Нега учдан кейин кеч?

 

Бугун Ибука таълимотидан аксарият ривожланган мамлакатларнинг таълим тизимида фойдаланилади. Нега?

Ибука болага таълимни 3 ёшгача бериш керак, деган фикрни илгари суриб, ҳақ эканини ҳам исботлай олди. Аслида илм олишнинг эрта-кечи йўқ. Лекин Ибуканинг фикрича, 3 ёшгача болаларнинг мияси оддий тилда айтганда, “губка” каби барча маълумот, билимларни ўзига тортиб олади. Улар айнан шу ёшгача бўлган даврда ҳатто 3 та тилни параллел равишда ўрганишлари, қандай таълим ёки тарбия берсангиз, уни сиз истаганингиздек қабул қилиб, билиб олишлари мумкин.

Ибуканинг бу таълимотига қарши чиққанлар ҳам бўлди. Айниқса, илм аҳли 3 дан кейин кеч бўлмаслигини ҳам таъкидлашди. Аммо шундай нарсалар борки, уларни 3 ёшгача ўргатишга улгурмасангиз, ҳақиқатан ҳам кеч бўлиши мумкин.

 

Эрта таълимнинг афзаллиги нимада?

“Учдан кейин кеч” асари. Ўз фарзандининг келажаги учун қайғурадиган барча ота-оналарга мўлжалланган. Асарнинг мазмунидан аввал у нима мақсадда ёзилгани ҳақидаги қизиқ маълумот билан танишинг.

Муаллифи Масару Ибука болажонларни жуда яхши кўрарди. У бутун умр эрта таълимнинг ривожи учун курашиб яшади. Яъни, болаларда қобилиятнинг шаклланиши учун 3 ёшгача берилган таълим жуда муҳим, демак, ана шу вақтда кичкинтойларга қулай шароит яратиб, самарали таълим бериш керак, деб ҳисоблаган.

“Сўзга ҳам, назарияга ҳам тушунмайдиган болаларга таълим беришдан маъно йўқ”, дейдиганлар эса бу тадқиқотни самарасиз, деб баҳолашган. Лекин эрта ёш таълимини амалда қўллаган ва фарзандларига гўдаклик вақтидан бошлаб таълим берган ота-оналар вақт ўтиши билан ўз фарзандларида ноёб қобилятларни кўра бошлашган.

Фарзандларининг дунёқараши, фикрлаши, эслаб қолиш қобилиятлари, ўқишга кучли интилишлари, билим олишга қизиқишларини кўриб, бу энг тўғри ва самарали усул эканини тушуниб етишган. 3 ёшгача бўлган муддатда берилган билим вақт ўтиши билан ўз мевасини бера бошлаган.

 

Эрта таълимнинг амалдаги назорати

Ибуканинг бу тадқиқоти порлоқ келажакдан дарак берарди. Тадқиқот Япония маданияти, санъати, таълим соҳаларининг ривожи учун жуда катта ҳисса қўшган. Аксарият ота-оналар фарзандларини 6 ёки 7 ёшга тўлишини кутиб ўтирмасдан, 3 ёшигача бўлган муддатда билим беришни бошлаганлар. Аммо Ибука “эрта таълимнинг амалда тўғри қўлланилишини доим ҳам назорат қилиб бўлмайди”, деб ҳисоблаган ва ота-оналарга қўлланма бўлиши учун китоб ёзишга қарор қилган. Ўз назариясини ана шу китобда батафсил изоҳлаб, тушунтириб берган.

 

Наҳот, битта китоб дунёни ўзгартирса?

“Учдан кейин кеч”ни дунёни ўзгартирган китоб ҳам дейишади. Асар дунёни ўзгартира олди. Ким уни ўқиса ва муаллифнинг маслаҳатларига амал қилса, фарзандларида ноёб қобилият ва салоҳият юзага чиқа бошлаганига гувоҳ бўла бошлайди.

Муаллиф “Боланинг ўрганиш ва ривожланиш салоҳияти энг юксак бўлган давр дастлабки 3 йилдир. Фурсатни бой берманг!”, дейди.

Кириш қисмида ёзилишича, ҳар бир болада бир даҳо яширин. Унинг ким бўлиб вояга етиши эса катталарнинг муносабати, тарбияси маҳсулидир.

Муаллифнинг мақсади сизни бунга ишонтиришгина эмас, балки бола тарбиясига оид оддий ва тушунарли усуллар билан таништириш. Бу борада кечикиб қолмаслигингиз керак. Яна бир бор эслатиб ўтамиз, бу китоб ўз фарзандининг келажаги учун қайғурадиган барча ота-оналарга мўлжалланган.

Ўқиб кўринг, учдан кейин кечмикан, ўзингиз амин бўласиз, хулоса қиласиз.

 

Нигора ҲАСАНОВА,

китобхон, журналист.

«Ўзбекистон овози», 23.02.2022, №8

 

 

← Рўйхатга қайтиш