Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов дастуридаги устувор мақсад

 

Ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига эришиш ҳар бир жамиятнинг асосий мақсадидир. Мазкур ижтимоий мезон тарихий анъаналар, одатлар ва қадриятлар замирида вужудга келган тамойиллар мажмуасига асосланган ҳолда фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқларни амалга ошириш ва шу йўл орқали жамиятда ўз ўрнига эга бўлганлик ҳиссини янада орттиради. Ушбу мезонлар устувор бўлган ҳар қандай давлат ва жамият ҳамма даврда ҳам барқарор ривожланган. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг дастуридаги асосий ғоя ва ташаббуслар мана шу тамойилга асослангани билан аҳамиятлидир.

 

Барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик

Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бозор иқтисодиётини ривожлантириш жамиятда барча учун тенг имкониятларни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири. Чунки фаол бозор муносабатларига ўтиш шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олиниши иқтисодиётнинг умумий барқарорлигини кафолатлайди.

Номзод дастурининг 5-йўналиши “Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти — барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси”, деб номлангани бежиз эмас.

Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори бўлган Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод ҳам иқтисодий ривожланишнинг ижтимоийликка йўналтирилган моделини барқарор тараққиёт ва халқ фаровонлигининг асоси, деб билади. Зеро, партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари негизида айнан шу тамойил мужассамдир.

Биз жамият ва давлатнинг асосий мақсади қаторида тенгсизлик ва камбағалликни бартараф этиш, ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда бу борада кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар ишлаб чиқишни кўрамиз.

Бу борада олиб борилган тадқиқотлар натижаси ҳамда олинган хулосаларга кўра, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шундай тизим-ки, у бир томондан, эркин бозорнинг ўзини ўзи тартибга солиш тамойилларига асосланса, иккинчи томондан, хусусий тадбиркорлик ва нодавлат секторнинг ижтимоий барқарорликка хизмат қилишини таъминлайди. Бозор иқтисодиётининг бу шаклида ялпи ички маҳсулот ва миллий даромадни қайта тақсимлашда давлат муҳим роль ўйнайди.

Дунё давлатлари тажрибасига назар солсак, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини юритишда етакчилардан саналган Скандинавия давлатлари, Нидерландия, Германия каби мамлакатларда ижтимоий тенгликка асосланган муносабатларга иқтисодий самарадорликка эришишнинг муҳим омили сифатида қаралади.

 

Давлатнинг ижтимоий масъулияти

Мавжуд анъанавий иқтисодий муносабатларда бизнеснинг ижтимоий масъулияти белгиланиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан амалга оширилади. 2020 йилдаги глобал пандемия, унинг ортидан геосиёсий майдондаги зиддиятлар туфайли пайдо бўлган инқироз шароитида жуда кўплаб давлатлар учун соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш энг устувор йўналишларга айланди. Бу ўз-ўзидан инсон омили билан боғлиқ ҳолатлар инобатга олинган ҳолда эркин бозор иқтисодиётига хос жараёнларни қайсидир даражада жиловлаб, тенгсизликни, камбағаллик хавфини юмшатиш масаласини кун тартибига олиб чиқди.

Бу борада халқаро ташкилотларнинг баъзи маълумотларига эътибор қаратиш кифоя. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг “2020–2022 йилларда дунёда ижтимоий ҳимоя. Ижтимоий ҳимоя бурилиш нуқтасида — ёрқин келажак сари” деб номланган ҳисоботида келтирилишича, Ер юзидаги инсонларнинг 47 фоизи ижтимоий ҳимоянинг камида битта туридан фойдаланади, 53 фоизи (4,1 миллиард киши) эса ўзларининг миллий ижтимоий ҳимоя тизимларида даромад кафолатига эга эмаслиги қайд этилган.

Бугун дунё давлатлари ижтимоий сиёсатда бурилиш палласида эканига ишора қилинган ушбу ҳисоботда ижтимоий ҳимоя соҳасида жиддий минтақавий тафовутлар борлиги айтилади. Аҳамиятлиси, Европа ва Марказий Осиё давлатларида фуқаролар ижтимоий ҳимоя билан энг кўп қамраб олинган бўлиб, унинг камида битта туридан аҳолининг 84 фоизи фойдаланмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг Сайловолди дастурида илгари сурилаётган ташаббуслардан бири “Иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлиги — муҳим” эканлигидадир.

