Фарзанд онаси томонидан хўрланган, камситилган, калтакланган, эзилган бўлса, бу бола онгига келгусида "Сени куч билан эзадиган ҳаммага бўйин эг", деган фикрни сингдириши билан хатарлидир...
Хадича Кубро Тонгар
Болани бақирмасдан, жаҳл қилмасдан, урмасдан тарбиялаш услубини бугунги педагогига кашф этган эмас. Бежизга ота-боболаримиз “бола 5 ёшгача пошшо”, дейишмаган. Меҳр кўриб катта бўлган болаларнинг ҳаётга қарашлари бошқача бўлади. Позитив, ўзига ишонган, қизиққон ва ҳоказо... Меҳрга тўймай ўсган аксарият болажонлар эса келажакда ўз фарзандларига ҳам ўзлари кўрган муносабатгни такрорлар эканлар. Руҳиятида шундай муаммоси бўлган айрим оналаримиз учун яхши бир, фойдали асарни тавсия этмоқчиман. Бу китобни ўқиганларнинг хулосасидан қувониб кетдим. “Бақирмайдиган оналар ҳам бўлар экан. Бунинг иложи бор экан!”
БЕТАРТИБ УЙДАН ЭМАС, НОТЎҒРИ ТАРБИЯДАН УЯЛИБ ҚОЛИШИНГИЗ МУМКИН
Китобхонларнинг бундай хулосага келишларига арзирли сабаб бор, албатта. Муаллиф Хадича Кубро Тонгар фарзандингизни ҳурмат қилишингизга мажбур қила оладиган шундай таъсирли маслаҳатларни бера олганки, болангизга бироз қўполлик ва бироз шафқатсизлик қилаётганингизни тушуниб қоласиз. Муаллифнинг айтишича, орадан йиллар ўтиб ҳеч ким уйимизнинг бетартиб бўлгани, ёйилиб ётгани ҳақида гапирмайди. Бироқ, биз бугун тарбия қилаётган, қалбларига меҳр уруғини қадаётган болажонларимиз умр бўйи хотирланадиган, хайрли ишларни амалга оширадилар!
АМАЛДА ҚАНДАЙМИЗ?
Аксарият оналар болалари хато иш қилганларида улар билан гаплашишга сабри етмайди ва боласига танбеҳ бериб, асаблари бузилган ҳолатларда эса бақириб вазиятга ечим топади. Бу жуда кўп оналарнинг биринчи реакциялари. Ҳамма ҳам болажони билан дўстона гаплашиш, маслаҳатлашиш, уларга хатоларини тушунтириш қанчалик муҳимлигини билмайди. Асаби кўтармайди. Фикрлашга мажбур қиладиган саволлар бериш, хатосини тушунтириш ўрнига, тўғридан-тўғри эътироз билдираверишимиз, бақираверишимиз болада гап эшитаман, деган тушунчани пайдо қилиб, оқибатда ота-онадан қаттиқ қўрқув, қўрқув эса ёлғонга уланиб кетаверишига сабаб бўлар экан.
Бусиз иложи йўқ, болам жуда шўх, қаттиққўл бўлмасам, тарбиялай олмайман, деган оналар бу китобни, албатта, ўқисинлар. Ўқимасимдан аввал сиздаги савол менда ҳам туғилганди. Муаллиф бақирмасдан тарбиялаш мумкинлигига ишонтира олганми? Ахир, болага умуман товуш кўтармасдан, танбеҳ бермасдан тарбиялаш мумкинми?
Хадича Кубро Тонгар:
– Бақирмайдиган она бўлиш дегани, умуман ғазабланмаслик, ҳар қандай ҳолатда ҳам ваҳима қилмаслик, фарзандларимизга тўсиқ-маълум бир чегара қўймаслик дегани эмас. Фақат жаҳлимиз чиққанида, яъни, “ақл”имизни йўқотганимизда буни инсонга хос йўллар билан ифодалай олишдир.
