Амир Темур салтанатида дипломатик қабул маросимлар ёки Испания қироли Амир Темурнинг ўғли бўлганми?

 

Маълумки, Амир Темурнинг Испанияга юборган элчилигига жавобан Испания қироли элчиси Руи Гонзалес де Клавихо юртимизга – мамлакат пойтахти Самарқандга жўнатилган. Унинг дипломатик миссияси 1403-1406 йилларда бажарилган. Элчи мамлакат сарҳадига киришидан бошлаб токи Самарқандга етиб келгунига қадар иззат-икром билан кутиб олинган.

Ўша даврда ҳатто Византия ҳам Амир Темурга солиқ тўлаб турган ва шу сабабли элчи ва унинг ҳамрохлари Византиянинг пойтахти Константинопол ноиби томонидан шоҳона кутиб олиниб, кейинги манзилга кузатиб қўйилган.

Ҳар бир етган манзилларида элчиларга олиймақом хизмат қилган маҳаллий амалдорлар Соҳибқирон Амир Темур уларни кутаётгани, уларга меҳмонларни тезлик билан жўнатиш тайинланганини эслатиб туришган. Амир Темур салтанатида элчиларни кузатиб борувчи махсус ёрлиқ-ҳужжатларга эга мулозимлар бўлиб, улар ҳатто зарурият туғилганда, отлар чарчаган ҳолларда буюк амирнинг ўғли ёки набирасини ҳам отдан тушириб, элчиларнинг эҳтиёжи учун олган ҳолатлар ҳам учраб турган. Элчиларни камида 20 отлиқ қўриқчилар тантана билан бир манзилдан иккинчи манзилга кузатиб қўйганлар. Бу каби ҳурмат-эҳтиром бошқа мамлакат элчиларига ҳам кўрсатилган. Руи Гонзалес де Клавихо Миср элчиларини ҳам 20 та отлиқ қўриқчилар кузатиб бораётганлигини ўз кўзи билан кўрганлигини «Кундаликлари»да ёзиб қолдирган.

Ўша пайтда Самарқанд ва унинг атрофида жуда гўзал иншоотлар, бири-биридан кўркам боғ-роғлар, ижтимоий ва хусусий бинолар қад ростлаган бўлиб, элчи Самарқандни «ўрмон ичидаги шаҳар»га қиёслаганди. Тантаналар ана шу эртакнамо гўшаларда ўтказилган.

Клавихо Самарқанд атрофида «боғлар ва узумзорлар шунчалик кўпки, у ерга етиб келган киши гўёки ўртасида шаҳар жойлашган баланд дарахтлар ўсиб ётган бир ўрмонга яқинлашгандай бўлади, улар баъзи жойларда бир-икки лига (5-10 километр) масофагача ястанган», – дея ҳайрат билан ўз тассуротларини ёзиб қолдирган.

«Давлатобод боғи. Пахса девор билан ўралган, узунлиги бир лига (5572 метр). Унда турли мевали дарахтлар, жумладан, цитронлар ва лимонлар ўсарди. Олтита катта ҳовуз бор эди. Ўртада боғнинг бошидан охиригача шарқираб ариқ оқарди. Ҳовузлар орасидан кенг хиёбонлар қилинган, уларнинг икки томонида виқор билан қад кўтариб турган улкан дарахтлар соя солиб турарди. Мазкур хиёбонлардан бутун боғ бўйлаб катта-кичик йўлкалар мавжуд ва уларда юриб, боғда сайр қилса бўлади», деб қайд этади Клавихо.

Клавихонинг ёзишича, боғ ўртасида тупроқ тўкиб ҳосил қилинган ясси тепалик устида кўркам кўшк барпо этилган. Кўшк жойлашган тепалик айланасига сув тўлдирилган ҳандақ билан ўралган. Унга махсус ариқдан узлуксиз сув қуйилиб турган. Кўшк жойлашган тепаликка ўтиш учун ҳандақ устида иккита кўприк барпо этилган. Кўприклардан дарвозаларга борилиб, сўнг зиналар орқали тепаликка чиқилган. Бу билан мазкур кўшк мустаҳкам ҳимояга олинган.

