“Фракция” сўзи бир неча маънога эга. Хусусан, бирор-бир сиёсий партиянинг сиёсатини парламентда ифода этувчи, маҳаллий ўзини ўзи бошқарувда, жамоат ташкилотларида ўз органларига эга бўлган айни партия вакилларидан иборат ташкилий гуруҳга ҳам фракция дейилади. Аниқ ғоявий-сиёсий стратегияга, бу стратегик мақсадларни амалга оширишга қаратилган платформага эга бўлган сиёсий партиянинг муҳим кучи ҳисобланади.
Парламентнинг асосини ташкил қиладиган сиёсий партиялар бўлса, унинг характерини фракциялар очиб беради. Фракциялар бўлмаса, Парламент ҳам бўлмайди аслида. Парламент фикрлар хилма-хиллиги, ғоялар, ташаббуслар курашини англатади.
Қонунлар қабул қилиш жараёнида турли фикрлар ўртага ташланади. Буни эса бевосита сиёсий партиялар ва уларнинг фракциялари таъминлайди. Зеро, фракция бевосита парламентнинг фаолиятини ҳаракатга келтирувучи куч бўлиб, улар халқ иродасини ифодаловчи, ташаббус ва ғояларни илгари сурувчи партиялардан сайланган депутатлардан иборат бирлашма ҳисобланади.
Ўзбекистон Респубилкаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисидаги қонунга кўра, парламент депутатлари сиёсий, профессионал ва бошқа асосда фракциялар ҳамда депутатлар гуруҳлари шаклида бирлашмалар тузиши мумкин. Фракция сиёсий партиядан кўрсатиладиган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир. Депутатлар гуруҳларини Қонунчилик палатаси таркибига сайланган, сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар тузишга ҳақли.
Ҳар тилда ўзгача талаффуз этилиши ёки бошқа ном билан аталишидан қатъи назар, парламент халқ вакилларидан иборат сиёсий кучга эга тузилма ҳисобланади.
Германия. Фракциялар катта куч
Германия парламенти – Бундестагдаги камида 598 ўриндан 299 таси партиялар рўйхати орқали танланади. Рўйхатлар фақат партиялар томонидан тақдим этилиши мумкин ва улар ўз номзодларининг Бундестагдаги ўринларни эгаллаш тартибини ўзлари белгилайди.
Парламент биносининг том қисмида терассаси ва гумбази жамоатчиликка очиқ. Мазкур нуқтадан парламент ва ҳукумат округини, шунингдек, Берлиннинг диққатга сазовор жойларини кузатиш ҳам мумкин.
Германия сайлов тизимига биноан бир партиянинг ҳукумат тузиши деярли имконсиз. Кичикроқ партияларнинг Бундестагга ўтиши сабабли кўпчиликнинг бўлиниб кетишига йўл қўймаслик учун беш фоизлик чегара жорий қилинган.
Депутатлар бутун халқ вакиллари бўлиб, буйруқ ва кўрсатмаларга бўйсунмайдилар, фақат ўз виждонига бўйсунадилар. Шунинг учун партиядан чиқариш ёки чиқиш мандатдан маҳрум этишга олиб келмайди. Партияга мансублигига кўра, депутатлар бунинг учун зарур бўлган минимал депутатлик ўринларига эга бўлсалар, фракцияларга бирлашадилар. Фракциянинг сони унинг қўмиталардаги вакилларининг сонини белгилайди. Бундестаг раиси анъанавий тарзда энг кучли фракциядан сайланади. У ялпи мажлисларга раислик ҳамда парламент регламентига риоя этилишини назорат қилади.
Бундестаг депутатлари қоидага мувофиқ, парламентга келганда қайсидир партияга аъзо бўлиши керак. Фракция аъзоларининг сони қонунда мажбурий этиб кўрсатилмаган. Эркин йўл билан сайланган депутатлар эса фракция тузиш ёки тузмаслик ҳақида ўзлари эркин қарор қабул қилишади. Фракция Бундестаг аъзоларидан иборат эркин бирлашма ҳисобланади.
Депутатлар тўғрисидаги ҳамда Бундестаг регламентига оид қонунларда фракциялар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ умумий тушунчалар белгиланган. Масалан, фақатгина фракциялар Бундестагга ташаббус, яъни қонун лойиҳалари, баёнотлар, аризалар ёки қўшимчалар киритиши мумкин. Шунингдек, аниқ мақсадлар сари интилаётган алоҳида депутатлар фракцияларнинг кўмагисиз ўз ташаббусларини илгари суролмайди, шу боис фракцияларга бириктирилади. Бир томондан бу депутатнинг имкониятини чеклаши мумкин. Аммо иккинчи томондан парламент индивидуал, овозларга эга бўлмаган ва пишитилмаган ташаббусларга тўлиб кетмайди. Шу сабабли парламентда овозларга ва маълум тарафдорларига эга бўлган ташаббуслар кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, фракция ҳукуматга маълум бир масалада сўров юбориш, муҳим масалаларга оид муҳокама соатларини ташкил қилиш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат олиб бориш каби ҳуқуқларга ҳам эга. Фракциянинг ваколатлари шу каби формал ҳуқуқлар билангина ниҳоясига етмайди. Фракциялар ғоялар марказидир.
