Болалар аравачасини ўғирлаганди…
Шу йилнинг 9 август куни Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида яшовчи 27 ёшли Ф.И. исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг уйи эшиги олдидан чўнтагида 1 200 000 сўм пули бўлган болалар аравачасини ўғирлаб кетганлигини маълум қилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди.
Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Бирлик маҳалласида яшовчи 24 ёшли Ш.А. содир этганлиги аниқланиб, ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Автомашина олиб қочилган
12 август куни номаълум шахс Жиззах шаҳри Халқобод маҳалласи ҳудудида эшиклари очиқ ҳолда қаровсиз қолдирилган 32 ёшли Ж.Ю.га тегишли «Ласетти» русумли автомашинани ҳайдаб қочган.
Олиб борилган қидирув ишлари натижасида автомашина Фориш тумани «Эгизбулоқ» МФЙ ҳудудидан техник соз ҳолда топилган.
Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Фориш тумани «Боғдон» МФЙ Боғдон маҳалласида яшовчи 25 ёшли В.Қ. содир этганлиги аниқланиб, ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Турмуш ўртоғини жароҳатлади
13 август куни Тошкент тумани Келес шаҳри «Оқибат» маҳалласида яшовчи 34 ёшли У.Ю. ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унда шу йил 12 август соат 01.00ларда собиқ поччаси, 36 ёшли Ш.П. уйида ўзаро жанжал оқибатида бирга яшовчи собиқ турмуш ўртоғи, 36 ёшли Н.Ю. исмли аёлнинг турли жойларига пичоқ билан уриб жароҳат етказганлигини маълум қилган. Натижада Н.Ю. касалхонага ётқизилган. Ш.П. ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзаро жанжал оқибатида...
14 август куни соат 21:00ларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани «Бобуртепа» МФЙда яшовчи 29 ёшли Б.Ч. уйида ўзаро жанжал оқибатида «Пастол» қишлоғида яшовчи поччаси 38 ёшли Э.Р.нинг бошига ўроқ билан уриб, жароҳат етказган. Натижада Э.Р. касалхонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Б.Ч. ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
68 000 АҚШ долларини олиб...
2018 йил сентябрь ойида Катта Чилонзор 5-тор кўчасида яшовчи 25 ёшли А.В. 42 ёшли О.Ж.га Хитой Халқ Республикасидан шиша ва шиша маҳсулотларини олиб келиб беришни ваъда қилиб, ундан 68 000 АҚШ долларини олган. Бироқ шу кунга қадар берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Нилуфар ТЎРАХОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси катта инспектори, лейтенант.