Номзод дастурида бозор иқтисодиётининг самарали амал қилиши учун етарли иқтисодий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, рақобатни ҳимоя қилиш баробарида инфляция ва ишсизликни камайтириш давлатнинг муҳим вазифаси бўлиши кераклиги илгари сурилмоқда.

Дастурда иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш учун 11 банддан иборат устувор вазифалар келтирилган. Хусусан, номзод иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштироки сақлаб қолиниши кераклигига эътибор беради. Чунки жамиятимизда бозор муносабатларини тартибга солиш ва ижтимоий тенгликни таъминлаш жараёни давлат иштирокисиз бўлмаслиги кундай равшан.

Мамлакатимизда хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ва давлат мулкининг қийматини аниқлаш механизмларини янада такомиллаштириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун маҳаллий инвесторларга ҳам хорижий инвесторларга берилганидан кам бўлмаган имтиёзларни белгилаш вазифалари эса бугунги кунда иқтисодий ислоҳотларда кузатилаётган айрим бўшлиқларни бартараф этишни кўзда тутади.

 

Ижтимоий тенглик ғояси

Номзод дастуридаги ташаббусларнинг замирида ижтимоий тенглик ғояси ётади. Дейлик, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ жорий этиш, бунда миқдори қонун билан белгилангандан юқори уй-жой, автотранспорт ёки бошқа мол-мулк мулкдорларидан ушбу солиқнинг ундирилишини назарда тутиш масаласи моҳияти ва аҳамиятига кўра бугунги кунда долзарбдир. Агар солиқлар ижтимоий ҳимоя мақсадларига хизмат қилишини назарда тутсак, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ тўлаш ҳам инсонийлик, ҳам анъанавий қарашларимизга, қадриятларимизга мос ҳамда мувофиқлигини англаймиз. Мазкур тажриба бугунги кунда дунёнинг қатор давлатларида самарали натижаларни кўрсатмоқда.

Ҳозирда ҳаётимизни Интернет ва ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қила олмаймиз. Ахборот олиш ва ахборот етказиш, мулоқот қилиш билан боғлиқ эҳтиёжларимизни айнан улар билан боғлаймиз. Шу билан бирга, бугун Интернет ва ижтимоий тармоқлар тижорий фаолият ҳамда реклама майдонига ҳам айланиб бормоқда. Қўлимиздаги митти қурилма орқали глобал тармоққа улансак, гўёки онлайн дўконлар-у онлайн хизмат кўрсатиш турлари кун эмас, соат сайин кўпайиб бораётгандек туюлади. Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тижорий фаолият билан, реклама билан шуғулланиб, ўртача ойлик номинал иш ҳақидан юқори фойда кўраётганлардан барча соҳа ишчи-ходимлари қаторида даромад солиғини ундириш масаласида аниқ механизмлар жорий этиш ҳам муҳимдир.

 

Кучли ижтимоий сиёсат учун кучли бюджет

Дастурда мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқлигини инобатга олиб, ундириладиган барча тўловларни (жарима, давлат божи, йиғим, бошқа мажбурий ундирувлар) Давлат бюджетига йўналтириш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Ўз навбатида, табиий савол туғилиши мумкин, яъни номзоднинг Сайловолди дастурида илгари сурилаётган ушбу ғоя жамият ва давлатга қанчалар муҳим?

Маълумки, мамлакатда ижтимоий масалаларни самарали ҳал қилиш бутун дунёда асосан Давлат бюджети даромадлари билан боғлиқ. Шунинг учун мамлакатимизда бюджет тушумларини ошириш масаласи долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда. Ҳозирда жарима, давлат божи, йиғим, бошқа мажбурий ундирувларнинг маълум қисми Давлат бюджетига эмас, турли вазирлик ва идораларнинг жамғармалари ҳисобига тушмоқда. Бу ҳолат ўз-ўзидан бюджет даромадлари янада ошиб боришига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Президентликка номзод ўз Сайловолди дастури орқали айни вақтда бюджетдан ташқари жамғармалардаги маблағларнинг қанчалик ижтимоий самарали ишлатилаётгани устидан доимий парламент назоратини ўрнатиш имконияти ҳам етарли эмас, деб ҳисоблайди.

Шу сабабли, номзод дастуридаги ундириладиган барча тўловларни (жарима, давлат божи, йиғим, бошқа мажбурий ундирувлар) Давлат бюджетига йўналтириш тартибини жорий этиш таклифи жуда муҳимдир.

