ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ

Бу кўҳна дунё кўп давлат раҳбарларини кўрган. Улардан камдан-камларининг номи тарихда қолган. Ўз халқи меҳр-муҳаббатига сазовор бўлиб, миллат хотирасида абадий яшаб қолганлари эса янада кам, саноқли. Ўз Ватани тарихини, миллати тақдирини ўзгартириб юборган буюк давлат арбобларигина бундай юксак шарафга муяссар бўлишган.

Ўзбек халқининг асрий орзусини рўёбга чиқарган, мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ана шундай буюк давлат ва сиёсат арбоби эди.

Бугун мамлакатимиз Мустақиллигининг 28 йиллик улуғ ва азиз байрами арафасида Биринчи Президентимиз номини қайта-қайта ёдга олишимиз, халқимиз, Ватанимиз озодлиги ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги заҳматли меҳнатлари, беқиёс хизматларини эътироф этишимиз табиий.

Ислом Каримов оддий Президент эмас эди. У табиатан зийрак, довюрак, ғурури баланд, ўз сўзида қатъий турадиган Президент эди. У юксак ақл-заковати, донишмандлиги, узоқни кўра билиш қобилияти, жасорати билан нафақат Марказий Осиёдаги, балки минтақадан ташқаридаги воқеа-ҳодисаларга ҳам таъсир ўтказа олганига тарих гувоҳ. Халқаро миқёсдаги мураккаб масалалар муҳокамасида дунёнинг энг қудратли давлатлари раҳбарлари ҳам унинг фикри билан ҳисоблашар эди. Бунга исталганча мисол келтириш мумкин.

Биринчи Президентимиз халқимизни нафақат бир асрдан зиёд қарамликдан қутқарди, нафақат мустақилликни асраб-авайлади, мустаҳкамлади, балки янги Ўзбекистон давлатини яратди, жаҳон ҳамжамиятида унинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлади.

Ислом Каримов шахси ва хизматларига адолатли баҳо бериш учун, аввало, у республикага раҳбар этиб сайланган пайтда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-руҳий ҳолат қандай аҳволда бўлганига эътибор қаратиш талаб этилади. Ўша даврда Ўзбекистон ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида қолган, саноат ва қишлоқ хўжалиги мутлақо издан чиққан, одамларнинг давлатга ишончи йўқолиб бўлган эди. Буни ёши улуғлар яхши эслашади.

Фарғона вилоятида эса бузғунчи кучлар томонидан май ойида уюштирилган оммавий тартибсизликлар июнь ойига келиб кескинлашиб кетган, уйлар ва машиналар ёндирилаётган, бегуноҳ одамлар нобуд бўлаётган эди. Агар зудлик билан амалий чора-тадбирлар кўрилмаса, бу воқеа бошқа ҳудудларда ҳам содир бўлиши, янада оғир оқибатларга олиб келиши аниқ эди.

1989 йил 23 июнда республика раҳбари бўлган Ислом Каримов 24 июнда ҳукуматнинг Фарғона воқеалари таҳлилига бағишланган катта йиғилишини ўтказди. 25 июнь куни эрталаб олов ичида қолган Фарғонага жўнаб кетди, ваҳимага тушган, қаҳр-ғазабга тўлган одамлар орасига кириб бориб, улар билан юзма-юз очиқ гаплашди. Муаммоларни ҳал этишга киришди.

Ислом Каримов республика раҳбари сифатидаги фаолиятини ана шундай таҳликали, оғир шароитда бошлади, олдинда уни бири-биридан мураккаб яна кўплаб муаммолар кутарди.

Туҳмат ва уйдирмадан иборат «Пахта иши», «Ўзбек иши» деб аталган, 1983 йилда бошланиб, 1989 йилгача давом этган қатағон даврида 4 мингдан зиёд ҳамюртимиз Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия қамоқхоналарига ташланган эди. Халқимиз таҳқирланган, ҳақоратланган, хўрланган бир давр эди. Қамоқда ётганларнинг оила аъзолари, яқинлари ёрдам сўраб, турли идоралар эшиклари олдида йиллаб сарсон-саргардон бўлиб юрганди. Бу адолатсизликларга барҳам бериб, одамларда эртанги кунга ишонч уйғотиш муҳим аҳамиятга эга эди.

Ислом Каримов ташаббуси билан махсус комиссия тузилди, унга «Пахта иши», «Ўзбек иши» бўйича судланганлар ишини қайта кўриб чиқиш вазифаси юкланди. Собиқ Иттифоқ Бош прокуратураси, Олий суди раҳбарларининг қаршилиги, дўқ-пўписасига қарамай қамалганларнинг аксарияти оқланиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Марказ сиёсатига қарши бўлган бундай ишларни катта журъат ва жасоратга эга, ўз халқи ор-номуси, обрўси, тақдири учун чинакамига қайғурган етакчигина қила оларди, албатта.

