Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча соҳалар қатори диний-маърифий ҳаётимизда ҳам катта ўзгаришлар юз бермоқда. Муқаддас динимизнинг тинчлик, дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини, ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларни шу руҳда
соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида кенг имкониятлар очилмоқда.

Айниқса, юртимиз мўмин-мусулмонлари халқимиз учун асрлар давомида эзгулик, меҳр-оқибат ва хайру саховат рамзи бўлиб келган муқаддас Рамазон ойини катта шоду хуррамлик ва шукроналик билан кутиб олиб, эзгу амалларни адо этмоқдалар.

Ушбу муборак ойнинг жамиятимиз ҳаётида тинчлик-барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг диний-маънавий қадриятларини асраш ва ривожлантириш борасидаги аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда уни ҳар томонлама муносиб ўтказиш мақсадида:

2021 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 13 апрель кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда миллий анъана ва қадриятларга мос ва муносиб ҳолда ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширсин.

Жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрлаш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган
ҳамда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, азалий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган тарғибот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 8 апрель

 
← Рўйхатга қайтиш