«Тонировка» учун янги нархлар белгиланди
«Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори (646, 02.08.2019 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, «тонировка» нархлари орқа ойна (лобовой) учун текин, орқа ён ойна учун эса қуйидагича нархлар белгиланади:
— жисмоний ва юридик шахсларга – БҲМнинг (базавий ҳисоблаш миқдори) 10 баравари (2 млн 230 минг сўм);
— хорижий давлатлар юридик шахсларига – БҲМнинг 20 баравари (4 млн 460 минг сўм).
Илгари бу миқдор тегишлича жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 90 баравари, юридик шахслар учун 120 баравари, хорижий юридик шахслар учун 140 бараварини ташкил этган.
Олд ва орқа ён ойналар учун (барча ён ойналар):
— жисмоний ва юридик шахсларга – БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм);
— хорижий давлатлар юридик шахсларига – БҲМнинг 80 баравари (17 млн 840 минг сўм).
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 1 йилга бериладиган рухсатнома асосида:
а) енгил автомобиллар:
— орқа ён ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган миқдорда (тўлов асосида);
— олд ён ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги 50 фоиздан кам бўлмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат этилди (тўлов асосида).
б) туристик автобус, микроавтобус ва минивен ён ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги – 50 фоиздан кам бўлмаган даражада (тўлов асосида) ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат этилди.
Автотранспорт воситаларининг орқа ойнасини тўлиқ ҳамда олд ойнаси (лобовой)нинг тепа қисми тусини эни 14 см дан кўп бўлмаган полоса шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган миқдорда рухсатномасиз ва текин ўзгартириш мумкин.
Қарорда белгиланишича, мазкур қарор қабул қилингунга қадар амалда бўлган тўлов ставкалари бўйича 2019 йил 1 январдан ойналарнинг тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун олинган рухсатномаларнинг амал қилиш муддати мазкур қарорга мувофиқ жорий этиладиган янги тўлов ставкаларига мутаносиб равишда узайтирилади.
2 ой муддатда тонировка учун белгиланган жарималар миқдори тонировка учун тўлов ставкаларига тенг бўлган миқдорда ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.
Шаҳарлараро ва халқаро автотранспорт воситаларида йўловчи ўзи билан бирга
— 5 ёшгача бўлган бир болани бепул — алоҳида ўринсиз,
— 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болани чиптанинг тўлиқ баҳоси 50 фоиз чегирилган ҳолда — алоҳида ўрин берилган ҳолда олиб юриш ҳуқуқига эгадир.
— 10 ёшгача бўлган икки нафар ва ундан кўпроқ болалар олиб юрилганда улардан биттаси бепул, қолганлари — чипта тўлиқ баҳосининг 50 фоизи чегирилиб, алоҳида ўрин берилган ҳолда олиб юрилади.
Ўриндошларга таътил асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади
Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги асосий, шунингдек, ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.
Агар ўриндошлик асосида ишлашнинг биринчи иш йилида ходим олти ойдан кам ишлаган бўлса, у ҳолда ўриндошлик асосидаги ишда таътил учун ишланган вақтга пропорционал ҳақ тўланади.
Биринчи иш йилида олти ой ишлаган ўриндошларнинг меҳнат таътилига, шунингдек, ишнинг кейинги йиллари учун меҳнат таътилига ўриндошлик асосидаги ишнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда одатдаги тартибда ҳақ тўланади.
Адлия вазирлигининг телеграмдаги
«Huquqiy axborot» канали.