«Боғда оҳулар ва кўплаб товуслар сайр қиларди, уларни бу ерга сеньор (Темурбек) буйруғига кўра келтирганлар. Боғдан майдони (ана шу) боғ ҳудудига тенг келадиган узумзорга ўтилади, у ҳам пахса девор билан ўралган. Девор бўйлаб экилган дарахтлар баланд, жуда кўркам», деб ёзади испан элчиси.

Руи Гонзалес де Клавихо Боғи Беҳишт «жуда катта боғ» экани, унинг «баланд ва ҳашаматли дарвозаси пишиқ ғиштдан қурилган»и, «турли нақшлар, лазур ва зарҳал билан зийнатланган»ини ёзади: «Унда кўплаб мевали ва салқин соя берадиган дарахтлар ўсади, ёғоч тўсиқлар билан ажратилган, одамлар сайр қиладиган хиёбонлар ва йўлкалар бор. Боғда жуда кўп чодирлар қурилган ва ранг-баранг гиламлар ҳамда каштали ипак матолардан соябонлар ўрнатилган».

Испан элчиси берган маълумотларга кўра, боғ ўртасида ҳашаматли, чиройли бино қад кўтарган, кўркам зийнатланган. Унинг саҳни ва деворларига кошин қопланган. «Бинонинг ўзида учта айвон бор. Энг каттаси кираверишда жойлашган арксимон қилиб қурилган, унда олтин суви юритилган катта кумуш стол бўлиб, унинг баландлиги одам бўйи, эни – уч тирсак (узунлигича) келади, унинг олдида – ўрин, (устига) кимхоб ва турли ипак матолардан тайёрланган зардўзи тўшамалар қават-қават қилиб солинган. Бу ерда сеньор (Темурбек) ўтирарди. Деворларга пушти рангдаги ипак пардалар илинган. Бу пардалар олтин қопланган зумрад, марварид ва бошқа (қимматбаҳо) тошлар ўрнатилган қадама безаклар билан зийнатланган. (Устидан) эни бир қарич чамасидаги ипак матолар тепадан пастга осилган, худди пардалар мисоли безатилган. Мазкур матолар учида ранг-баранг ипак попуклар осилиб туради. Шабада эсганда, улар ҳар томонга тебраниб турар ва жуда чиройли (манзара) ҳосил қиларди. Арксимон қилиб қурилган бу айвонга кираверишдаги найзасимон тиргаклар ҳам худди шундай зийнатланган эди; уларга ергача осилиб турган ипак арқонларга катта-катта попуклар осилган», деб ёзади Клавихо.

Унинг қайд этишича, бошқа айвонлар ўзгача зеб берилган пардалар билан безатилган. Бу уйнинг ўртасида, эшик олдида олтиндан ясалган тўрт оёқли иккита стол бўлган. Эътиборлиси, стол ва унинг оёқлари яхлит бир бутун қуйма ҳолда тайёрланган. Уларнинг устига етти олтин кўза қўйилган, иккитасига ташқи томонига йирик марварид, зумрад ва фируза (тошлар) ўйиб ўрнатилган, ҳар бирининг жўмракчаси ёни ёқутдан ишланган.

Соҳибқирон боғларидаги ўсимликлар тури ва навларини танлашда бир-биридан кейин очиладиган мавсумий гуллар, манзарали ва мевали дарахтларни аралаш экишга катта аҳамият қаратилган. Яъни бу сайилгоҳлар имкон қадар кўпроқ мавсум яшнаб, кўзларни қувнатиб турган. Шу боис, улар олис Европадан келган сайёҳларни лол қолдирган.

Амир Темур боғларида ёки бошқа меъморий иншоотларида ўша даврда илк марта ландшафт дизайни амалиётга кириб келган. Клавихо навбатма-навбат Амир Темур томонидан қурилган турли боғларда уюштирилган қабул маросимлари ҳақида мароқли ҳикоялар битиб қолдирган. Демак, Амир Темур даврида Самарқандда ўн саккизта сарой қурилган ва улар бизнинг давримизга қадар етиб келмаган.