Фракция аъзолари қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида юзага келадиган фикрлар хилма-хиллиги бутун бир тизимни ўзгартириб юбориши ёки Федерал ҳукуматнинг турли масалалар бўйича аниқ ҳаракатларни амалга оширишга ундаши мумкин. Умуман олганда, фракциялар сиёсий куч сифатида ўз ўрни ва сўзига эга.
Испания. Кескин кураш
Испанияда ҳам парламент вакиллари мамлакат қонунларини ишлаб чиқиш ва халқ манфаатларини ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланади. Расмий номи Бош кортес деб юритилади. Парламент 350 нафар аъзодан иборат бўлиб, улар пропорционал тизим бўйича Испания провинцияларига тўғри келадиган туманларда, д’Ондта усули бўйича халқ овози билан сайланади.
Парламент ҳуқуқларига келсак, палата ҳукумат таркибини тасдиқлайди ва уни ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга. Қонун лойиҳалари ва бюджетни биринчи бўлиб кўриб чиқади ҳамда қабул қилинган қонун лойиҳаларига Сенатнинг вето қўйишини бекор қилиши мумкин.
Парламент фракциясини тузиш учун камида 15 аъзо бўлиши керак. Сиёсий партиялар ўзлари номзод кўрсатган сайлов округлари бўйича камида 15 фоиз овоз олган ёки бутун мамлакат бўйича 5 фоиз овоз олган бўлса, 5 аъзодан иборат фракция тузиши ҳам мумкин. Депутатлар императив мандат билан боғланмайди ва бошқа фракцияларга эркин ўтиш ихтиёрига эга. Фракция, агар унинг аъзолари сони минималнинг ярмигача камайтирилса, тугатилади. Бирорта фракцияга кирмаган аъзолар аралаш гуруҳга киритилади.
Испания парламенти томонидан қабул қилинаётган қонун ва қарорларга эътибор қаратилса, уларнинг аксариятида парламент аъзоларининг 40-45 фоизи қарши овоз беради. Масалан, энергияни тежаш билан боғлиқ қонун лойиҳасини ҳам 187 киши ёқлаган бўлса, 161 киши қарши овоз берган. Шу сабабли фракциялар томонидан илгари суриладиган ғоя ва ташаббусларнинг қабул қилиниши анча музокара ва қарама-қаршиликларни юзага келтиради. Парламентда тасдиқдан ўтган лойиҳа омадли саналади. Чунки бу осон қўлга киритилмайди.
Латвия. Қатъий қоидалар
Латвия бошқарув шаклига кўра, демократик республика ҳисобланади. Унинг 2 миллионга яқин аҳолиси овоз бериш ҳуқуқига эга. Давлат бошлиғи Бош вазир ҳисобланади. Одатда парламентда ғолиб чиққан фракция раҳбари ушбу лавозимни эгаллайди. Латвия Президенти ҳам парламент томонидан 4 йил муддатга сайланади ва асосан вакиллик вазифаларини бажаради. Шунингдек, у баъзи қарорларни бекор қилиш ҳуқуқига ҳам эга.
Жорий йилнинг октябридан бошлаб Латвия парламентини 7 партиядан сайланган аъзолар ташкил қилади. Хусусан, “Янги Бирлик” парламентда 26, “Қўшма рўйхат” 16 ва “Миллий митинг” 13 ўринга эга бўлади. Шундай қилиб, бу уч куч биргаликда 100 тадан 55 та овозга эга бўлади. Яна бир муҳим факт шундаки, парламентдаги 100 ўрин учун 1829 нафар номзод кураш олиб борган.
Парламентдаги фракциялар фаолиятига келсак, депутатларнинг ўз фракцияларидан чиқиши Латвия парламенти учун авваллари одатий ҳол ҳисобланган. Лекин бу кейинчалик парламент ишида мураккабликларни келтириб чиқарган. Ушбу амалиётни тўхтатиш учун 2009 йилда Сейм регламентига бир рўйхат бўйича сайланган депутатлар фақат битта фракция тузиши мумкинлигини кўрсатувчи ўзгартиришлар киритилган. Шунингдек, депутатларнинг фракциявий мансублигини ўзгартириш имконияти йўқлиги белгиланган.
Шундай қилиб, ҳозирги вақтда фракциялар фақат Сеймга ўтган партия бирлашмаларини тузиш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида, уларни тарк этган депутатлар бошқа фракцияларнинг бирортасига киритилмаган ҳолда фақат мустақил бўлиши мумкин.
Зилола АНВАР қизи
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 30.11.2022, №48