Сўлларнинг дадил юриши ўнгларни эсанкиратиб қўймоқда

 

Кейинги йилларда бир қатор мамлакатларнинг демократик тизимида, давлат бошқарувида сўл партияларнинг таъсир кучи ошиб бормоқда. Жаҳондаги радикал ўзгаришларга қарамай, бир асрдан ортиқроқ амалиётида сўллар мафкураси ўзининг ҳаётийлиги ва ижтимоий самарадорлигини кўрсатди. Кўплаб сиёсий мафкуралар тушкунликка тушиб, жамиятдаги нуфузини буткул йўқотган пайтларда сўллар мафкураси ўз таъсирини кучайтирди. Унинг назарияси ортодоксал хусусиятга эга бўлмагани сабабли ижтимоий шароитга қараб мослашишига, ўзгаришига имкон берди.

Сўллар турли йўналишдаги сиёсий фикрлар эришган ютуқларни ўзида жамлаб, аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини ифодаловчи ғояни ярата олди. Ишчилар, оддий одамлар, ногиронлардан тортиб, зиёлилар ва тадбиркорлар манфаатларини ифода этишга эришди. Натижада одамларнинг сўллар ғояларига қизиқиши ортди. Сўл партиялар солиқларни кўпроқ олиб, бунинг эвазига ижтимоий тенгликни таъминлашга ҳаракат қиладилар. Сўллар иқтисодиётни кўпроқ регуляция қилиб, ишчилар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладилар, жамиятда асосий хизматлар: тиббиёт ва таълимни бепул қилиб, барча учун бирдек шароит яратишга ҳаракат қиладилар.

Ғоявий, ташкилий, сиёсий жиҳатдан сўл партиялар ўхшаш бўлса-да, жўғрофий жиҳатдан, давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг турли босқичларида турганлиги ва ўзига хослиги билан бир-бирларидан фарқланадилар. Аммо уларнинг ғоявий умумийлиги — ижтимоий демократияга йўналганлиги.

Сўл партияларнинг сиёсати ва унинг кучи қандайдир мавҳум намунага суянишида эмас, балки муайян давлатларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётининг ўзига хослигига йўналтирилганлигидадир.

Сўл ҳаракат бир асрдан кўпроқ вақт олдин Ғарбий Европада туғилиб, ХIХ аср охирига келиб ташкилий жиҳатдан уюшди. Сўлларнинг пайдо бўлишига ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Ғарбий Европа давлатларининг кучли саноат тараққиёти ёлланма ишчилар сафининг кенгайиши туртки берди. Зарурият ишчилар олдига ўз ҳуқуқларини касаба уюшмалари ва парламентда уларнинг ҳуқуқлари учун курашиши мумкин бўлган сиёсий партиялар орқали ҳал қилиш вазифасини юклади. Бундай турдаги партияларни ташкил этиш ташаббусини касаба уюшмалари ўз зиммаларига олишди. Улар партияларга оммавий равишда аъзо бўлиш йўлини танлашди. Шу асосда ўзига хос лейбористик модель — касаба уюшмалари ҳамда партия раҳбарияти ва ундан сайланган депутатлар фаолиятининг мустаҳкам йиғиндисидан иборат модели юзага келди. Фаолиятнинг бундай шакли 1900 йили Буюк Британияда амалга кирди. Яъни мамлакат касаба уюшмалари ва бир қатор социалистик ташкилотларнинг ташаббуси билан ишчилар вакилларининг парламентга сайланишини таъминлаш учун Лейбористик партия ташкил этилган эди. Партия пайдо бўлган дастлабки йилларда унинг аъзолари сони бир миллион нафардан ошиб кетди. Айни пайтда уларнинг аксарияти касаба уюшмаларининг аъзолари ҳам эди. 1906 йили Жамоалар палатасига сайловда 54 нафар лейборист зафар қучди. Кейинроқ мазкур шакл ўша вақтларда Англия таъсиридаги давлатлар — Австралия, Янги Зеландия ва Канадага ҳам ёйилди. Бу мамлакатларда ҳам ҳозирги кунда лейборист партиялар фаолият кўрсатаяпти.

Ҳозирги кунда сўл партиялар Европада, энг аввало, шимолий мамлакатларда, айниқса, Скандинавия давлатларида кенг тарқалган. Скандинавия давлатлари сўл мафкуранинг идеал маҳсуллари дейишимиз мумкин.