Конигил ўланига қўйилган олтин дарахт ҳақида Клавихо қизиқарли маълумотларни келтириб ўтган. У чодир ичида кўрган катта бир олтин сандиқни қуйидагича тасвирлайди. Унинг ялпоқ қопқоғи яшил ва кўк миноэмалдан ишланган кичик қуббалар, нақадар ноёб жавоҳир ва инжулар билан зийнатланган. Бу сандиқнинг қопқоғи эшикка ўхшаш, ичида бир неча қатор қадаҳлар терилган, дурлар ва жуда қимматли тошлар билан безатилган, олти дона олтин ёмби ҳам бор эди. Бу сандиқнинг ёнида баландлиги бир метрча келадиган олтин хонтахта бор, унинг атрофи жавоҳир билан безатилган, устида эса икки метр узунликдаги забаржад бўлиб, у бутун хонтахтани эгаллаган эди. Унинг рўпарасида эман шаклида ясалган бир олтин дарахт, унинг йўғонлиги инсон оёғи йўғонлигида, атрофга ёйилган шохлари яшил билан қопланган. Бу дарахт мевалари ўрнида жуда кўп қизил ёқут, забаржад, феруза, сапфир ва ажойиб, йирик дурлар шохларга осилган, япроқлари турли рангдаги мино билан ишланган, бутоқларида олтин қушлар бор.

Амир Темурнинг чодирлардан иборат бўлган кўчма шаҳарини Ҳерман Вамбери шундай тавсифлаган: «Темур иқоматгоҳининг ҳақиқий зийнат ва ҳашаматини, шаҳарнинг шимолий шарқ тарафида бир милча чўзилган Зарафшон ва ҳисобсиз ариқлар билан суғориладиган чўлда ўтказилган тўн манзарасинн тасвирлаш учун киши ўз кўзи билан кўриши зарур. Бундай чодиргоҳ (хиргоҳ) ўн-ўн беш мингдан иборат бўлиб, уларда сарой аҳли, вазиру вузаролардан ташқари аҳолининг турли табақалари ҳам жойлаша олурлар. Бу ерда шаҳарлик барча ҳунармандларнинг бутун намояндалари ҳозир бўлиб, энг молдор дўконлар очилар, ҳунармандлар ўзларининг устахоналарини қуришар, ҳаттоки, ҳаммомларга ўхшатмалар ясалар эди. Аввало подшоҳ саройи учун чодир қурилган. Чодиргоҳ очиқ соябон шаклида ясалган; сарой чодирлари одатда марказда ўрнатилган. Кейин бошқа чодирлар тикланган. Ҳар бир оила қаторини, ҳар бир вазир, ҳар бир туманғози ўзининг расмий унвонига тегишли чодирнинг ўрнини ҳамда қаерда туришини билган, ҳеч қандай ноаниқликка йўл қўйилмаган. Гўзал Конигил чўли қисқа бир муддатда ўзининг чодирлари тепасидаги байроқчалари бепоён лолазорга ўхшаб, эл-улуси билан яшнаб турган ажойиб, катта гул боғчасига айланган эди».

Бу чодирлар сариқ рангда, олтин нақшлар ипак билан тикилган, ташқи томонига эса уқалар тутилган. Ҳаммасининг эшиги катта-катта, уларнинг барчасига от миниб кириш мумкин. Уларнинг ҳаммаси деразали. Чодирнинг ҳавосини янгилаш учун бу деразалар ташқарига очилганда, ипак тизимча билан тортиб қўйиларди, унинг ҳарир пардалари қуёш нурини тўсиб туради. Тўғри, энг аъло нарсалар, бу замондаги каби қутилардаги холлар ва эшиклардаги безаклар эди. Буларнинг аввалгилари ниҳоятда маҳорат билан ишланган кумуш ва олтин нақшлар билан зийнатланган, Темурнинг Бурсадан келтирилган бир дарвозасида ҳаворийлардан (апостоллардан) Пётр ва Полнинг расми бор эди. Кейингилари эса ноёб тошлар билан безатилган, оғир, олтин ва кумуш симлардан иборат эди.