Ўта оғир ва мураккаб масалалардан бири — ботқоққа ботган ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўнглаш эди. Республикамиз аҳолисининг ҳаёт даражаси Иттифоқда энг охирги ўринлардан бирида турарди. Ўзбекистон асосий озиқ-овқат маҳсулотларини Иттифоқ аҳолисига нисбатан икки баробар кам истеъмол қиларди. Республикамиздаги мактаб ва шифохоналарнинг ярмидан кўпи нобоп биноларда жойлашган бўлиб, авария ҳолатида эди. Оналар ва болалар ўлими бўйича Ўзбекистон собиқ Иттифоқда биринчи ўринда турарди. Айниқса, қишлоқ аҳолиси ҳаёти ачинарли аҳволга тушиб қолганди. Ўзбекистон туну кун меҳнат қилиб, Марказга тонна-тонна пахта, тилла, пилла, қоракўл ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотларни етказиб берар, лекин халқимиз учма-уч кун кечирар эди.

Оддий қилиб айтганда, совет давлатининг ҳурматсиз ва шафқатсиз сиёсати, юртимизни фақат хомашё етказиб берадиган ўлкага айлантирган нотўғри иқтисодий сиёсати Ўзбекистонни хонавайрон қилганди.

Ислом Каримов одамларнинг кўнглини кўтариш, давлатга ишончини қайтариш, тинчликни асраш учун бутун диққат-эътиборини ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга қаратди. Айниқса, республика аҳолисининг асосий қисми яшайдиган қишлоқлардаги аҳволни яхшилаш алоҳида аҳамиятга эга эди. Ислом Каримов ягона ва тўғри, аммо кўпчилик учун кутилмаган йўлни танлади. У одамларни маънавий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватламай туриб, тинчликни сақлаш ва ўйланган мақсадларга эришиш мумкин эмаслигини яхши англарди. Шу боис ҳам Ислом Каримов Марказнинг янги ерларни ўзлаштириш ҳисобига пахта етиштиришни тобора ошириб бориш тўғрисидаги талабини бир четга суриб қўйиб, пахта майдонларини қисқартириб, бўшаган ерларни уй-жой қуриш, томорқа қилиш учун қишлоқ аҳолисига бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Совет давлатининг қутурган қатағон сиёсати ҳали ҳукм суриб турган бир пайтда бундай қарорни қабул қилиш чинакам жасорат, халқ учун қайғуришнинг ёрқин мисоли эди.

Бу қарор нафақат қишлоқ аҳли, шаҳар аҳолисини ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ёрдам берганини вақт кўрсатди.

Ислом Каримов республикага раҳбар бўлиб келган дастлабки кунларданоқ ўз фикрини дадил айтиб, у ёки бу масалада мустақил қарорлар қабул қила бошлади. Улар мазмун-моҳияти билан халқимиз ҳуқуқлари, шаъни ва қадрини ҳимоя этиш, юртимизни мустақилликка олиб боришга қаратилган эди. Мустақиллик йўлидаги асосий ҳаракатлар ривожи ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.

1989 йил 21 октябрь, Ўзбекистон ССР ҳудудида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.

1990 йил 24 март, собиқ Иттифоқда биринчи бўлиб Ўзбекистонда Президент лавозими таъсис этилди.

1990 йил 20 июнь, Мустақиллик декларацияси қабул қилинди.

1991 йил 31 август, Ислом Каримов 1 сентябрни Мустақиллик куни деб эълон қилди. Бу халқимиз тақдирини ўзгартириб юборган тарихий воқеа бўлди.

Бироқ Мустақилликни асраш, мустаҳкамлаш осон кечмади, кутилган ва кутилмаган оғир синовлардан ўтилди. Иттифоқдош республикалар билан алоқалар узилган, муаммолар устига янги муаммолар пайдо бўлаётган эди. Энг даҳшатлиси — бир ҳафтага етадиган ун захираси қолган бўлиб, республика очарчилик остонасида турарди. Ислом Каримов ўта мураккаб ва таҳликали бу шароитда донишмандлик кўрсатди, зудлик билан барча имкониятларни ишга солди, узоқ-яқин давлатлар билан дўстона келишувларга эришилди. Фалокатларнинг олди олинди. Айни чоғда давлат қурилишини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишларини белгилаб берди. Бу йўл тўғри танланганини кейинчалик ҳаётнинг ўзи исботлади.

