Марказий банк бошқаруви йиғилишида йиллик асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу йиғилиш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Марказий банк бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов иштирок этди.
Тадбирда масъул раҳбарлар юқори иқтисодий ўсиш динамикаси фонида жорий йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш, нархлар ўсишини секинлаштирувчи ва жамғаришни қўллаб-қувватловчи пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилганини ва бу бир томондан инфляциянинг пасаювчи динамикаси ва прогнози фоиз ставкасини пасайтириш бўйича имкониятларни юзага келтираётганини, бошқа бир томондан эса ички ва ташқи иқтисодий шароитларда сақланиб қолаётган хатарлар ҳамда ноаниқликлар фоиз ставкани жорий даражасида қолдиришни тақозо этганини таъкидлади. Бундан ташқари, инфляция ва инфляцион кутилмалар 2021 йил якунлари бўйича 10 фоизни ташкил этаётганини ҳам қайд этди.
Маълумотларга кўра, ўтган йил давомида инфляцион муҳитни юзага келтирган асосий омиллар озиқ-овқат ва энергия-ёқилғи маҳсулотлари нархларининг сезиларли даражада ўсиши билан боғлиқ бўлиб, ушбу нархларнинг ўсиши, бир томондан глобал инфляцион тенденциялар билан, иккинчи томондан эса ички бозордаги рақобат ва таклиф билан боғлиқ экани билан изоҳланди.
Шунингдек, тижорат банклари томонидан ўтган йилда иқтисодиётга 2020 йилга нисбатан 31 фоизга кўп кредитлар, яъни 167 триллон сўм ажратилган. Ушбу кредитларнинг қайтувчанлик даражаси эса сезиларли даражада яхшиланиб, 71 фоизга етган. Натижада иқтисодиётга кредит қўйилмалари қолдиғи йиллик 18,4 фоизга ошиб, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми эса 42 фоизга ўсган. Бу аҳолининг истеъмол ва ипотекага бўлган талабини қўллаб-қувватлашда дастуруламал бўлиб хизмат қилган.
Анжуман сўнггида келгусида инфляция прогнозининг пасайиб бориши билан реал фоиз даромадлилигини сақлаган ҳолда номинал фоиз ставкаларини пасайтириш учун имкониятлар юзага келиши мумкинлигини ҳамда инфляция даражаси пасайиб борса Марказий банк асосий ставкасини ҳам унга мос равишда пасайтириб боришини маълум қилди.
Шунингдек, анжуманда журналистларни қизиқтирган бошқа кўплаб саволларига Марказий банк Бошқарув раиси жавоб берди.
– “Марказий банк тўғрисида”ги қонунга кўра, Марказий банкка нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар юклатилган. Аммо кузатяпмиз, бозорларда нарх-наво кескин ошяпти. Марказий банк нархлар барқарорлигини сақлаш борасида нима иш қилаяпти?
– Марказий банкнинг ушбу масала билан шуғулланувчи махсус вакиллари бор. Биз уларга ойлик тўлаймиз. Улар бутун республика бозорларидаги асосий ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нархларни ҳафталик ўрганиб боради.
Шуни айтиш жоизки, бизнинг бозордаги нархларга таъсир доирамиз чекланган. Бозорларда картошканинг нархи ошаётган бўлса, четдан картошка импорт қилишга кўмаклашиш, ёғнинг нархи ошаётган бўлса, қўшимча ёғ чиқариш масалалари бўйича Ҳукуматга ўзимизнинг таклифларимизни бериш орқали бозорлардаги нархлар барқарорлигини сақлашда ўз ҳиссамизни қўша оламиз.
– Солиқдаги ўзгаришлар, яъни юридик шахслар учун мол-мулк солиғи миқдорининг ошиши инфляцияга бевосита қанчалик таъсир қилиши мумкин?
– Иқтисодчи сифатида шу нарсани айтишим лозимки, солиқ юки ошиши ёки камайишининг бевосита инфляцияга таъсири йўқ, яъни унинг таъсири фақатгина маҳсулот ишлаб чиқарган бизнес субъектининг даромадига таъсир қилади. Чунки нарх-навони бозор белгилайди. Солиқ юки ошса, бевосита бу солиқлар орқали таннарх харажатлари ошиши мумкин. Ва, албатта, бу тадбиркорлар даромадларининг пасайишига таъсир қилади. Нарх-наво шаклланишининг инфляцияга бевосита таъсири йўқ.
– Солиқ юкининг ошиши инфляцион таргетлаш мақсадларига салбий таъсир қилиши мумкинми?