Кейинги пайтларда бутун дунё миқёсида ўнг қанот партияларнинг бозори юришмай, касодга учрамоқда. АҚШдан тортиб, Европагача, Осиёдан тортиб, Африкагача сўл партиялар ҳокимият тепасига келмоқда. Энг аввало, дунёнинг қудратли давлати бўлган АҚШни мисол тариқасида келтирайлик. Кўпчилик АҚШ Демократик партиясини, Канададаги ҳукмрон Либерал партияни сўл қанот партияга мансублигини яхши билмаса керак.

 

НЕГА ДУНЁДА ЎНГ ҚАНОТ ПАРТИЯЛАРГА ИШОНЧ ҚОЛМАЯПТИ?

Гап шундаки, уларнинг инсоният қаршисидаги чақириқларга нисбатан жавоби йўқ. Дунёдаги ўттиздан зиёд сўл партиялар ва ҳаракатларнинг “Келажак тўғрисидаги Манифест”ида айтилганидек, “кўринмас вирус” (коронавирус) дан ташқари инсониятга ишсизлик, очарчилик, ирқчилик, тенгсизлик ва уруш каби “вирус”лар хавф солмоқда. Ҳар ҳолда, либерал капитализм олам муаммоларини еча олмай қолди. Бунинг ўрнига у ривожланган мамлакатлар ичкарисида меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини бостириш, оёққа туришга уринаётган қашшоқ давлатларни суверенитетидан маҳрум қилиш қуроли сифатида хизмат қилмоқда.

Хусусан, АҚШ Республикачилар партияси ҳам ички ва ташқи муаммоларни еча ололмагани сабабли саҳнадан тушди. Аксинча, минимал маошни 15 долларга кўтариш, таълим тизимини арзонлаштириш ва маълум даражада бепул қилиш, бойларга солинадиган солиқларни ошириш каби ғоялари учун сайловчи Демократлар ва унинг раҳбари Жо Байден дастурини ёқлади. Ҳукумат тепасига келгач, Оқ Уй янги раҳбари дори-дармон нархини тушириш, соғлиқни сақлаш баҳосини ҳам пасайтиришга ундамоқда. Байден маъмурияти хусусий сектор учун солиқларни оширмоқчи. “Биз ҳеч кимни жазоламоқчи эмасмиз. Аммо биз ўрта синф учун солиқни асло оширмаймиз, чунки у аллақачон энг юқори миқдорда тўламоқда”.

АҚШда корпорацияларнинг раҳбарлари ҳозир ходимидан 370 каррадан кўпроқ даромад қилади. Бу Байден фикрича, ўта адолатсиз иқтисодий ва ижтимоий ҳолат. Шу билан бирга, Байден коронавирусдан жабр кўрган америкаликлар учун иқтисодий ёрдамни ўз ичига олган қонун лойиҳасини имзолади. Бунинг ортидан кам даромадли аҳоли 1400 доллардан бир марталик нафақа олди.

Канаданинг ҳукмрон партияси Либерал партия номидан, ўнг қанот сиёсий кучларга ўхшаб кетса-да, кучли прогрессив ижтимоий сиёсат тарафдори ва узоқ йиллардан бери ҳукумат тепасида туриб, шундай сиёсат олиб бормоқда. Шу сабаб у сўл қанот партия саналади. 2015 йилги сўнгги парламент сайловларида қуйи палатадаги ўринларнинг 54 фоизини ишғол этиб, бошқа партиялардан мустақил ҳукуматни шакллантириш имконига эга бўлди.

Францияда ҳам сўлларнинг нуфузи юқори. 2017 йилгача мамлакатни социалист Президент Франсуа Олланд бошқарган бўлса, 2017 йилги сайловда шу партиядан чиққан, аммо мустақил номзод сифатида қатнашган Эммануэл Макрон сайловчилар ишончини қозонди. Макроннинг дастуридан сўл партияларга хос ғоя ва таклифлар илгари сурилди. Иқтисодий, ижтимоий ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар, 1 миллион турар-жойни янгилаш, ёшлар учун 80 мингта қўшимча турар-жой қуриш, тиббий суғурта тизимини такомиллаштириш, ўрта мактабда ҳар бир ўқитувчига 12 нафардан кўп бўлмаган ўқувчи тўғри келишини таъминлаш, икки тилли синфларни тиклаш, мактабларда уяли телефондан фойдаланишни тақиқлаш, атроф-муҳитга камроқ зарар етказувчи автомобиль хариди учун 1000 евролик мукофот пули бериш, ёшларга 18 ёшга тўлиши билан турли маданий масканларга кириш имконини берувчи 500 евро қийматидаги карталар тақдим этиш cингари таклифларни ўз ичига олган.

