадда, “Қонун ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш тўғрисида”ги ва “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизаси тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш ҳамда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартиришлар киритиш;
- Давлат хизматлари марказлари негизида “электрон ҳукумат” тизими асосида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига қонун лойиҳалари ва турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш жараёнида эркин қатнашиш имконини берадиган шохобчалар ташкил этиш. Шунингдек, бундай шахслар учун қонунлар ва турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари, айниқса, халқ депутатлари Кенгашлари, давлат ижро ҳокимияти идораларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари матнлари билан танишиш имкониятини кенгайтириш.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, қонун олдида барчанинг тенглиги – ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш партиянинг суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этишдаги устувор йўналишларидан бири саналади.
Юқоридаги вазифаларни амалий ҳал этиш мақсадида партия қуйидагиларни кўзда тутган:
- аҳоли заиф қатламларининг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик, депутатлик ҳамда парламент назорати самарадорлигини оширишга қаратилган инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
- аҳолининг кам таъминлаган қатламлари учун ҳуқуқий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича ижтимоий мақбул бўлган тизим яратиш, шу мақсадда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул маслаҳатлар берадиган “юридик клиника”лар тармоғини ривожлантириш. Хусусан, бундай муассасаларни халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳи ва партия ташкилотлари қошида ташкил этиш;
- аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга доир ишлар самарадорлигини янада яхшилаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари негизида хуқуқий маслаҳат бериш тизимини яратиш. Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ижтимоий масалалар бўйича давлат ва вакиллик органларига юбораётган мурожаатлари юзасидан маслаҳатлар бериб бориш.
Партия соғлиқни сақлаш ҳамда таълим ходимларининг шаъни, қадр-қиммати, касбий обрўси ва хавфсизлигини ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият қаратган ҳолда қуйидагиларни амалга оширишни лозим, деб ҳисоблайди:
- парламентдаги фракцияси орқали “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва “Таълим тўғрисида”ги қонунларда тегишли нормалар мавжудлигини инвентаризация тариқасида текшириш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш;
- соғлиқни сақлаш ҳамда таълим ходимларининг шаъни, қадр-қиммати, касбий обрўси ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш масалаларини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш;
- ўрганишлар натижаси асосида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва “Таълим тўғрисида”ги қонунларга ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш.
Ушбу масалада партиянинг шиори:
Биз ижтимоий демократия – ҳуқуқлар тенглиги ва уларни амалга оширишда имкониятлар тенглиги тарафдоримиз!
Жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш
Партия ахборот маконида мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда, уларга қарши курашиш учун жамиятнинг ижтимоий бирлашиши муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайди.
Партия ушбу масалага доир вазифаларини фуқароларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ҳамда миллий мустақиллик ғоясини мустаҳкамлаш бўйича давлат ва фуқаролик жамияти институтлари олиб бораётган ишларни изчил қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширади.
Шу муносабат билан, партия оила институтини мустаҳкамлаш ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришда ўзининг барча ташкилотларининг янада фаол иштирокини таъминлашга интилади.
Партиянинг фикрича, бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилиши лозим. Салоҳиятли ёшларга сиёсий партиялар тизимида ишлаш ва депутатлик фаолиятида ўзини намоён қилиш имкониятини бериш зарур.
Партия жамиятда барқарорликни сақлаб туриш учун ижтимоий кескинликни юзага келтириши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Партиянинг ижтимоий-иқтисодий вазиятни ва электоратининг кайфиятини тизимли мониторинг қилиб борадиган маҳаллий ва бошланғич ташкилотлари бу механизмнинг муҳим таркибий қисмлари бўлиши лозим.
Ҳар бир мониторинг натижаларига кўра, тегишли қарорлар қабул қилиниши зарур. Бунда, одамлар ижтимоий муаммоларини холис ва адолатли ҳал этишда партия ёрдам беришини билиши керак. Бу ҳолатда мазкур масалалар бўйича “учинчи томонга” мурожаат қилишга зарурият қолмайди. Ўз навбатида, партия маҳаллий кенгашлари ҳузуридаги жамоатчилик қабулхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш ва партия гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашни режалаштирган.
Ушбу масалада партиянинг шиори:
Биз мамлакатда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш тарафдоримиз!
***
Ўзбекистон Халқ демократик партияси юқорида кўрсатиб ўтилган устувор дастурий вазифаларни илгари сурар экан, бошқа сиёсий партиялар билан сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашлари учун бўлаётган соғлом рақобат шароитида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида таъсирчан парламент фракциясини яратишни таъминлайдиган муносиб ўринга эришишни режалаштирмоқда. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ХДП давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларида етакчи позицияларга эришиш йўлида кураш олиб боради.
Бу, партиянинг давлат ҳокимияти сайланма органлари фаолиятида иштирок этиши ва дастурий мақсадларини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратади. Жамиятда ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат ва ижтимоий бирдамлик тамойилларини қарор топтириш йўлида қонунлар ва бошқа давлат қарорларининг қабул қилиниши ҳамда самарали ижро этилишини таъминлашда Ўзбекистон ХДПнинг жойларда таъсир доирасини мустаҳкамлашга имкон беради.
Биз – ҳар бир инсон фаровонлигини таъминлаш тарафдоримиз! Бу юртимиз равнақи гаровидир! Бизга овоз беринг!