“Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларига 500 минг сўмдан пул тарқатилади

 

Ўзбекистонда “Темир дафтар”да қайд этилган оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун август ойида 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган ёшлар ва талабалар форумида билдирди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, тадбир чоғида Мирзиёев “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилишини қайд этган.

Президент ипотека дастури доирасида уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга қўшимча 2 мингта квота ажратилиши ва ушбу мақсадлар учун бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилишини ҳамда ёш оилаларнинг ипотека кредитини қайтаришга тўлаган маблағлари даромад солиғидан тўлиқ озод қилинишини таъкидлади.

“Дафтарлар”га кирган оилаларнинг янги турмуш қураётган фарзандларига ўз хонадонида қўшимча уй-жой тиклаши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилиши ҳам қўшимча қилинди.

← Рўйхатга қайтиш