Испан элчиси дастлаб Самарқандга кириб келганида Гулбоғда қўним топади. Кўп ўтмай олий марталаби меҳмонларнинг қабул маросимни ташкиллаштириш учун тайинланган махсус сарой мулозими уларга учрашиб, бироз кутиб туришларини, ҳозир Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон элчилари қабул қилинаётганини айтиб, испан ва Миср (Бобил) султони элчисини зериктирмаслик учун сайил уюштирилиб, базм-зиёфат беришни тайинлаганлигини маълум қилади.

Клавихо бу ерда ўша давр протокол удумига кўра, элчиларни орадан бир неча кун ўтиб қабул қилиниши, элчилик қанча муҳим бўлса, шунчалик кўпроқ вақт ўтиб қабул қилиниши ҳақида ўз «Кундалик»ларида келтириб ўтган. Элчиларни қабул қилиш маросими Боғи Дилкушода ўтказилган. Боғнинг тўртта дарвозаси марказида ҳашаматли сарой бўлган. Сарой уч қаватли бўлиб, ҳар қаватида фаввора отилиб турган. Сарой деворларига Соҳибқирон олиб борган урушлардан лавҳлар чизиб ишланган. Бу боғ ўрнида ҳозирги кунда Дилкушо қишлоғи жойлашган. Самарқанд атрофини ўраб, шаҳарга микроиқлим бериб турган Боғи Дилкушо ва бошқа боғлар турли меъморий-бадиий ечими билан Шарқ дунёсининг энг гўзал масканларидан бири сифатида таърифланган.

Томошаларга мўлжалланган махсус майдонлар, айвонлар, кўшклар, базмларга аталган қирқ устунли олий ва ҳашаматли қурилма ва бошқа кўплаб махсус жойлар ҳам бўлган. Испания қиролининг элчиси Руи Гонзалес де Клавихо Конигил ўланида чодирлардан қурилган кўчма шаҳарни ҳайратланиб тавсифлаганди. Улар Амир Темур даври бунёдкорлик фаолиятининг ноёб намуналари эди. Испан элчиси бу чодирлардан бирининг сирти олмахон мўйнаси, ичкариси оқ мўйна билан безатилгани, яна бошқасининг сувсар мўйнаси билан қоплангани ва ичкаридагилар ойнадан ташқарини кўра олишлари, ташқаридагилар эса ичкаридагиларни кўролмаслиги, махсус мослама билан қурилган эшиклар хоналар ичига ёқимли елвизак бериб туриши, улардан ташқарига чиқмай махсус матолардан қурилган йўлаклардан бошқа чодирларга ўтиши мумкинлигини алоҳида ҳайрат билан ҳикоя қилган.

Қабул маросимидан олдин икки мулозим келиб, элчилардан подшоҳ учун олиб келган совғаларини уларга топширишларини сўради. Совғаларни элчилар махсус хизматчиларга топширганларидан кейин, уларни тартибга келтириб (чиройли кўринишда), сўнг подшоҳга тақдим этувчи кишиларга ҳавола этишларини айтдилар. Одатга мувофиқ, элчилар совғаларни топшириб бўлгач, қоидага бўйсуниб, мулозимлар ортидан изма-из юрадилар. Клавихо қабул пайтида худди шундай қоида асосида Миср (Бобил) ва бошқа давлатларнинг элчилари ҳам совғани топшириб, уларга бириктирилган икки мулозим ортидан изма-из юриб кетаёганлигини кўрган.

Совғалар тартибга келтирилгандан кейин махсус кишилар элчиларнинг қўлларидан етаклаб бошлаб кетишган. Қабул маросими дабдабали ва олий мақомда ўтказилган. Элчилар олтин ва зангори кошинлар билан зеб берилган жуда катта ва баланд дарвозадан боққа киришган. Эшик олдида найзалар билан қуролланган посбонлар турган. Ичкарига кираверишда безатилган олтита фил бўлиб, уларнинг ҳар бири устида ўрнатилган махсус айвончаларда иккитадан байроқ тикилганди. Клавихо махсус мулозим ортидан кетаётганда ўз совғаларини тахлаб олиб кетаётган бояги мулозимларни кўргани, кейин элчилар шу кишилардан олдинга ўтказилгани, кутиб туришлари тайинлангани, бироз муддат ўтиб элчиларга юришга рухсат берганликларини айтиб ўтган. Икки мулозим элчиларнинг қўлларидан тутиб борган. Амир Темур томонидан Кастилия қиролига юборилган Муҳаммад Кеший ҳам элчилар билан бирга бораётганди. У испанча кийиниб олган бўлиб, ҳамюртлари жилмайган ҳолда унга қараб турардилар. Клавихо боғлардаги ранг-баранг ипак чодирлар, ундаги олтин-кумуш жиҳозлару боғларнинг ўта дид ва фаросат билан жиҳозлангани ҳақида мароқ ила ҳикоя қилади.

