Мамлакатимизда жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига жадал суръатлар билан тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам бу муҳим сиёсий тадбирда ўзининг сиёсий позициясини намоён этиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг жорий йилнинг 11 май кунидаги қарори билан партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштироки бўйича 7 та йўналиш, 37 банддан иборат асосий тадбирларнинг календарь режаси тасдиқланди.
Бундан ташқари, партия Марказий Кенгашининг қарори билан партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги фаол иштирок этишини таъминлаш, сайлов жараёнларининг барча босқичларини самарали ташкил этиш ҳамда фаолиятни тизимли мувофиқлаштириб бориш мақсадида сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, экспертлар, депутатлар, партия фаоллари ва партия фахрийларидан иборат партия марказий сайлов штаби таркиби тасдиқланиб, уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Партиянинг жорий йил 12 май куни бўлиб ўтган VII пленуми қарори, шунингдек, Сайлов кодексининг 63-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссиясига Президент сайловида партиянинг иштирок этиши юзасидан 12 май куни расман ариза билан мурожаат этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида Халқ демократик партиясидан Иноятов Улуғбек Илясовичнинг маълумотлари тақдим этилди.
Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 15 майдаги 1255-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига расман ижозат берилди.
Сайлов кодексининг 64-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатишнинг аниқ тартиби ва талаблари белгилаб берилган.
Ундаги энг асосий талаблардан бири бу – Ўзбекистон Республикасидаги умумий сайловчиларнинг бир фоизи сиёсий партия томонидан кўрсатиладиган номзоднинг сайловда иштирок этишини ёқлаб, ўз имзосини қўйиб бериши лозим.
Марказий сайлов комиссиясининг 13 майдаги 1248-сонли қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округи тузилди. Мамлакатимиздаги умумий сайловчиларнинг сони – 19 миллион 414 минг 914 нафар, деб белгиланди.
Партияга Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, республикадаги умумий сайловчилар сонининг 6,0 фоизи ҳисобида, 10 241 дона имзо варақа бланкалари топширилди. Бу партияга 224 558 нафар сайловчининг имзоларини тўплаш имкониятини беради.
Сайлов қонунчилигига мувофиқ, сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада умумий имзолар сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкинлиги қатъий белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, сайловчилар сони, ҳудуднинг жойлашуви ҳамда партиянинг жойлардаги тарафдорлари қамровини эътиборга олиб, партиядан Президентликка бўлажак номзодни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини йиғиш (тўплаш) юзасидан тақсимот режаси ишлаб чиқилди.
Жорий йилнинг 16 май кунидан жойларда сайловчиларнинг имзоларини тўплаш ишлари бошланди. Сайловчилар имзоларини тўплаш ишларида партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари, бошланғич ташкилотлар етакчилари ҳамда партия фаоллари иштирок этмоқда.
2023 йил 22 май кунги ҳолатига кўра, 199 минг 64 та сайловчининг имзолари тўпланди. Бу 88,6 фоизни ташкил қилмоқда. Яна 25 минг 498 та имзо тўпланиши лозим.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Уставининг 6.1-бандига мувофиқ, партиянинг олий раҳбар органи Қурултой ҳисобланади. Партия Уставига мувофиқ, Қурултой партия Марказий Кенгаши (пленум) томонидан беш йил ичида камида бир марта чақирилади.
Қурултой делегатлари партия Марказий Кенгаши пленуми тасдиқлаган вакиллик меъёри ва делегатлар сайлаш тартибига мувофиқ минтақавий партия ташкилотларидан сайланади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг 2023 йил 12 май куни бўлиб ўтган VII пленумида, партиянинг XIII Қурултойига делегатларни сайлашнинг вакиллик меъёри Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳар партия кенгашларидан тенг миқдорда – 7 нафар делегат, жами 98 нафар делегат этиб белгиланди.
2023 йил 15-17 май кунлари Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтди. Пленумларда 563 мингдан зиёд партия аъзолари номидан партиянинг XIII Қурултойида иштирок этадиган, номзод кўрсатиш масаласи бўйича овоз бериш ваколати ва ҳуқуқига эга бўлган 98 нафар делегат сайланди.
Шунингдек, пленумларда партия ташкилотлари ва гуруҳларининг сайловдаги муносиб иштирокига оид масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Улуғбек ВАФАЕВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.
«Ўзбекистон овози», 24.05.2022, №19