Ўзбекистоннинг 6 та йирик компанияси ишончли бошқарувга берилди

 

Давлат активларини бошқариш агентлигининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг олтита йирик компанияси — «Янги Ангрен» ва «Ангрен» иссиқлик электр станциялари, «Ўзбеккўмир», Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Тошкент ҳайвонот боғи ва «Аммофос-Максам» бошқа компанияларга ишончли бошқарувга берилди. «Gazeta.uz» ишончли бошқарувни амалга оширувчи компаниялар ҳақида маълумот тақдим этди.

Иссиқлик электр станциялари ва кўмир компанияси

Ўзбекистоннинг энг йирик иссиқлик электр станцияларидан бўлган «Янги Ангрен ИЭС» ва «Ангрен ИЭС», шунингдек, «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти «Central Asia Energy» МЧЖнинг бошқарувига ўтди.

Central Asia Energy компанияси 2019 йилнинг июнь ойида Тошкентда рўйхатга олинган. Унинг раҳбари сифатида Нодир Қаҳҳорович Назаров кўрсатилган. У аввал Халқ банки раиси сифатида ишлаган. Шунингдек, Нодир Назаров «Янги Ангрен ИЭС» ва «Ангрен ИЭС» кузатув кенгашлари аъзоси ҳисобланади.

Central Asia Energy компаниясининг 100 фоизли таъсисчиси Қозоғистоннинг «Горние работи» кичик компанияси бўлиб, унда бешта штат ўрни мавжуд ва ер ишлари билан шуғулланади. 2018 йилнинг январь ойида рўйхатга олинган мазкур компанияга Эрдос Бакитжонович Муҳаммадиев раҳбарлик қилади.

«Янги Ангрен ИЭС» ва «Ангрен ИЭС»ни Қозоғистоннинг «Горние работи» компаниясига ишончли бошқарувга бериш ҳақида 2019 йилнинг июнь ойида «Иссиқлик электр станциялари» компанияси раиси Руслан Мубаракшин маълум қилган. У ИЭСлар уч йилга ишончли бошқарувга берилишини айтган. Унинг сўзларига кўра, табиий газдан фойдаланишни максимал даражада қисқартириш ва кўмирдан фойдаланишни ошириш режалаштирилган.

Руслан Мубаракшин Қозоғистондаги йирик кўмир компанияларининг таъсисчиларидан саналган «Горние работи» компанияси билан Ўзбекистонга кўмир етказиб бериш масаласи муҳокама қилинаётганини билдирган.

«Ўзбеккўмир» компаниясини дастлаб Россиянинг «Progress Gor Tex» компаниясига бериш режалаштирилганди, бироқ кейинроқ бу лойиҳа Президент қарори билан бекор қилинди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи

Президентнинг 2019 йил 10 апрелдаги қарорига мувофиқ Индонезиянинг PT Trans Asia Resources компанияси Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг «Ўзнефтмаҳсулот» компаниясига тегишли 100 фоиз улушини дастлабки 16 миллион долларлик дастлабки тўлов билан олиши керак эди. 2019 йил 25 апрелдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан давлат улушини сотиш шартлари белгиланган, жумладан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг айланма капиталига 120 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб қилиш кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, компания раҳбарлари, ўзбекистонлик Азим ва Омон Аслановлар заводни модернизация қилиш ва уни ривожлантириш бўйича ўз режаларини маълум қилган.

Бироқ Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини «Jizzakh Petroleum» МЧЖ қўшма корхонасининг ишончли бошқарувига беришга қарор қилинган.

«Jizzakh Petroleum» қўшма корхонаси 2017 йилнинг июнь ойида «Ўзбекнефтегаз» ва Gas Project Development Central Asia (Gasprom International компаниясининг филиали) томонидан ташкил қилинган. Лойиҳага кўра, иштирокчиларнинг устав фондидаги улуши қайта тақсимланган, «Ўзбекнефтегаз»нинг улуши 60 фоиздан 30 фоизга камайган, хорижий таъсисчиларнинг улуши эса 40 фоиздан 70 фоизга ошган.