– Солиқ юкининг ошиши ижара тўловларига қисман ўз таъсирини ўтказади, – деди раис. – Шу билан бирга бевосита ишлаб чиқаришда даромадга таъсир қилади. Масалан, мана шу стаканнинг нархи 100 сўм, лекин эртага солиқ кўпайиб кетди, деб унинг нархини 110 сўм қилса, буни ҳеч ким олмайди. Фақат асосий нарса шуки, мен буни 100 сўмга сотиб, 30 сўм даромад олаётган бўлсам, энди менинг даромадим 10 сўмга камаяди. Янада аниқроқ тўхталадиган бўлсам, солиқ юкининг ошиши охир-оқибатда нархнинг ўсишига олиб келиши мумкин, қачонки маҳсулотни ишлаб чиқариш менга зарарли бўлиб қолса. Зарарли бўлгандан кейин буни ишлаб чиқармайман, ишлаб чиқармасам бозорда ушбу маҳсулотга бўлган таклиф бироз кўпайиши мумкин, бу эса келгусида нархнинг ошишига сабаб бўлади. Аммо, бу жуда узоқ жараён. Тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, бозор шароитида, рақобат тўлиқ ривожланган иқтисодиётда солиқ юкининг ўзгариши бевосита инфляцияга таъсир қилмайди.
– Марказий банк томонидан яқин орада 200 минг сўмлик банкнотани муомалага чиқариш ҳам режалаштирилганми?
– Келгусида 200 минг сўмлик банкнотани муомалага чиқариш ҳам режалаштирилган ва бу 2 йил ичида амалга оширилиши мумкин. Биз муомаладаги нақд пулни оптималлаштириш жараёнини амалга оширмоқдамиз. 2017 йилда илк бор 50 минг сўмлик банкнотани чиқарганимизда муомаладаги нақд пул миқдори аҳоли жон бошига 489 донани ташкил қиларди. Яъни, Ўзбекистондаги ҳар бир кишига қиймати турлича: 200, 500, 1000 сўм бўлган 489 дона пул бирлиги тўғри келган. Бугунги кунга қадар бу кўрсаткични икки баробардан кўпроққа қисқартирдик. Ҳозир эса аҳоли жон бошига тўғри келадиган пул бирлиги сони 200 донадан сал ошади.
Маълумот учун, ҳозирда фойдаланилаётган 1000 сўмлик банкноталар 2001 йилда, 5 минг сўмлик купюралар 2013 йил 1 июлдан, 10 минг сўмлик банкноталар 2017 йил 10 мартдан, 50 минг сўмлик пул билетлари 2017 йил 22 августдан, 100 минг сўмлик 2019 йил 25 февралдан, 2 минг ва 20 минг сўмлик 2021 йилнинг 14 июнь кунидан бошлаб муомалага киритилган эди.
– Ўзбекистонда пул алмашишига эҳтиёж борми?
– Пулни алмаштириш бу жуда осон иш эмас. Пулни алмаштириш учун иқтисодий таназзулга учрашимиз керак, аслида. Пул алмаштиришга Ўзбекистонда эҳтиёж йўқ, бунга ҳеч қандай асос ҳам йўқ. Лекин пулнинг номинал структурасини янгилаб, ўзгартириб бораверамиз.
– Пенсионерларнинг пластик картасидан пул ечиб олганда 1 фоиздан ушлаб қолинмоқда. Бу қанчалик тўғри?
– Бугунги кунда барча пластик карталарни банкоматлардан нақд пулга айлантирганда 1 фоиздан комиссия тўлови олинади. Чунки, республикамиздаги барча банкоматлар шунга мослаштирилган. Шу боисдан пенсионерларимизнинг хоҳишига қараб банк картасига пул ўтказилганда, уларга қанча пенсия олишига қараб, 1 фоиздан қўшимча пул тўлаб берилишини режалаштириб турибмиз. Шу орқали пенсионерларнинг ҳар қанақа ҳолатда ҳам пенсияси тўлиқ олинишига эришмоқчимиз. Бундан ташқари, банк ўзининг мижозидан ҳам комиссия тўлови олмаслиги масаласи бўйича ҳам ишлаяпмиз.
Шунингдек, анжуманда Мамаризо Нурмуратов олтин сотиш бўйича Ўзбекистон дунёда биринчи ўриндалиги ҳамда олтин сотиш тўғрисидаги қарорлар қандай қабул қилиниши тўғрисида ҳам маълумот берди.
– Жаҳон бозорида Ўзбекистон энг кўп олтин сотади, деган гапда жон бор, – дейди раис. – Республикамизда устувор равишда олтинни ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиш ваколати фақат Марказий банкка берилган. Шу боисдан биз республикада ишлаб чиқарилган олтинни тўлиқ сотиб оламиз. Биз муомалага қўшимча пул чиқарамиз, бунинг инфляцияга монетар таъсири бўлади. Шу сабабли биз олтин сотиб олишда қанча миллий валютада ликвидлик тақдим этсак, унга мос равишда валюта интервенцияларини амалга ошириб борамиз.
Бу борада асосий нарса шуки, олтинни жаҳон бозорида қачон сотиш, қандай сотишда таҳлилларимиз ва прогнозларимиздан келиб чиқилади ва бунда олтиннинг нархи сотиб олганимиздан юқори бўлганда сотишга ҳаракат қиламиз. Бу ўз-ўзидан маълум бир даромад манбаи ҳисобланади. 2020 йил ҳисоботларимизни кузатган бўлсангиз, Марказий банк томонидан қарийб 3 триллион сўмлик олтин билан боғлиқ даромадлар давлат бюджетига ўтказиб берилди. Қолаверса, ҳар йили биз қарийб 80-100 тонна олтин сотамиз.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 27.01.2022, №4