Ўзбекистонда бундан буён давлат мулкларини “1 сўм” қийматда савдога чиқариш, ер участкаларини инвестиция мажбурияти билан сотиш амалиёти бекор қилинади ва улар бозор баҳосида электрон савдоларга чиқарилади.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 июль куни давлат активларини хусусийлаштириш соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Президент матбуот хизматига кўра, йиғилишда хусусийлаштириш жараёнини самарали ташкил этиш, аукционда қатнашиш тартибларини соддалаштириш ва иштирокчилар сонини кўпайтиришга қаратилган вазифалар муҳокама қилинган ва жорий йилда 900 дан ортиқ давлат мулки сотувга қўйилиши айтилган.
Видеоселектор чоғида Президент Шавкат Мирзиёев онлайн аукционда қатнашиш учун тўловлар бекор қилиниши ва тадбиркорларга электрон рўйхатдан ўтиш харажатлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қоплаб берилишини маълум қилди. Аукционда мулкни сотиб олганда, тўлов муддати ҳозирги 5 кундан 15 кунгача узайтирилади. Қайд этилишича, эндиликда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларнинг бино-иншоотлари, транспорт воситаларини сотиш ва ижарага беришни фақат электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади. Мутасаддиларга ушбу янги тартибларни назарда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилган. Ўзбекистонда давлат объектларини “ноль” харид қийматида сотишни бекор қилиш ҳамда инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқариш амалиёти мамлакат президентининг 2020 йил 27 октябрида имзоланган фармони асосида жорий этилган эди.