“ФАОЛ АЁЛЛАР” ҚАНОТИ ТЎҒРИСИДА
Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фуқаролик жамияти қурилишида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида 2007 йил Ўзбекистон ХДПнинг “Фаол аёллар” қаноти ташкил этилди. Ҳозирги кунда “Фаол аёллар” қаноти ўз атрофига республика бўйича жами 236`692 нафар хотин-қизларни бирлаштирган.
Мақсади:
- партия аъзолари бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий билимларини ошириш, ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишларини таъминлаш, уларда фаол фуқаролик қарашларини ривожлантириш, шахс сифатида шаклланишлари ва ўзларининг имкониятларини рўёбга чиқаришларига, Ўзбекистон Республикасининг барқарор ва тинч йўл билан ривожланишида ҳиссаларини қўшишни ташкиллаштиришга ҳамда Ўзбекистон ХДПга аъзо бўлган хотин-қизларнинг келгуси сайловларда кўпчилик ўринларни эгаллашларига кўмаклашишдан иборат.
Вазифалари:
- партиянинг дастурий ҳужжатларида ифодаланган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича устувор йўналишларни бажаришда қатнашиш;
- хотин-қизларнинг ҳуқуқий эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жамият ривожига тааллуқли бўлган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;
- хотин-қизларда раҳбарлик ва бошқарувчилик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг сиёсий ва маънавий кўникмаларининг ривожланишига ёрдамлашиш;
- Ўзбекистон ХДПдан маҳаллий кенгашларга депутат этиб сайланган аёлларга депутатлик фаолиятини амалга оширишларида кўмаклашиш;
- хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;
- партия қошидаги жамоатчилик қабулхоналари ва ҳуқуқий маслаҳатхоналар фаолиятини такомиллаштириш орқали тегишли давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар диққатини мавжуд муаммолар ечимига қаратиш йўли билан аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш;
- ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оналар ва болалар саломатлигини тиклашга кўмаклашиш, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;
- хотин-қизларнинг фаол фуқаролик қарашларини шакллантириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва тиббий маданиятини ошириш, баркамол авлод тарбиясидаги иштирокини кучайтириш;
- Ўзбекистон ХДП аъзолари орасидан сиёсий билим даражаси ва ташкилотчилик қобилияти юқори бўлган хотин-қизларни аниқлаш, уларни партия тизимига жалб этиш, кадрлар заҳирасига қўшиш ҳамда келгуси сайловларда номзодларини депутатликка илгари суриш;
- Ўзбекистон ХДП аъзолари бўлган аёлларнинг ижтимоий- сиёсий фаоллиги мониторингини олиб бориш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга оид муаммоларни ўрганиш, тахлил қилиш ва уларни бартараф этиш мақсадида амалий ишларни бажариш;
- хотин-қизларга тааллуқли бўлган қонун ҳужжатлари ижроси мониторингини олиб бориш ва Ўзекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига мазкур норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритиш;
- ЎзХДПдан сайланган депутатлик гуруҳлари ва фракция билан узвий ҳамкорликда ишлаш;
- Ўзбекистон ХДП Устави, Дастурида белгиланган вазифаларни бажариш;
- хизмат вазифасига тааллуқли бўлган, тегишли юқори ташкилотлар томонидан берилган топшириқларни ўз муддатларида бажариш.
ПАРТИЯ ТИЗИМИДА ХОТИН-ҚИЗЛАР САЛМОҒИ
Яратилган шундай имкониятлар натижасида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳар бир соҳадаги фаоллиги ошириб бормоқда, нафақат, фан, таълим, тиббиёт, иқтисодиётда, балким, сиёсий жараёнларда ҳам хотин-қизлар иштироки тобора кенгаймоқда. Парламентда ва маҳаллий кенгашларда хотин-қизлар сони ва ҳиссаси ортиб бормоқда. Халқ демократик партияси мисолида айтадиган бўлсак, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 5 нафар, сенатда 4 нафар, маҳаллий кенгашларда 480 нафардан ортик партиямиздан сайланган депутат аёллар партия электорати манфаатларини ҳимоя қилмоқдалар.
Ёки, бугунги кунда Ўзбекистон Халқ Демократик партияси аъзоларининг 240 мингга яқин, яъни қарийб 49 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Улардан 200 нафардан ортиғи минтақавий ва маҳаллий партия ташкилотларида турли лавозимларда фаолият юритади. Жумладан, партиямизнинг 4 та вилоят кенгаши, 50 дан ортиқ туман, шаҳар кенгашлари ҳамда 4100 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотларига хотин-қизлар раҳбарлик қилмоқда. Кўрсатилган рақамларнинг ўзиёқ мамлакатимиз сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни ва фаоллиги тобора ошиб бораётганини кўрсатади.
АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ЛОЙИҲАЛАР
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш” тўғрисидаги 5325-сонли Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмак бериш мақсадида “Ижтимоий кўмак—ташаббускорликка йўл очмоғи керак!”, “Аёллар ижтимоий ҳимояси- ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзуларидаги хотин-қизлар форумлари, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ҳолидан хабар олиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳар бир инсонга меҳр мурувват кўрсатиш бурчимиз!” лойиҳаси, кичик бизнес, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида “Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли”, “Ижтимоий ҳимоядан- ижтимоий фаоллик сари”, “Аёллар бандлиги –оила фаровонлиги гарови” каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизларни аниқлаш, истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, уларни кадрлар захирасига киритиш, раҳбарлик лавозимларига кўтариш ҳамда партия тизимига жалб этиш мақсадида “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танлови, шунингдек, бу йилги сайловларда хотин-қизлар орасидан депутатликка муносиб номзодларни танлаб олиш, уларни депутатликка тайёрлаш мақсадида “Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш масалалари” мавзусида ўқув-семинарлари, семинар-тренинглари ўтказилмоқда.
2019 йил 6 ойи давомида 1000 нафардан ортиқ хотин-қизларни ишга жойлаштиришга, 617 нафарига ўз бизнесини очиш, томорқада ишлаш, паррандачилик билан шуғулланишлари учун банклардан кредит олиб беришда кўмак берилди, 339 нафар хотин-қизлар эса касаначилик меҳнатига жалб қилинди. Бундан ташқари, Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда барча минтақаларда “Аёллар ижтимоий ҳимояси -ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзусида ўтказилган хотин-қизлар форумлари доирасида узоқ бўлган ҳудудларда, чекка қишлоқлардаги 100 дан ортиқ маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишлаш имкониятига эга ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ўз тадбиркорлик ишини йўлга қўйиб олишларига амалий ёрдамлар берилди. Беш юздан ортиқ хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмак берилди. 2000 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган аёллар хонадонига ташриф буюрилди, муаммолари ўрганилди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди
ХОТИН-ҚИЗЛАР МАСАЛАСИДА ҲАМКОРЛИК
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамоат, сиёсий ва касбий соҳаларда, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фаол иштирок этишларини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, шунингдек, аёлларимизнинг соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантиришга кўмак бериш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон ХДП билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” ИАТМ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия жамғармаси ҳамда “Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш” ассосиацияси ўртасида ўзаро Ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Ҳамкорлик асосида турли хил тадбир, лойиҳалар ҳамда тарғибот - ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар манзилли қўллаб-қувватланмоқда. Жойлардаги маҳалла кенгашлари ҳам партиянинг доимий ҳамкори ҳисобланади.