УЙ ВАТАН, МУЛК ЖОН КАБИ АЗИЗ

«СНОС» билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ҳамма ҳудудда адолатли ҳал этиляптими?

Мамлакатимиз улкан қурилиш, ободонлаштириш майдонига айлангани ҳақида кўп илиқ фикрлар айтиш мумкин. Тор йўллар кенгайтирилаяпти, яшаш учун тузукроқ шароити йўқ эски ва тиқилинч уйлар ўрнида кўркам, инфратузилмали иморатлар барпо этиляпти. Мунтазам ишлайдиган сув тизими, машина бемалол кириб-чиқадиган йўли, ҳатто 10 метр канализацияси бўлмаган, лекин 40-50 йилдан бери шаҳар деб аталадиган ҳудудлар янги қиёфага киряпти. Бунинг учун қанчадан-қанча одамлар кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилаяпти. Кўнгил ёзиб яшашга шароит яратилаётган масканлардаги аҳоли мамнун, қўли дуода. Юртдаги қурилиш, ободонлаштириш ҳақида гап кетганда, бу ҳақда эсламаслик инсофдан бўлмайди.

Лекин айрим ҳудудлардаги ҳокимлару масъулларнинг уқувсизлиги, масъулиятсизлиги, айтиш мумкинки, маданиятсизлиги ноҳақлик ва норозиликларга сабаб бўляпти. Шунинг оқибатида баъзи туманларда одамлар «қурилиш, ободонлантириш» деб аталадиган ишлардан безиб қолаётгани, афсуски, ҳақиқат. Янгидан қурилиши режалаштирилаётган замонавий иморатлар одатда одамлар яшаб турган эскироқ уй-жойлар, тадбиркорлар дўконлари жойлашган ҳудудларга тўғри келяпти. Янги лойиҳага киришишдан олдин биринчи навбатда бузилиши кўзда тутилган уй-жойлар, яъни мол-мулк эгаларини рози қилиш зарур. Ободлик рози-ризочилик билан бўлгани яхши. Аммо бу борадаги ишлар борган сари чигаллашиб кетаётгани ўтган ҳафта Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида рўй берган воқеалар мисолида яна бир бор намоён бўлди.

Яккабоғ туманидаги «Эски Яккабоғ» маҳалласидаги бир қатор бино ва иншоотлар бузилиши керак бўлган. Аммо ҳокимлик бузилиш бўйича фуқаролар ва тадбиркорларга огоҳлантирувчи бирор ҳужжат бермаган. Шундай ҳолатда ҳудудда ўттизга яқин тадбиркорнинг бинолари ҳеч қандай компенсация тўланмасдан бузиб ташланган. Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, «Эски Яккабоғ» маҳалласи «Обод қишлоқ» дастури асосида ободонлаштирилиб, ҳудуддаги кўчадан 10 километр ичимлик сув тармоғининг бир қисми ўтади, автотураргоҳ ҳам қурилади.

20 июль куни Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг ўзи экскаваторга ўтириб, тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли бинони бузиш ҳаракатларини бошлаган. Бу пайтда икки қаватли бинода тадбиркор, унинг ишчилари ва мижозлар ҳам бўлган. Баҳриддин Исомов бузишни тўхтатмоқчи бўлган. Аммо ҳоким ўринбосари экскаватордан тушмаган. Воқеа гувоҳларидан бири kun.uz мухбирига маълум қилишича, дўкон эгаси 2 литрлик баклашкага солинган бензинни олиб чиқади-да, экскаваторда ўтирган ҳоким ўринбосарининг устига сепиб юборади. Кейин гугурт чақиб, отганда Туймаев олов ичида қолди. Одамлар уни экскаватордан тушириб, оловни бир зумда ўчирган. Ҳоким ўринбосари шифохонага, тадбиркор ИИБга олиб кетилган...

Маълумки, яна бир воқеа Хоразмда рўй берган. Маълумотларга кўра, Урганч шаҳри бош режасига асосан «Ашхобод» маҳалласи саноат ҳудуди ҳисобланади. 50-60 йил аввал оилалар бирин-кетин кўчиб келиб, уй-жой қуриб, ўрнашиб қолган. Шу йил 400га яқин хонадонда яшовчи аҳолининг уй-жойлари бузилиб, уларга Урганч тумани «Чондирқиёт» қишлоғидан ер ажратиб берилган ва тўлиқ кўчириб юборилган. Лекин бу ҳолатда ҳам уйи бузилганларга компенсация пули берилмаган. Натижада аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида можаро келиб чиққан. Кўчирилган аҳоли икки ой мобайнида жазирама иссиқ бўлишига қарамай вақтинчалик палатка ва чайлаларда жуда қийин шароитда яшаб келган. Компенсация пули икки қисмга бўлиб, тўлиқ тўланиши ваъда қилинган. 26 июль куни Миллий банк томонидан фуқароларга компенсация пули тарқатила бошланган. Аммо пул миқдори келишув шартномасида кўрсатилганидан жуда кам бўлган. Одамлар қаттиқ норози бўлиб, Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаевнинг келишини талаб қилган. Урганч – Хонқа йўлининг бир қисми тўсилган...