Қабул маросимларида Амир Темурнинг қариндошлари – синглисининг ўғли, ўғил ва набиралари, сарой маликалари, сарой хизматчилари, вазирлар, амирлар ва ҳурматга сазовор бўлган бошқа кишилар ҳам иштирок этган. Шу ерда испан элчилари Амир Темурнинг жияни ва набираларига ҳам таъзим бажо келтирадилар. Амир Темурнинг уч нафар набираси испан қиролининг мактубини Амир Темурга тақдим этади. Клавихо қабул маросимини тавсифлар экан, «Назаримда, подшоҳ худди орқадаги ҳашаматли уй эшиги бўсағасида ўтиргандек туюлди менга. У шоҳсупа устида ўтирарди. Унинг олдида фаввора юқорига отилиб турар, фаввора ҳовузида қизил олмалар сузиб юрарди. Подшоҳ лўлаболишга ёнбошлаган ҳолда шойи кўрпача устида ўтирарди», – дея ўша ҳолатни тасвирлаган. Ўз одатига кўра, испан элчиси ўнг тиззаси билан тиз чўкиб, қўлларини кўксига қўйиб, таъзим бажо келтирган, яқинлашиш жараёнида улар яна икки марта тиз чўкишган. Амир Темурнинг ишончли амирлари испан элчиларини Шоҳмалик Мирзо, Бурундуқ Мирзо, Шайх Нуриддин қўлларидан олиб, подшоҳга қарата сафга тиз чўктириб қўйган. Амир Темур ўзига яқин келган элчиларга диққат билан тикилар экан, «Қирол ўғлимнинг аҳволи қандай? Унинг ишлари жойидами, соғ-саломатми?», – деб сўраган. Элчилар Амир Темурга қиролнинг мактуби, гап-сўзлари ва тилакларини етказганларидан сўнг, Амир Темур Тўхтамишхоннинг ўғли ва сарой аъёнларига қараб «Мана, дунёнинг у бурчида яшовчи мавжуд, фаранги қироллар орасида энг пешқадами, менинг ўғлим Испания қироли юборган элчилар! Испан халқи ҳақиқатан буюк халқ. Мен ўғлим қиролни шарафлайман, Қирол сизларни ҳеч бир совғасиз, фақат мактуб билан юборганида ҳам мен ўғлимнинг аҳволи ва соғлигини билиб, совға олгандай хурсанд бўлар эдим», дея фахр-ифтихор билан сўзлаган. Бу илиқ гаплардан Амир Темурнинг Испан қиролига бўлган муносабатини, Амир Темур салтанати ва Кастилия қироллиги ўртасида илиқ дипломатик алоқалар ўрнатилганини англаш мумкин.

Шарофиддин Али Яздий, Ҳофиз Абру, Клавихо ва бошқаларнинг ёзишларича, «2 ой давом этган Конигил тантаналарида Миср, Афранж, Ҳинд, Дашти Қипчоқ, Жете, Олтой ва бошқа ўлкалардан элчилар ҳам ҳозир бўлганлар». Бу қабул маросимлари тўй-базмларга уланиб, ўзига хос ғалаба ва шодлик байрамини ҳам ифода этар эди. Манбаларда келтирилишича, ўзбек халқ мусиқаси қатори ҳарбий – расмий мусиқа турлари, мумтоз мақом санъати, минтақанинг бошқа туркий ҳамда арабзабон, форсийзабон халқларининг мусиқавий фольклори ривож топди. Энг муҳими, мусиқий анжомлар жасорат ва мардлик тимсолларига айланди. Амир Темур даврида Шашмақом, Дугоҳ, Сегоҳ, Чоргоҳ, Панжгоҳ, Ройи Ироқ, Бузрук мақом куйлари шаклланган.