Ислом Каримовнинг бебаҳо хизматларидан яна бири шундаки, у нафақат Ўзбекистонни, балки бутун минтақани қон тўкилишидан, урушлардан бир неча бор асраб қолди.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бўлган воқеа, Наманган ва Андижонда экстремистик тўдалар хуружлари, мамлакат ичкарисида бузғунчи кучлар уюштирган фитналар, саботажлар катта ақл-идрок билан бартараф этилди. Агар ўз вақтида оқилона чора кўрилмаса, биргина хатога йўл қўйилса, тўлиқ ишонч билан таъкидлаш керакки, ўша воқеалар бутун Марказий Осиёдаги вазиятни издан чиқариши ва узоққа чўзиладиган оғир оқибатларга олиб келиши муқаррар эди.

Мустақилликни эълон қилгач, тўғри йўлни тополмай парокандаликка юз тутган республикаларни кўрдик. Ён-атрофимиздаги давлатларнинг бири фуқаролик урушини бошидан кечирди. Иккинчисида икки марта давлат тўнтариши бўлди. Энг катта давлатлардан бири тўс-тўполон ичида қолиб, пойтахти марказида парламент биноси замбараклардан ўққа тутилди. Украина ва Грузиядаги охири кўринмаётган ички низолар, можаролардан ҳам яхши хабардормиз. Биз ҳақиқат ҳақида гапирадиган мард бўлсак, бу воқеалардан хулоса чиқаришимиз, ҳақиқат кўзига тик қараб гапиришимиз керак.

Бири-биридан ўткир, қалтис масалаларни ҳал этиш, тинчликни сақлаш, мустақилликни мустаҳкамлаш учун тинимсиз кураш бораётган ҳаловатсиз кунларда ёш мустақил давлатнинг ҳуқуқий асосларини яратишга киришилди. Ислом Каримовнинг бевосита раҳбарлиги ва иштирокида мамлакатнинг Асосий қонуни – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Тарихан қисқа вақтда, иқтисодимиз ҳали ўзини тиклаб ололмаган оғир бир шароитда кенг қамровли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарадиган саноқли давлатлардан бирига айланди. Аввалига Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли, сўнгра Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли, Қамчиқ довонида темирйўл туннели қурилди. Тушимизга кирмаган, эшитсанг, ишониш қийин бўлган тарихий ишлар эди бўлар. Ўзбекистон ҳаво йўллари, Темир йўллари тизими қайта ташкил этилди. Дон ва нефть мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилди. Шаҳарлар ва қишлоқлар қиёфаси ҳам ўзгара бошлади. Қишлоқ хўжалигини қайта ташкил қилишга киришилди – колхоз ва совхозлар ўрнига фермер хўжаликлари институти таъсис этилди.

Биринчи Президентимиз раҳбарлигида Ватанимиз мустақиллиги, унинг чегаралари дахлсизлигини ишончли ҳимоя қила оладиган замонавий миллий армия шаклланди. Халқимизнинг маънавий қадриятлари – муқаддас динимиз, бебаҳо тарихий меросимиз, урф-одатларимизни тиклаш ва ривожлантириш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ислом Каримовнинг буюк орзуси – ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни тарбиялаш ва тайёрлаш эди. Бу мақсад йўлида куч ва маблағ аялмади. Ўзбекистон ёшларининг халқаро майдонлардаги ютуқ ва ғалабаларини кўриш унинг учун энг қувончли ва бахтли онлар эди.

Ислом Каримов энг оғир йилларда республикага раҳбарлик қилди. Унинг бутун ҳаёти ва фаолияти курашлар, оловлар ичида ўтди. Баъзан тақдир унга сира кутилмаган мусибатларни рўпара қилди, темир ҳам дош бериши қийин синовларга солди. Қанчалик оғир, азобли, изтиробли бўлмасин, ҳар қандай вазиятда ҳам у ҳамма нарсадан, энг яқин кишиларидан ҳам Ватан манфаати, халқ манфаатини юқори қўйиб қарорлар қабул қилди. Ислом Каримов чин маънода буюк шахс эди. Бу ҳақиқатни ҳатто унинг рақиблари ҳам тан оларди.

Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз номини ҳар доим юксак ҳурмат-эҳтиром билан ёдга олмоқда, Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича кўрсатаётган ташаббусларини халқимиз мамнун бўлиб олқишламоқда, қўллаб-қувватламоқда. Мамлакатимиз тараққиётини янги, янада баланд босқичга кўтариш учун ғайрат-шижоатли кураш олиб борилмоқда. Давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, шаънини, қадрини улуғлаш бўйича беқиёс ишлар қилинмоқда. Биринчи Президентимиз руҳини шод этадиган ютуқларга эришилмоқда.

Йиллар ўтади, асрлар ўтади, авлодлар алмашади, лекин Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, ватан тарихи ва миллат тақдирини ўзгартирган буюк давлат арбоби сифатида халқимиз қалбида, хотирасида абадий яшайди.

 

Сафар Остонов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

← Рўйхатга қайтиш