27 июль куни Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов «Чондирқиёт» қишлоғига келиб, аҳоли билан учрашган. 10 августга қадар компенсация пули тўлиқ миқдорда тўланишини ваъда қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Урганчдаги ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш ва ижобий ҳал этиш бўйича Бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ бергани айтилади. Бош вазир Хоразмга бориб, одамлар билан учрашган. Шу куни компенсация пуллари тарқатила бошланган, 207 та хонадон эгасига жами 21 миллиард сўм тақсимлаб берилган. Бунинг учун республика бюджетидан маблағ жалб этилгани айтилмоқда. Жами 394 та хонадон эгаси 70 миллиард сўмдан ортиқ компенсация пули олиши кўзда тутилган. Бош вазир раислигида ўтказилган йиғилишда Урганч шаҳар ҳокими ва шаҳар прокурорига йўл қўйган хатолари учун ҳайфсан берилган...

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев Яккабоғ туманига борган ва «Эски Яккабоғ» қўрғончасида бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашган, мурожаатларни тинглаган. Яккабоғ туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони, шунингдек, бошқа тадбиркорларнинг дўконлари ҳам бузилмайдиган бўлган. Шу вақтга қадар бузилганларига ер ажратилиб, компенсация пули тўланиши белгиланган. Вилоят ҳокими вазиятни назоратга олгани айтилган.

Қашқадарё вилояти ҳокими 28 июль куни ҳам Яккабоғ туманида бўлиб, «Эски Яккабоғ» қўрғончасида тадбиркорлар билан учрашган. Уй-жойи бузилган 7 нафар, ҳовли деворлари бузилган 27 нафар фуқарога жами 1 миллиард 700 миллион сўм компенсация пули тўланиши маълум қилинган. Шу куни ҳудудда катта ҳашар ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида рўй берган ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинган:

 «Ўрганиш хулосаларига кўра, туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев Хуррамович ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда».

Бундан буён бузиш масалалари бўйича янги тизим жорий этилиши ҳақида хабарлар тарқади. Унга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бузилиши режалаштирилган ҳудудни олдиндан Вазирлар Маҳкамаси билан келишади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида 2018 йил 1 сентябрдан қатъий тартиб жорий этилиши белгиланган. Унга мувофиқ, ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейингина ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга йўл қўйилиши зарур.

Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой, ишлаб чиқариш бинолари (бошқа иморат ва иншоотлар) бузилишига ўша кўчмас мулкнинг бозор қиймати, қолаверса, олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши шарт.

Жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши белгиланган.

Маҳаллий ҳокимликлар бу тартиб-қоидаларга риоя этмаётгани, одамларнинг мулки, хавфсизлиги ва шаънига дахл қилаётгани бўйича факт ва далиллар оз эмас. Бу борадаги муаммоли ҳолатлар ҳамма ҳудудда адолатли, тартиб-қоидаларга мувофиқ ҳал этиладими? Ҳозир асосий савол шу...

Адлия вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлисида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Адлия вазири Русланбек Давлетов қуйидагича фикр билдирган:

«Мулк дахлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланган давлатнинг ўзи йўқ бутун дунёда. Бу эса бизнинг қонунларимизда битилган энг олий нормалардан биридир ва барча муносабатлар тўлалигича тартибга солинган. Лекин амалда, ушбу тартиб ва қоидалар мутасаддиларнинг эсидан чиқиб кетди. Натижада уй-жой масаласида қонун устуворлигига жиддий путур етди. Бу нима деган гап? Одамларнинг уйини бузиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўламаслик, ахир бу ваҳшийлик-ку. Бу ҳеч қандай қонунчиликка тўғри келмайди, бу ҳеч бир одамийлик тамойилига ҳам тўғри келмайди...»

 

ОАВ хабарлари асосида

Тўлқин ТЎРАХОНОВ тайёрлади.

Теглар

qurultoy
← Рўйхатга қайтиш