Майдон томошалари орасида от билан бажариладиган пойга, улоқ чопиш (Кўпкари), отдан ағдариш, чавгон, қабоқ ўйин кабилар, ҳаққоний куч синови ҳисобланмиш кураш, қилич, найза, гурзи ва бошқа жанговар қурол ва аслаҳалар билан ўтадиган беллашувлар, шунингдек, қўчқор, хўроз уриштириш каби қадимий ўйин ва мусобақалар етакчилик қилган.

Томошабинлар ўта фаол бўлишган. Ҳар гуруҳ, жамоа ёки уруғ майдонда куч ёки бўлмаса моҳирлигини, маҳоратлилигини синаётган вакилини (ёки ўргатилган оти, хўроз ёхуд қўчқорини) қувватлаб, тарафини олиб, руҳлантириб турган. Бутун ўйин ёки томоша жараёнини у билан бирга кечирган, ютуғидан қувонган, мағлубиятидан ачинган. Иштирокчи ва томошабинлар жуда танти бўлишган, ғолибларни тан олиб, тетик руҳ, янги йиғинларга умид бағишлашган ва шу тариқа майдонни тарк этишган.

Клавихонинг айтишича, «1404 йилнинг 23 октябрида, пайшанба куни подшоҳ ўрдада [яна бир] катта тўй бериб, элчиларни ҳам [унга]таклиф қилди. Тўйга кўп меҳмонлар келишди. Кўп-ўйин кулги, хурсандчилик бўлди. Подшоҳнинг хотинлари, аввалги тўйлардаги сингари кийинишиб ҳозир бўлдилар, эркаклар билан бирга ўйин-кулги қилдилар…».

«Ҳамма жой-жойини эгаллагандан кейин чодирлар яқинига ўрнатилган тўсиқларнинг бири ичидан байрамда қатнашиш учун сеньорнинг (Темурнинг) улуғ хотини Каньо (Бибихоним) чиқиб келди. У олтин гулли қип-қизил либосда бўлиб, либос енгсиз, ёқаси чуқур ўйилмаган, фақат боши чиқиб туришига лойиқ ва қўлларини тиқиш учун мўлжалланган ўймаси бор, этак томонлари жуда кенг эди. Белига ҳам ҳеч қандай кесик-песик қилинмаган, эркин юрсин учун, этакни 15 тача аёл кўтариб келарди. Юзига шунча кўп упа сурилгандики, у қоғозданга ўхшарди. Билсам, бу қадар кўп упа уни қуёшдан сақлаш учун экан. Қишда ҳам, ёзда ҳам узоқ йўлга чиққан ҳамма оқсуяк хонимлар юзларини кундан шундай ҳимоя қилишаркан. Каньонинг юзи енгил оқ тўр билан тўсилган, бошида қизил матодан қилинган қалпоқ бўлиб, у турнирда савашадиган рицарларнинг дубулғасига ўхшар эди. Тўр сал-сал елкаларига тушиб турарди. Аммо бу дубулға жуда узун, унинг кўпдан-кўп йирик, йилтир-йилтир қилган думалоқ марваридлари, ёқут, феруза ва бошқа турли-туман, жуда чиройли ишлов берилган тошлари бор эди. Елкасига тушиб турган тўр ҳам олтин гулли эди, устидан жуда чиройли, кўп қимматбаҳо тошлар билан безалган олтин тож бор эди. Унинг энг тепасида учта ёқутдан, икки бармоқча келадиган ёрқин ва фавқулодда гўзал, кучли йилтирайдиган қурилма бор эди. Қурилманинг учини бир тирсак баландлигида катта жиға безаб турар, унинг айрим парқулари пастга, бошқалари юзига ва кўзларигача эгилиб турарди. Бу парқулар олтин тизимча билан боғланган, тизимчанинг охирги учи тошчали ва марваридли қуш қанотларидан қилинган оқ қилқаламга ўхшарди. Хоним одимлаб келаётганида, бу жиға ҳар тарафга ҳилпирарди. Қоп-қора сочлари елкаларига тушиб ёйилиб турарди. Бошидаги дубулғани бир неча оқсуяк хоним ушлаб олгудай ҳушёр бўлиб изидан келарди. Ҳаммаси бўлиб уч юздан ортиқ аслзода аёл Каньонинг ортидан келарди».