Халқаро тажрибалар шуни кўрсатмоқда-ки, аҳолининг эҳтиёжманд қисми муаммолари ечими, асосан, улар бандлигини таъминлаш орқали амалга оширилади.

 

Бандлик ва ижтимоий ҳимоя

Барча давлатларда ишсизлик ва уни бартараф этиш масаласи ўта долзарб ҳисобланади. Ишсизлик даражасини камайтириш ва фуқаролар бандлигини таъминлаш камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини, турмуш сифатини ва тўлов қобилиятини оширишнинг бош омили ҳисобланади.

Шу боис, барча давлат ва жамиятларда ишсизликдан ҳимоя қилиш тизимининг қандай йўлга қўйилгани, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг қай даражада тизимли ва изчил амалга оширилаётгани фуқароларни қизиқтирадиган энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Маълумки, Халқ демократик партиясининг асосий ғояларидан бири аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдир. Ишсизлар ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобланади. Шу сабабли, номзодимиз дастурида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва касбий тайёргарлигини оширишга замин яратадиган ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш муҳимдир. Масалан, янгиланган Конституциямизнинг 43-моддасида давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунда ҳам меҳнат муносабатлари, ходимларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг кафолатлари батафсил тартибга солинган.

Мана шу ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда, номзод дастурида меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш, фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, касбий тайёргарлиги ва қайта тайёрланишини ташкил этиш, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлган соҳаларни ҳамда ўзини ўзи банд қилган, деб ҳисобланадиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш таклифлари илгари сурилмоқда.

Бу масалалар Халқ демократик партиясининг доимий электорати манфаатларини ҳимоя қилишда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлашда долзарб ижтимоий аҳамият касб этади. Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлган соҳаларни ҳамда ўзини ўзи банд қилган, деб ҳисобланадиган фаолият турлари рўйхатининг кенгайтирилиши тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар эшигини очади, фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда янгидан-янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ташкил этиш учун шароит яратади. Бир сўз билан айтганда, мазкур ташаббуслар тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва фуқаролар ташаббусларини рағбатлантириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга, ўзини намоён этиши ва ривожланиши учун шароит яратишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, номзоднинг дастурида юқори қўшилган қийматга эга ва инновацион илғор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида самарали молиявий ва солиқ имтиёзларини қўллаш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилмоқда.

 

Давлат – асосий тартибга солувчи

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра, фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.

Номзод ўзининг Сайловолди дастуридаги давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини кучайтириш ғояси конституциявий қоидалар асосида ишлаб чиқилганини эътироф этиш лозим.

Бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчанлик роли бугунги кунда муҳим. Бироқ, эркин бозор муносабатлари тарафдорлари инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодий фаолиятга эркинлик бериш, валюта ва нарх сиёсатини янада эркинлаштириш, хусусийлаштириш ва иқтисодиётда давлатнинг ролини қисқартириш афзалликларини назарий-амалий жиҳатдан асослашга киришади. Худдики, давлатнинг бозор муносабатларига аралашуви айрим ҳолларда қонундан оғиш, монополия ва коррупцияга йўл очиш каби иллатларни юзага келтиришини иддао қилади.

Халқ демократик партияси эса бундан фарқли равишда иқтисодиётни либераллаштириш ва эркин бозор муносабатлари ҳар доим ҳам жамиятни ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш кафолатини бермайди, деб ҳисоблайди. Чунки эркин бозор қонунлари кези келганда инсонпарварлик тамойилларидан четга чиқиб, ижтимоий тафовутлар ҳамда тенгсизликнинг чуқур илдиз отишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса, ижтимоий барқарорлик сари интилган жамият учун хос эмас. Қолаверса, самарали бошқарувга эга давлатнинг асосий тартибга солувчанлик роли бозор муносабатларини рағбатлантириб, ижтимоий-иқтисодий самара келтиради.

Номзод дастурида давлатнинг иқтисодиётни тартибга солувчанлик ролини кучайтириш учун бир қатор изчил ташаббуслар ўрин олган. Ҳудудларнинг барқарор ривожланиши учун давлат даромадларини тенг ва адолатли тақсимлаш, умумхалқ аҳамиятига эга иқтисодиёт тармоқларининг бошқарувида давлат иштирокини мустаҳкамлаш, давлат улуши бўлган йирик ишлаб чиқариш корхоналари кузатув кенгашлари таркибига жамоатчилик вакилларини киритиш орқали улар ишидаги шаффофликни ошириш каби муҳим таклифлар шулар жумласидандир.