БОЛАЛАР “КАТТАЛАР” КАБИ ҲАРАКАТ ҚИЛИШЛАРИ ШАРТ
Муаллиф асар ёзиш давомида атрофни, оналарнинг ўз фарзандларига қиладиган муомала ва муносабатларини кузатган, ўрганган. Оналарнинг муаммо сифатида кўрадиган вазиятларига қараб шундай хулосага келди: кўпчилик болалик нима эканини билмайди. “Бола”, деганда қандай дунё ҳақида гапираётганимизни, уларнинг қандай қобилятга эга эканини, туйғуларини қандай ифодалашини ва қандай эҳтиёжи борлигини билишмайди. Бола борлиқнинг омонатчиси эканидан минг афсуски, жуда кўпчилик бехабар. Чунки, аксарият оналар “муаммо”, деб атайдиган йиғлаш, кўп ҳаракат қилиш, қайсарлик қилиш, айтганини қилдириш, нарсаларни ёйиб ташлаш, кавлаштириш, ака ёки укаси билан тортишиш, ухлашга қаршилик қилиш кабилар аслида болаликда содир бўладиган ҳаракатлардир... Бу ҳаракатларсиз бола бола эмас, ахир!
Хадича Тонгар ҳаммамиз бола бўлганимизни ва худди шундай болаликни ўзимиз ҳам бошдан ўтказганимизни эслатиб қўяди. Ҳозир фарзандимиз нима қилаётган бўлса, биз ҳам мана шу йўллардан юриб, шунга ўхшаш бурилишлардан бир замонлар қадам-бақадам ўтдик. Аммо нима ўтгани ўтди ва биз уларни унутдик. Муаллифнинг айтишича, бу ерда муаммо катта бўлиш жараёнимизда ўзимиз доим ич-ичимиздан норози бўлган ўша қошлари чимирлган оналар қиёфасига ўзимиз ҳам кириб олишимизда. Бу анъанани давом эттириш эса аслида жуда катта хатоимиздир. Демак, фарзандимизга қандай қилиб бақирмаслик мумкинлигига жавоб излаётган эканмиз, аввало, “бола бўлиш” нима эканига биргаликда аниқлик киритамиз.
Баъзан болаларга бирор ишни бажаришни ўн марта яхши гап билан айтамиз, аммо қилишмайди. Қачонки, ўн биринчи марта бақириб айтсак, ана шундагина болажонимиз айтганимизни қилишга киришганини кўрамиз. Шунинг учун ҳам “бақирмагунимча болалар айтганни қилмайди, демак бақиришим керак”, деб ўйлаймиз.
НЕГА БОЛАЛАР АЙТГАНИМИЗНИ ҚИЛИШМАЙДИ?
Болаларнинг бақирмасимиздан олдин айтганимизни қилмасликларига бош сабаб бекорчи таҳдидлардан фойдаланишимиз ва тушунарсиз йўллар билан топшириқ беришимиздир. Шундай қилиб, кўпчилигимиз фарзандларимиз салбий ҳаракатларини кўрсата бошлаган илк онда бекорчи таҳдидлар ва қоидаларни ишлатишни бошлаймиз. “Укангни уришни тўхтатмасанг, кўчада ўйнашингга рухсат бермайман”, деган бир она амалга ошириш мумкин бўлмаган таҳдидни ишлатади. Бола эса табиийки: “онам ҳам айтади, ҳам қайтади, айтган гаплари жиддий эмас”, деб ўйлайди. Чунки, у бу каби ҳаракатингизга биринчи марта эмас, бир неча бор гувоҳ бўлган. Шунинг учун ҳам у сизни, сизнинг характерингизни деярли яхши билади.
Асарни ўқир экансиз, ҳаётингиз давомида қанча кўп бекорчи таҳдидлар қилган бўлсангиз, шунча кўп сўзларингиз ўз таъсирини йўқотиб бўлганини тушунасиз.