Клавихо Бибихоним ортидан Амир Темурнинг аёллари ва келинлари ҳам худди шу кўринишда жориялар қуршовида чиқиб келгани ва даврадан жой олгани ҳақида маълумотлар келтириб ўтган. Қабул тантаналари тўйларга уланиб кетган бўлиб, темурий маликалар ҳам бу тантаналарда фаол иштирок этганлар ва ҳатто элчилар шарафига зиёфат берганлар.

Расмий қабул маросимларида олий мартабали меҳмонларни таомлантириш, дастурхон тузашда ҳам маълум қоидаларга амал қилинган. Дастурхонларга дастлаб қайнатилган, тузланган, қовурилган қўй гўштлари мўл-кўл тузалган. Дастурхонда қовурилган от гўшти ҳам бўлган. Таомлар доира шаклидаги гардиши зарҳалланган чарм дастурхон устига қўйилган, ошпазлар дастурхон четидаги балдоқлардан ушлаб, Амир Темур ва элчилар ўтирган томонга кўтариб келганлар. Ўша тадбирда чарм дастурхонда гўшт шу қадар кўп эдики, дастурхон йиртилиб кетмаслиги учун подшоҳ олдига судраб олиб келишган. Гўшт келтирган хизматкорлар подшоҳдан йигирма қадамча нарида тўхтагандан сўнг, уларнинг ўрнида гўшт майдаловчилар ҳозир бўлган. Мазкур кишилар санитария-гигиена қоидаларига тўла амал қилган, олдиларига пешбанд тутишган, қўлларига чарм қўлқоп кийиб олишган, тиз чўкиб ўтириб гўштни майдалаганлар. Гўштлар олтин, кумуш, сопол лаганларга ва бошқа қимматбаҳо чинни идишларга бўлаклаб солинган. От гўшти ҳам олтин ва кумуш идишларга сузилган. Қўйнинг сон гўшти, от буйраги, қўй каллалари ҳам алоҳида идишларда солиниб, безатилиб, меҳмонларга тақдим этилган. Бошқа кўпдан-кўп идишларга ҳам мўл-кўл гўшт солинган. Шундан сўнг шўрва тўлдирилган тоғоралар келтирилган, улар гўшт устига қайла сифатида қуйилган. Ўша даврда ҳам бу овқатлар учун юпқа пиширилган лочира нони тўрт букланиб, гўштлар устига қўйиб чиқилган. Шундан кейин бу таомларни подшоҳ аъёнлари, мирзо ва аслзодалардан иборат икки-уч киши кўтариб, подшоҳ, элчи ва мулозимлар олдига қўйган. Чунки бунча кўп гўштни бир киши кўтара олмас эди. Амир Темур тантилик билан олдига қўйилган гўштни испан элчилари олдига қўйишни буюради. Клавихонинг айтишича, ҳали гўшт тамом бўлиб улгурмасдан, олиб чиқиб кетилиб, янгилари олиб келинарди. Ўша давр удумига асосан ҳар бир кишига тортилган таом уларнинг уйларига бериб юборилган. Клавихо ўзларига берилган гўшт жуда кўплигини айтиб, мабодо уйларига олиб кетмоқчи бўлишса, нақд ярим йилга етиши мумкинлигини айтиб ўтган. Пиширилган ва қовурилган таомлар олингандан кейин уларнинг ўрнига дастурхонга қўй гўшти, ҳасип ва бошқа таомлар тортилган. Дастурхонда мева-чева, қовун-тарвуз бўлган. Олтин ва кумуш кувачаларда бия сутидан ширинлик аралаштирилиб тайёрланган қимиз тортилган. Ўша даврда шарбатдорларнинг қўлида ҳам сочиққа ўхшаш оқ мато бўлиб, олтин, кумуш пиёлаларни улар қўл билан ушламасдан, ўша оқ мато орқали тақдим этишган. Клавихо элчиларга уюштирилган базмда бўлган майхўрлик, ҳатто аёллар майхўрлиги ҳақида ақл бовар қилмас ҳикоятларни келтириб ўтган. Ўша даврдаги исломий анъаналарга кўра, аёллар маст-аласт юрмаганларини инобатга олсак, бу маълумотлар унинг томонидан кўпиртирилган ёки ноширлар томонидан атайлаб қўшиб ёзилган бўлиши ҳам мумкин.