Айниқса, номзоднинг Сайловолди дастурида белгиланганидек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёждаги бошқа товарларни ишлаб чиқариш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш чораларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлашни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан бири эканини назарда тутган ҳолда, номзод ишни қуйидан бошлашни таклиф этади. Яъни, маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни шакллантириш лозимлиги, мазкур дастурлар ҳудудларда иш ўринлари ташкил этишга доир давлат буюртмалари ҳамда ўрта махсус, олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқ бўлиши кераклиги қайд этилади.

Бундан ташқари, саноат соҳаси билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини ошириш, бу борада ер ва сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги назарда тутилади.

Сир эмаски, бугун ҳар бир давлат учун озиқ-овқат хавфсизлиги ҳаёт-мамот масаласига айланди. Бундан ташқари, ер юзида рўй бераётган глобал иқлим ўзгаришлари, шиддат билан қамрови ортиб бораётган қурғоқчилик, табиий офатлар оқибатида қишлоқ хўжалик экинлари ҳамда унинг ҳосилдорлигига путур етмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ташкилоти (FАО) маълумотларига кўра, бугунги кунда 20 дан зиёд давлат ўз халқини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлай олмайди. Яъни, дунёнинг 815 миллионга яқин аҳолиси очликда кун кечирмоқда.

Иқтисодиётимизнинг асосий таянчи бўлган қишлоқ хўжалиги соҳаси орқали иқтисодиётимизга зарур бўлган хом ашёлар етиштириш, уларнинг импорти ва экспортини таъминлаш муҳим. Маълумотларга кўра, 2022 йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулотнинг 25,1 фоиз қисми айнан қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келган. Ушбу ҳолатни ҳисобга олсак, номзод Сайловолди дастурида мазкур тармоқ истиқболига кенгроқ тўхталиб ўтгани бежиз эмаслигини кўрамиз.

Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори натижа берувчи хўжалик юритиш шаклларини жорий қилиш, шу асосда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг барқарор ва самарали тизимини яратиш, соҳага доир илмий-амалий тадқиқотлар ҳамда технологиялар учун сармоя киритиш салмоғини ошириш, ишлаб чиқарувчилар ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш ички бозорда тақчиллик ва нарх-наво ўсиб кетишининг олдини олиш имконини беради.

Ўз навбатида, номзоднинг Сайловолди дастурида назарда тутилган чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш тармоқларида муқим, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратишда, юртимиз аҳолисининг салмоқли қисми яшайдиган қишлоқ жойларда ишсизлик муаммосини бартараф этишда қўл келади.

 

Жамоатчилик назорати — ижтимоий самарадорлик кафолати

Номзоднинг Сайловолди дастурида белгиланган асоссиз харажатларга йўл қўймайдиган, “Давлат бюджети — халқ маблағи” тамойили асосида унинг сарф-харажатлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлиги ҳақида илгари сурган ғояси ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Дастурда иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва янги технологияларни татбиқ этиш масалалари бўйича барча жабҳада ижтимоий мулоқот ва жамоатчилик назорати механизмини жорий қилиш, аҳолининг барқарор, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларида бандлигини ошириш, меҳнат муҳофазаси, ишлаб чиқаришнинг экологик тозалигини таъминлаш билан уйғунликда олиб бориш зарурлиги аниқ ва равшан келтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг Сайловолди дастурида миллий иқтисодиётимиз ривожининг ҳозирги босқичида аҳоли ўртасида камбағалликни қисқартириш ва мамлакатимизни ўртача даромади юқори бўлган давлатлар қаторига киритиш, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатини ошириш кабилар ҳам долзарб вазифа сифатида белгиланган.

Бу муҳим мақсадни иқтисодий ислоҳотларда фуқароларнинг, жумладан, ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бор шахсларнинг иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш орқали ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шароитида рўёбга чиқариш мумкинлиги илгари сурилмоқда.

Мамлакатимиз тақдири ва келажагимиз учун муҳим саналган сиёсий жараён — Президент сайловига бир ойдан кам фурсат қолди. Сайлов кампанияси авж нуқтада давом этаётган айни чоғда Халқ демократик партияси ўз номзоди дастурини кенг тарғиб этиш, тушунтириш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Барча сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов дастурини қўллаб-қувватлашга чақирамиз!

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

«Ўзбекистон овози», 21.06.2022, №23

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш