ГИЁҲВАНД МОДДАЛАР КУЛФАТ КЕЛТИРАДИ

Бу бало-қазони етиштирган, сотмоқчи бўлган қанча одам қамалиб кетмоқда

Маълумки, гиёҳванд моддаларни етиштириш, сотиш ўта оғир жиноятлардан ҳисобланади. Ҳар йили бу заҳри қотил қанча одамлар ўлимига сабаб бўлмоқда.

Афсуски, бу фожиалардан ҳамон тўғри хулоса чиқариб олмаганлар учраб турибди.

Гиёҳвандлик воситаларини юртимизга одатий усулларда олиб киришнинг имкони йўқлигини билган шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини чалғитиб, ўз режаларини амалга оширмоқчи бўладилар. Тижорат мақсадида мунтазам равишда Туркия давлатига қатновчи, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида яшовчи 50 ёшли З.Р. жорий йилнинг 8 июль куни соат 18:30 ларда Истамбул шаҳридан Тошкент Халқаро аэропортига учиб келади. 19 АҚШ доллари эвазига кимдир бериб юборган «совға» — умумий вазни 38,78 гр МДМА ҳамда 0,85 гр метамфетамин гиёҳвандлик воситалари яшириб қадоқланган 10 дона ширинлик қутисини вақтинча Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи, фарғоналик 25 ёшли Х.А.га бериши керак эди. Х.А «совға»ни олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан воқеа жойида ушланди.

Ушбу гиёҳвандлик воситалари асли Фарғонанинг Қўқон шаҳрида яшовчи, ҳозирда Туркия давлатида бўлган 28 ёшли М.А. томонидан таниши Қўқон шаҳрида яшовчи Ш.П.га бериб юборилган экан. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

2019 йилда ҳам наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш борасида ички ишлар органлари ходимлари томонидан тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Натижада ўтган 6 ой давомида 1524 нафар шахс ушланиб, 313 кг. 511 грамм гиёҳвандлик моддалари далилий ашё сифатида олинди.

2018 йилнинг мос даври билан таққослайдиган бўлсак, ўтган йилнинг 6 ойи давомида 1562 нафар шахс ушланиб, 562 кг. 482 грамм гиёҳвандлик моддаси олинган эди. Ушбу рақамлардан кўриш мумкинки, жиноятнинг бу тури оз бўлса-да камаймоқда.

Жорий йил 1 май — 30 июнь кунлари Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида «Қорадори — 2019» кенг қамровли тадбирининг биринчи босқичи ўтказилди. Унда барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари, улар қаторида 9 мингдан ортиқ ички ишлар органлари ходимлари ҳамда 3 ярим мингдан зиёд жамоатчилик, корхона, ташкилот ва ҳокимият вакиллари қатнашди. Наркотик моддалар контрабандасининг олдини олиш мақсадида чегараолди ва тоғли ҳудудларда, шунингдек, айланма йўлларда 361 та кўчма ҳаракатланувчи пост ва 303 тўсиқ гуруҳлари фаолият кўрсатди. Ушбу гуруҳлар ва постларга жами 4 260 техника воситалари ажратилди ҳамда 306 хизмат итлари жалб этилди.

Кенг қамровли тадбирнинг биринчи босқичи мобайнида республика бўйича гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жами 1 минг 48 та ҳолат аниқланиб, 174 килограмм 987 грамм наркотик модда олинди.

Шунингдек, тадбир давомида 2 363 кв.м ер майдонида таркибида наркотик воситалари мавжуд ўсимликлар экиб етиштирилганлиги аниқланиб, йўқ қилинди. Шундан 289 ҳолатда 1 999 кв.м. ер майдонида кўкнори, 202 та ҳолатда эса 364 кв.м. майдонда ёввойи тарзда ўсаётган наша ўсимлиги аниқланиб, йўқ қилинди. Ёввойи нашани йўқ қилиш чораларини кўрмаган мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Тадбир давомида ички ишлар органлари ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қўшни давлат фуқаролари героин, опий ва гашиш гиёҳвандлик воситаларини контрабанда йўли билан олиб ўтаётган вақтида ушланди.

8 май куни жанубий чегараларимиздаги божхона постида юртимизга кириб келаётган фуқаро қўлидаги қурткасининг ичига 30 дона елим пакетчаларга қадоқланган 230 грамм опий гиёҳвандлик воситасини яшириб, контрабанда йўли билан Ўзбекистон Республикасига ўтмоқчи бўлганида ушланди.

«Қорадори — 2019» кенг қамровли тадбирининг биринчи босқичида вазирликнинг Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан 25 кун мобайнида 348 кв.м. ер майдонида таркибида наркотик моддалари бўлган ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ жиноятлар аниқланиб, ноқонуний муомаладан жами 9 килограммдан ортиқ наркотик моддалар олинди.

Фарғона туманида яшовчи шахс яшаш уйи томорқасининг 15 кв.м. ер майдонида махсус жой тайёрлаб, таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган катта миқдордаги ўсимликларни парваришлаб келаётганлиги аниқланди.

Ҳозир амалга оширилаётган ишлар билан хотиржамликка берилиб бўлмайди, албатта. Чунки гиёҳвандлик билан боғлиқ биргина жиноят ҳам давлат ва жамиятга катта зиён-заҳмат етказиши мумкин.

Катта миқдорда гиёҳвандлик воситалар контрабандаси билан шуғулланаётган жиноий гуруҳларни, шунингдек, таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган ўсимликларни етиштираётган шахсларни аниқлаш ва уларнинг жиноий фаолиятларига чек қўйишга қаратилган тезкор ишлар давом эттирилмоқда.

 

Мирзо Улуғбек МАДАЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси ходими.

← Рўйхатга қайтиш