Испан элчиси аъёнлар ҳам идишларда ўз ҳукмдорига совға тайёрлашгани, танга сочди маросимлари ўтказилгани ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтган. Совғалар Шоҳмалик Мирзо, Шайх Нуриддин томонидан тайёрланган бўлиб, тўққизта кумуш идишга қанд, майиз, бодом, писта ва бошқа ширинликлар солинган, устига бир парча шойи мато ташланган.

Зиёфатдан кейин турли мамлакатлардан келган элчилар олиб келган совға-туҳфалар намойиш этилган. Клавихо подшоҳи олийларига уч юзта от ҳадя қилингани ва бошқа кўплаб совғалар топширилганининг шоҳиди бўлган. Элчиларнинг кўнглини олиш – ўша даврда бошқа давлат раҳбарининг кўнглига йўл топиш билан баробар бўлган экан. Қабул маросимида элчилар подшоҳга ўз даврининг энг қимматбаҳо, нодир ва камёб молларини, от-улов, хачир, туя, ажойиб қушлар, олтин, кумуш тангалар ва бошқаларни ҳадя қилганлар. Испан қироли юборган ҳадялар орасида ҳукмдорга кўпроқ қизил мовут маъқул бўлган. У бу матоларни Сароймулкхоним ва бошқа маликаларга бўлиб берган. Тўхтамишхон элчилари сувсар, ошланмаган оқ тулки, суғур мўйналари, ҳамда лочинлардан иборат бўлган совғаларни тақдим этишган. Тантанали маросимдан кейин элчиларга ҳукмдор томонидан тайинланган махсус мулозим ғамхўрлик қилган. Унга элчиларга зарур бўлган ҳамма нарсаларни муҳайё этиш вазифаси тайинланган. Бу мулозим бош дарвозабон бўлиб, элчиларни подшоҳнинг турар жойидан унча узоқ бўлмаган махсус бинога жойлаштирган. Бу ерлар жуда сўлим, сувга сероб боғ эди.

Қабул маросимларида ҳар бир кишининг кийимларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Аёллар Кичик Осиёнинг қимматли жавоҳирию, Исфаҳон, Мўлтон, Ганжа, Дамашқ, Бурса, Венеция заргарларининг нафис зеби-зийнатлари билан ўзларига оро берсалар, эркаклар ноёб тошлар билан безатилган қуроллар ва камарлар тақиб юрган. Конигилда қарийб 20 000 чодир ўрнатилган бўлиб, тўй маросимда сарой аҳли, вазир-вузаролардан ташқари, аҳолини турли табақа вакиллари қатнашган. Клавихо чодиргоҳда мансабдор шахсларнинг лавозими бўйича чодирларнинг жойлаштирилиш тартиби, жиҳози, ҳатто уларнинг безакларигача катта эътибор берилган эди, деб ёзган.

Қадимий анъаналарга кўра, юртимизга ташриф буюрган элчиларга зарбоф тўнлар, камар, вассал ҳокимлар ва подшоҳларга олтин тож ва бошқа қимматбаҳо совға-саломлар ҳадя этилган. Бу қабул ва тантаналар Руи Гонзалес де Клавихо томонидан мароқ билан ҳикоя қилинган.

Умуман олганда, Амир Темур дипломатиясининг бошқа жиҳатларини ҳам ўрганиш унинг даврида Турон давлатининг нечоғли тараққий этгани, бу соҳанинг юксак мақомга кўтарилгани ва Шарқда энг қудратли давлатга айланганининг далил исботи бўлиб хизмат қилади.

 

Шоҳиста ЎЛЖАЕВА,

Тошкент ирригация ва қишлоқ ҳужалигини механизациялаш муҳандислари институти кафедра мудири, тарих фанлари доктори.

“Ўзбекистон овози”

← Рўйхатга қайтиш