Айни пайтда таъсисчилар таркибидан Belvor Holding Limited (68 фоиз), «Ўзбекнефтегаз» (30 фоиз) ва Gas Project Development Central Asia (2 фоиз) ўрин олган.

«Jizzakh Petroleum»нинг раҳбари Шокир Файзуллаев ҳисобланади. У аввал «Ўзбекнефтегаз» раиси ва иқтисодиёт вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Тошкент ҳайвонот боғи

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги қарори билан Тошкент ҳайвонот боғи Wildlife Care компаниясининг ишончли бошқарувига берилган.

Wildlife Care компанияси 2019 йилнинг 12 июлида рўйхатга олинган. Компаниянинг 99,97 фоиз улушига Falcon Hunting Solutions компанияси эгалик қилади, мазкур компания Ўзбекистондаги экотуризм элементи бўлган коллексион овчилик билан шуғулланади. Компаниянинг қолган 0,03 фоизи Абдулла Алихўжаевга тегишли (ўтган йилнинг декабрь ойида улушлар нисбати 95 фоизга 5 фоиз бўлган).

Falcon Hunting Solutions компаниясининг таъсисчиси Азиз Ёқубжонович Комилов ҳисобланади.

Инвестицион мажбуриятлар доирасида Wildlife Care ҳайвонот боғини ривожлантириш учун кейинги 5 йил давомида 5 миллион доллар инвестиция киритиши керак. Бу орқали ҳайвонлар таркибини кўпайтириш, янги волерлар қуриш ва мавжудларини қайта таъмирлаш, ҳайвонлар учун реабилитация маркази ва ҳайвонот боғи ходимлари учун ўқув маркази ташкил қилиш, замонавий аудио ва видеовизуал технологияларни жорий қилиш режалаштирилган.

Агар бошқарувчи компания келишув талабларини тўлиқ бажарса, у билан шартнома 30 йилгача узайтирилиши мумкин.

«Аммофос-Максам»

«Аммофос-Максам» акциядорлик жамияти Ўзбекистоннинг энг йирик компанияларидан бири ҳисобланади. Компания 1969 йилда ишга туширилган ва Қизилқум конининг фосфоритлари базасида мураккаб азот-фосфорли ўғитлар ишлаб чиқаради. Шунингдек, компания асосий аммофос ишлаб чиқарувчиси саналади.

Компания таъсисчилари «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти (51 фоиз) ва Испаниянинг Maxam Corp International S. L. компанияси (49 фоиз) ҳисобланади.

«Аммофос-Максам» Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ишончли бошқарувга берилмоқда. Олмалиқ КМК 2018 йилнинг август ойидан буён SFI Management Group хорижий компаниясининг ишончли бошқарувида турибди. Шунингдек, SFI Management Group «Ўзметкомбинат», «Ўзиккиламчиранглиметал» ва бошқа активларни ишончли бошқарувга олган.

Аввалроқ россиялик тадбиркор Алишер Усмонов SFI Management Group компанияси миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акасининг оиласига тегишли эканлигини айтган.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг хабар беришича, агентлик ташкил этилганидан буён 1187 та давлат активи сотилган. Жорий йилнинг бошидан буён 359 та давлат активи инвесторларга 391,2 миллиард сўмга, шу жумладан, 294 та актив 3,2 триллион сўм инвестиция киритиш ва 5100 та иш ўрни яратиш шарти билан сотилган.

Таъкидланишича, давлат активларини самарали бошқаришни ташкил этиш йўналишида олтита соҳани («Ўзбекнефтегаз», «Ўзбекэнерго», «Ўзсувқурилиш», «Ўзсувтаъминот», «Ўзмиллийбанк», Humo Air авиакомпанияси), шу жумладан, 95 та тармоқ компаниясини қайта ташкил этиш ишлари якунланган.

Айни пайтда тўққизта соҳада («Ўзпахтасаноат», «Ўздонмаҳсулот», Навоий КМК, «Ўзагросервис», геология-қидирув, йўл-қурилиш, нашриёт ва полиграфия компаниялари ва футбол клублари), шу жумладан, 1184 та тармоқ компаниясида қайта ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда.

 
← Рўйхатга қайтиш