«Шаҳидлар хотираси» майдони ҳақидаги қайси гап ҳақиқат?..

 

Ишонувчанмиз. Биров бир нарса деса, тўғрими-нотўғрими сўраб-суриштирмаймиз. Ҳар хил миш-мишлар, гап-сўзлар муносабатларга совуқчилик туширади, одамлар ўртасида ғийбатларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Ижтимоий тармоқларда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудидаги дарахтлар кесилаётганлиги, ерлар сотилаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ташкил этилган пресс-тур ана шу масалаларга ойдинлик киритишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

— Ижтимоий тармоқлардаги асоссиз хабарлар бўйича изоҳ берганмиз, — деди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаев. — Шундай бўлсада, бугун сиз, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашишни лозим топдик. Мақсад — аҳолига холис ва ҳаққоний маълумот бериш. Сизларга янада тўлиқроқ маълумотни етказиш учун сўзни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасановга бермоқчиман.

— Журналистлар билан ишхонамизда кўришиб турганимиздан хурсандман. 1999 йилда Ватан равнақи, юрт озодлиги учун жон фидо қилган инсонларнинг ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ бўлган хотираларни тиклаш мақсадида “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси тузилди. Ўтган вақт давомида мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича кўп иш қилинди. Тарих — чўпчак ёки эртак эмас. Мозий сабоқларидан хулоса чиқариш бугунимиз ва эртамиз учун ниҳоятда муҳим. «Шаҳидлар хотираси» майдони 2000 йил 12 майда очилган. Ёши улуғлар билади. Бу ерни “алвасти кўприк”, дейишарди. Ҳатто кундуз куни ҳам бу ерда ёлғиз юришга қўрқардик. Давлат арбоблари, адабиёт ва санъат намоёндалари, оддий фуқаролар мавҳ этилиб, отиб ташланган. 6920 нафар киши бежаноза, бекафан кўмилган.

2008 йил 5 майда музейга иккита қўшимча бино қуриш бўйича қарор чиқди. Қурилиш ишлари тез ва шошилинч тарзда олиб борилган эди. Бугунги кунга келиб, музейнинг умумий аҳволи, кириб-чиқишда муаммолар пайдо бўлди. Ёғингарчилик туфайли чакки ўтиб, экспонатларга зарар етди. Тепадаги гумбаз ҳам нурай бошлади. Қишда музейга кириб-чиқиш муаммо бўлиб қолганди. Канализация тармоқларини ўрнатишда ёғингарчиликлар ҳажми ҳисобга олинмаган. Бир сўз билан айтганда, майдон давр талабига жавоб бермай қолганди. 2020 йил 8 октябрда ана шу масалалар ечимига қаратилган Президентимизнинг фармойиши чиқди. Бундан музей илмий ходимлари жуда хурсанд бўлди. Фармойиш асосида бугунги кунда музей, унинг атрофи қайта таъмирланаяпти. Айрим журналистлар, блогерлар “бу ердаги дарахтлар кесиляпти, ерлар сотиляпти”, деган асоссиз хабарларни тарқатишди. Ҳозир бориб кўрасизлар. Ер сотилганми? Дарахт кесилганми?..

Ҳар қандай қурилиш лойиҳадан бошланади. Сўз навбати мутахассисга берилди.

— Жамоамиз парклар, хиёбонлар лойиҳаси бўйича тажрибага эга, — деди Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ ДУК бош меъмори Гулшоира Магаметова. — 20 йил ичида майдон эскирди. Кексалар зинадан тушиб-чиқишга қийналар эди. Архитекторларимиз томонидан 6 та лойиҳа тақдим этилиб, энг муносиби танланди. Аҳолига максимал даражада қулайлик яратиш кўзда тутилган. Майдонни чиройли қилишга, дарахтларга катта эътибор берилган. Асоссиз гапларга бир гапни қўшимча қилсам. Мажмуага янги турдаги дарахт кўчатлари ўтқазилиб, чиройли гуллар экилади. Зиёратчилар учун скамейкалар ўрнатилади. Музей ходимлари учун ҳам барча шароит яратилади. Дастлабки лойиҳада амфитеатр маъмурий бино ташқарисида эди. Янгисида эса ичкарига кўчирилди. Натижада ер ҳам, маблағ ҳам тежаладиган бўлди. Амфитеатр, деб нотўғри талқин қилишяпти. У 200 кишилик мажлислар залидир. Бу ерда қатағон қурбонлари ҳақида асарлар қўйилади, учрашув ва суҳбатлар ўтказилади. Қисқаси, қайта таъмирлаш ишлари ниҳоясига етгач, майдон ўзгача чирой касб этади.

— Ҳозир қайта ҳисоб-китоб бўлади, маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган маблағ етиши мумкин, — дейди Фурқат Маҳмудхўжаев.

Маъмурий бино қурилиши учун Mimar Group компанияси танлаб олинган. Қатағон қурбонлари хотираси музейини реконструкция қилиш учун эса Ижод-Ижод хусусий корхонаси танланган.

Пресс-тур иштирокчилари мажмуадаги олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди — ҳудуд катта қурилиш майдонига айланган, масъулларнинг билдиришича, қурилиш-таъмирлаш ишлари давомида бирорта дарахт кесилмаган ва кесилмайди ҳам. Ер ҳам сотилмайди.

— Қўшимча қилиб яна шуни айтиш мумкинки, ҳозир бу ерда ҳеч қандай қўшимча кафе ёки шунга ўхшаш объектлар қуриш ниятимиз йўқ, — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасанов. — Аксинча, мажмуани янада кўркам ва чиройли қилиш учун барча чоралар кўриляпти. Реконструкциядан кейин бу жой одамлар келиб тоза ҳавода ҳордиқ чиқарадиган масканга айланади. Айримлар айтаётганидек, ҳеч қандай кўнгилочар маскан қурилмайди. Музей атрофидаги 42 дона устун ҳам қиш ва совуқда сифатини йўқотган. Улар ҳам чиройли ҳолатга келтирилади.

Фикримизча, мутасаддилар муҳим қурилиш, таъмирлаш ишлари, катта ўзгаришлар ҳақида жамоатчиликни олдиндан хабардор қилишни, элнинг муносабати билан ҳисоблашишни ҳам ўрганиши керакка ўхшайди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 30.06.2021, №25

 
← Рўйхатга қайтиш