ЖИНОЯТ СОДИР БЎЛДИ!..

Девор ошган ўғри

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида 2019 йил 30 июль куни номаълум шахс Чинниобод маҳалласи Илтифот кўчасида яшовчи 54 ёшли М.Х.нинг уйига девор ошиш йўли билан кириб, 3 500 АҚШ доллари ва 920 000 сўм пулини ўғирлаб кетган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Ангрен шаҳар 8-март маҳалласида яшовчи 24 ёшли Ҳ.У. содир этганлиги аниқланиб, ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 

Мастликдаги жанжал

2019 йил 1 август куни Қорақалпоғистон Республикасининг 1-кичик туманида яшовчи 58 ёшли Е.К. маст ҳолда Тахиатош тумани Н.Сейтмуратов кўчасида ўзаро жанжал оқибатида маст ҳолда бўлган таниши, Кенегес кўчасида яшовчи 61 ёшли К.Т.ни пичоқ билан жароҳатлаган.

Натижада К.Т. касалхонага ётқизилган. Е.К. ушланган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Юк автомашинаси олиб бераман деб...

2019 йил 1 июль куни Бухоро вилоятининг Жондор туманида яшовчи 39 ёшли Ж.Қ. ИИБга мурожаат қилиб, шу йил апрель ойида Олот туманида яшовчи 47 ёшли Н.Д. унга Туркманистон Республикасидан «HOWO» русумли юк автомашинаси олиб беришини ваъда қилиб, Олот чегара божхона комплекси олдида 18 000 АҚШ долларини олганлиги ва берган ваъдасини бажармасдан ушбу пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборганлигини маълум қилган.

Жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Шахси аниқланди

2019 йил 31 июль куни соат 02:00 ларда номаълум шахс Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида яшовчи 25 ёшли Г.М. исмли аёлнинг уйига очиқ қолган дарвозаси орқали кириб, 8 миллион сўм пулини ўғирлаб кетган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Тўрткўл тумани Абай кўчасида яшовчи 42 ёшли У.А. содир этганлиги аниқланиб, ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 

«Каптива» эгаси қидирилмоқда

2019 йил 3 август куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Белтепа маҳалласида яшовчи 43 ёшли М.А. исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, шу йил 1 август куни соат 22:00 ларда ўғли 19 ёшли Комилхон Усмонов ўзининг давлат рақам белгиси 01 Z 455 RA бўлган «Каптива» русумли автомашинасида уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолганлигини маълум қилган.

Ҳозирда К.Усмоновни қидириб топиш чоралари кўрилган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўз ўрнида фуқароларимиздан К.Усмонов ёки унинг бошқарувидаги «Каптива» автомашинаси ҳақида бирон бир маълумотга эга бўлсалар, ички ишлар органларининг ҳудудий бўлимларига ёки «102» телефон рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришларини сўраймиз.

 

Нилуфар ТЎРАХОНОВА,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси катта инспектори, лейтенант.

← Рўйхатга қайтиш