Одоб-аҳлоқ қоидалари

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимларининг “Одоб-ахлоқ” қоидалари

 

 I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

  1. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимларининг “Одоб-ахлоқ” қоидалари эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, минтақавий ҳамда туман ва шаҳар кенгашлари ходимларининг касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.
  2. “Одоб-ахлоқ” қоидалари ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, партия ходимларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, ҳамда партия Уставига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.
  3. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, минтақавий ҳамда туман ва шаҳар кенгашларига ишга кираётган шахслар кадрлар бўлими томонидан “Одоб-ахлоқ” қоидалари билан имзо қўйдирган ҳолда таништириладилар.
  4. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари қонун ҳужжатлари ва “Одоб-ахлоқ” қоидалари талабларига риоя этишлари шарт.

“Одоб-ахлоқ” қоидаларига риоя этиш партия ходимининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

 

II. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимларининг хизматдаги хулқ-атворининг асосий принциплари ва қоидалари

     5. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:

- қонунийлик;

- фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

- ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;

- давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;

- адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;

- манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

  1. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотларидаги ходимлар қуйидагиларга мажбур:

- хизмат вазифаларини бажаришда партия Устав, Дастур, ички идоравий ҳужжатлари ҳамда хизмат мажбуриятларига қатъий риоя этиш;

- ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;

- юқори органлар ва мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;

- ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларида белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;

- ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

- ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган ҳатти-ҳаракатларга барҳам бериш;

- норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;

- ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш;

- Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;

- ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки давлат ҳамда партиянинг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;

- хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;

- партияда хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш.

  1. Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар партия ходимларининг қонун ҳужжатлари талабларини ва “Одоб-ахлоқ” қоидаларини бузиши учун асос бўла олмайди.
  2. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, партия ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланади.
  3. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек бошқа партия ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси раҳбарлари шахслар қонунчиликнинг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини таъминлаши керак.

  1. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлар касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт, уларнинг ошкор этилганлиги учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
  2. Раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, партияда маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим, у бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.

Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак. У гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим.

Раҳбар:

- манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;

- коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши;

- ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) йўл қўйилмаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.

  1. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа партия ходимлари билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик қарор топишига даъват этилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Партия ходимлари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда партия ходимларининг ташқи кўриниши фуқароларнинг Ўзбекистон Халқ демократик партиясига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.

  1. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган “Одоб-ахлоқ” қоидаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.

 

III. Манфаатлар тўқнашуви

  1. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.

Манфаатлар тўқнашуви Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда партия ходимлари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

 

IV. “Одоб-ахлоқ” қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

     15. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари томонидан “Одоб-ахлоқ” қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.

     16. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ходимлари томонидан “Одоб-ахлоқ” қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.

     17. Ушбу “Одоб-ахлоқ” қоидалари нормаларининг бузилишлари Кадрларни танлаш ва суҳбатдан ўтказиш Ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилади.

“Одоб-ахлоқ” қоидаларининг бузилиши ҳолатларини Кадрларни танлаш ва суҳбатдан ўтказиш Ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Айни вақтда партия раҳбарининг кўриб чиқишига қоидалар бузилишини содир этган партия ходимини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, Кадрларни танлаш ва суҳбатдан ўтказиш Ишчи гуруҳи партия ходимига нисбатан “Одоб-ахлоқ” қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.

Партия ходимлари ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек партиянининг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.