ҚЎРҚИТИШ ВА БОШҚАРИШ ОРҚАЛИ ФАРЗАНДИНГИЗНИ “ЙЎҚОТАСИЗ”!
Бир куни тамадди қилиш учун ошхонага бордим. Шунда бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. Бир болакайга отаси буюртма бериш вақтида савол берди: “Сен нима ейсан, сенингча, қандай таом буюртирганимиз маъқул?” Болакайнинг негадир овози чиқмасди. Чунки, у шу вақтга қадар онаси нима буюрган бўлса шуни бажариб келган ва фақат онасининг кўрсатмаси билан яшаганлиги учун ҳалигача ўз овозини кашф қилолмаганди...
Тан олинг, ҳар бир инсоннинг ҳаётга боқадиган ўз деразаси бор. Деразадан кўринадиган манзара баъзан бир хил бўлса ҳам кимдир унга қараганда “гул боғи”ни кўрса, яна кимдир “тикан тўпламлари”ни, бошқа биров эса боғ ортида уюлиб ётган чиқиндиларни кўради. Хуллас, ҳаётга ҳар бир инсон ўз дунёсидан келиб чиқиб мурожаат қилади. Биз оналар фарзандларимиз билан, балки энг кўп мана шу майдонда келишмай қолармиз. Фарзандимиз ўз нуқтаи назарини, тушунчаларини, қарашларини бир чеккага қўйишини ва бизникини қабул қилишини, ўз ўрнида фақат биз билан ҳисоблашишини истаймиз. Сабаби, яшаётган ҳаётимизни ягона ҳақиқат, деб ўйлаймиз. Шунинг учун ҳам она-бола муносабатларида қуйидаги онларни бошдан кечирамиз:
Дастурхон бошида:
Она: Овқатни ўйин қилмасдан тезроқ е!
Бола: Қорним тўйди.
Она: Озгина еган нарсанг билан қорин тўймайди. Қачон тўйганингни ўзим айтаман. Сенга нима кераклигини ўзим биламан. Мен айтганим бўлади ва ҳоказо…
Биз мана шундай ўйлаймиз ва фарзандимизни ўзимиз истаганимизча бошқаришни истаймиз. Лекин доимий равишда бошқарилиб тарбияланган болада ўз фикри шаклланмайди ва у келажакда ҳам бировнинг йўл-йўриғисиз ўзича ҳеч нима қилолмайдиган бўлиб қолади, мустақил кишига айланмайди. Ёки онанинг муттасил танбеҳидан безиб, ташқаридан дўст қидира бошлайди.
ТАНБЕҲЛАРИНГИЗНИ БОЛА БЎЛИБ ҚАБУЛ ҚИЛИБ КЎРИНГ
- Болалигингизда онангиз сизга бақирармиди?
- Интизом фақат бола учунми?
- Жазо билан интизомга эришиб бўладими?
- Бақироқ она бўлишдан уялмайсизми?
Бундай нозик саволларга жавоб топиб кўрингчи, айниқса, болангизнинг олдида шу саволни сизга беришса қандай ҳолатга тушасиз? Муаллиф болани уришаётганингизда унга айтаётган эътирозларингиз, асабий ҳолатдаги гапларингизни унинг онги, унинг қараши, унинг кўзлари билан қабул қилиб кўринг. Хўш, қабул қила олармидингиз? Унинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг.
Бугун сизга тавсия этилган бу асар муаллифига ҳавас қилмай илож йўқ. Меҳрибон, ғамхўр, тажрибали она. Бу номга сиз ҳам муносибсиз аслида. Сиздаги сабр, болажонларингизга бўлган кучли меҳр таҳсинга лойиқ. Фақат уни тўғри тақсимлашга ўрганиш керак экан. Онаман, ўзим ҳам шунга ҳаракат қиляпман.
Нигора ҲАСАНОВА,
журналист.
“Ўзбекистон овози”, 16.02.2022, №7