Қашқадарёда МИБ ходими 30 кишилик тўйидан ортган пулга Меҳрибонлик уйи учун китоблар хайрия қилди

 

Қашқадарё вилоятида 30 кишилик тўйлар давом этмоқда. Тўй харажатларидан орттирилган пуллар эса хайрли ишларга сарфланмоқда.

Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган МИБ Қашқадарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Дилмуродованинг айтишича, МИБ ходими тўйдан орттирган пулига Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун китоб сотиб олган.

«Мустақил ҳаётга қадам қўйган МИБ Китоб туман бўлими инспектори Бобурмирзо ва турмуш ўртоғи Юлдузхон тўй харажатларидан орттирилган маблағини хайрли йўлда сарфлади. Улар оилавий хурсандчилигини тумандаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи болажонлари билан баҳам кўрди. Тўйдан тўёна сифатида тарбияланувчиларга 100 дан ортиқ бадиий китоб совға қилди», — дейди Гулноза Дилмуродова.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 2020 йил 1 июндан бошлаб «яшил» ҳудудларда бир қатор фаолият турлари қаторида оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилганди.

Бунда тантана ва маросимлар фақатгина фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказилиши белгиланганди.

 
← Рўйхатга қайтиш