2019 йилги Европарламент сайловларида сўл қанот партияларнинг мандатлари сони ўсди. Испаниянинг социалистлар партияси ҳукмронликни сақлаб қолди. Грецияда эса мухолифатдаги ПАСОК социалистлар партияси иқтидордаги Янги демократик партияни доғда қолдирган.

Лотин Америкасидаги сўл йўналишдаги партиялар ҳам бирмунча фаоллашган. Бунинг объектив сабаблари бор, албатта. Биринчидан, ҳарбий-репрессив бошқарувнинг қулаши (1970-80 йй.) ва сиёсий демократияни ўзлаштиришга ўтилиши. Иккинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлланма ишчилар сонининг кўпайишига олиб келган кескин иқтисодий ўсишнинг кузатилгани. Аммо Лотин Америкаси сўллари Европадаги бундай партиялардан ҳам назарий, ҳам номланиши жиҳатидан фарқ қилади. Партиялар номланишида миллий-озодлик ҳаракатлари даврида ҳукмрон бўлган кайфият мавжуд.

Осиё қитъасида сўл партиялар Японияда мустаҳкам қанот қоқди. Бундан 2-3 йил муқаддам қисқа муддат ҳокимият тепасига келиб-кетган бўлсаларда, уларнинг давлат ҳаётига кўрсатадиган таъсири кучли.

Қаранг, бир асрдан ортиқ вақт давомида сўллик ғоялари мисли кўрилмаган даражада ҳаётийликни намойиш эта олди. Бундан ташқари, унинг ғоялари, сиёсий тажрибаси янги кучларни ўзига жалб этишда давом этмоқда. Меҳнаткашлар, ишчилар, ногиронлар, кам таъминланганлар манфаатини ҳимоя қилишга бел боғлаган сўл партия ва ҳаракатлар ўз амалиётида даставвал соғлом фикрлашни дастуруламал қилиб олганлиги ва ўз фаолиятининг асоси бўлган назарий қоидаларга кези келганда ўзгартиришлар киритишга ҳам ботина олаётганлиги муваффақиятларнинг асосий сабаби бўлмоқда.

Сўлларни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳати улар доимо азалий электорати манфаатларини ҳимоя қилиши билан бирга, демократик тараққиёт сари ундовчи ижтимоий-сиёсий ғоялари билан ҳам иштирок этишидадир. Сўллар сиёсий назарияни ҳаракатга келтирувчи куч, жамиятда юзага келадиган муаммолар ечими сифатида қабул қилади. Ушбу ғоя тарафдорлари ўз платформасини ҳақиқий ҳаётдан узоқлашганини ҳис қилгани ҳамоноқ уни қайта ишлашга одатланган.

Кейинги пайтларда сўллик ҳаракатида чиқариладиган яна бир асосий хулоса — атроф-муҳитнинг ифлосланишида инсон омилининг кучаяётганини қатъий қоралашдир. Шу боис, ҳар бир ишлаб чиқарувчи ташкилот экологияга кўрсатаётган таъсир даражасини камайтиришга ҳаракат қилиши лозим. Уларнинг дастурларидан кам таъминланганлар меҳнат фаолияти ва шароитини яхшилашга, шунингдек, жамиятда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга, уларнинг нуфузини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам ўрин олди.

Сўллар “дастури”да солидар жамият тушунчаси ҳам пайдо бўлди. Солидар жамият — бу ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим тизимини мукаммаллаштириш, ишсизликка қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уй-жой қурилиши, хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтириш, болалар, ёшлар, хотин-қизлар ҳақида қайғуриш сингари кўп тармоқли ва мустаҳкам тизимни шакллантирувчи жамиятдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ўз тарихида ғолиблик ва мағлублик, ютуқ ва камчиликларга эга бўлган сўл партия ва ҳаракатлар ўз нуқтаи назарини замон билан ҳамнафас тарзда ифода этиб, халқ фаровонлиги учун хизмат қиладиган ғояларни илгари суриб келмоқда.

 

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати раҳбари.

“Ўзбекистон овози”, 02.06.2021, № 21

← Рўйхатга қайтиш