Ўзбек-хитой вакцинасининг кейинги дозалари билан эмловнинг кечиктирилиши зарарсиз

 

ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси 2- ва 3-дозаларини олишнинг кечиктирилиши мазкур вакцина билан бошланган оммавий эмлаш жараёнига салбий таъсир қилмайди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди. Вазирлик қайдича, эмлашнинг қисқа муддатли кечиктирилиши 1- ёки 2-дозадан кейин вакцина туфайли организмда ҳосил бўладиган антитаналар миқдорига ёки бошқа кўрсаткичларга таъсир кўрсатмайди.

“Илмий-тадқиқотлар ҳамда кўп сонли аҳоли ўртасидаги оммавий эмлашнинг дастлабки натижаларига кўра, Хитой Халқ Республикаси дори воситаларини назорат қилиш агентлиги томонидан вакцинанинг 1-дозаси ва 2-дозаси ўртасидаги оралиқни 2 ойгача чўзишга, иккинчи ва учинчи дозалар оралиғини эса 3 ойгача чўзишга рухсат берилган ва Хитойда бу амалиёт жорий қилинган.

Ҳозирда Хитойда мазкур ZF-UZ-VAC2001 вакцина билан 0, 2, 6 ой схемасида 140 миллион киши эмланган ва жараён давом этмоқда”, дейилган ИРВ хабарномасида. Инновацион ривожланиш вазирлиги мазкур кўрсатма хати туфайли ижтимоий тармоқларда тарқалган “вакцинанинг аҳоли билмайдиган қандайдир ножоиз таъсири чиққани” тўғрисидаги тахминлар ёки “вакцина етишмас экан” деган миш-мишлар асоссиз эканини таъкидлаган. “Агар вакцинанинг ножўя таъсири аниқланганида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1-дозаси билан эмланишига рухсат берилмаган бўлар эди.

Қолаверса, жорий йилнинг 5-6 август кунлари 2 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси юртимизга олиб келинди ва шу ойнинг ичида яна 2 миллион доза олиб келинади. Ҳукумат томонидан Ўзбекистонда икки турдаги вакцинани, жумладан, ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда ва август ойининг охирига қадар бу ишлар йўлга қўйилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

← Рўйхатга қайтиш