Президентликка номзод сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов сайловчилар билан кейинги учрашувини Сурхондарё вилоятида давом эттирди.

Учрашув Термиз шаҳридаги Термиз давлат университети олд майдонида бўлиб ўтди.

Мулоқотда талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этишди.

 

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Алишер Пардаев олиб борди. Номзоднинг ишончли вакили Мавжуда Ҳасанова сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берди.

Президентликка номзод сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишларга тўхталиб, бўлажак сайлов учун электорат манфаатлари ва дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, қуйидан юқорига тизими асосида таклифлар ҳар томонлама чуқур таҳлилдан ўтказилгани, кенг қамровли дастур ишлаб чиқилганини таъкидлади. Дастурда тўққизта йўналиш орқали юзга яқин ғоя ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Хусусан, дастурда ижтимоий ҳимояни кафолатлаш, ҳуқуқлар имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, қонун устуворлигига қатъий риоя этиш, давлат ва жамият бошқарувини халқ ҳокимиятчилиги тамойиллари асосида янада демократлаштириш билан боғлиқ ғоя ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Номзод дастуридаги ҳар бир таклифни атрофлича тушунтириб берди.

Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилдилар.

Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётини яхшилаш бўйича нималарни таклиф қиляпсиз, деган савол берилди. Номзод ҳар бир дастур ва режаларни ишлаб чиқаётганда бу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратилиши, уларнинг фикри ва таклифлари олинишини таъкидлади. Дастурда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича қатор таклифлар назарда тутилган.

Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитларни кенгайтириш ва ривожлантириш, мамлакатимизда БМТнинг Ногиронларга нисбатан умумжаҳон ҳаракатлар дастурини амалга ошириш бўйича зарурий чоралар кўриш масаласи илгари сурилаётгани қайд этилди.

Учрашув давомида Сайловчилар дастур, ундаги таклиф ва ташаббуслар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш