Ногиронлиги бўлган болаларни васийликка олган оилаларга тўланадиган тўловлар 2 млн 450 минг сўмгача етказилади

 

Қарорга кўра, 2021 йил 1 декабргача уй-жойга муҳтож 757 нафар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уй-жой билан таъминланади.
 
2022 йил 1 сентябрдан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланади.
 
 
2021 йил 1 сентябрдан:
 
— етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади;
 
— техникум, коллеж, академик лицей ёки ОТМда ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 225 минг сўм) миқдорида субсидиялар ажратилади;
 
— ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг тегишли йўналишлар бўйича курсларда ўқиш харажатлари бир йилда БҲМнинг 20 бараваригача (4 млн 900 минг сўмгача) миқдорда компенсация қилинади;
 
— ўқишни давлат ОТМларида давом эттирганда уларга стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.
 
 
2021/2022 ўқув йилидан ОТМга абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (25 ёшга тўлмаган) учун қўшимча равишда 1 фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратилади.
 
2021 йил 1 сентябрдан ўқув-тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар навбатсиз берилади.
 
2021 йил 1 сентябрдан ногиронлиги бўлган болаларни васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларга тўланадиган тўловлар БҲМнинг 10 бараваригача (2 млн 450 минг сўмгача) етказилади.
 
Оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг хорижий давлатлардаги жарроҳлик операциялари билан боғлиқ харажатлар тўлиқ миқдорда компенсация қилинади.
 
 
 
← Рўйхатга қайтиш